Ўзбекистон | 16:54 / 20.03.2021
3149
3 дақиқада ўқилади

Фарғона вилоятидаги айрим давлат театрларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилоятидаги айрим давлат театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фарғона вилояти аҳолисининг маданий ҳаёти мазмундорлигини ошириш, уларга қулай шароит яратиш, театрлар фаолиятини замон талаблари асосида ташкил этиш, улар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, миллий қадрият ва анъаналарни кенг тарғиб этишга қаратилган маданий-маърифий тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсад қилинган.

Маданият вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг Фарғона вилояти, Фарғона шаҳар, “Ёшлар” МФЙ, Аҳмад Ал-Фарғоний кўчаси, 36-уй манзилида жойлашган Фарғона вилояти қурилиш бош бошқармаси тасарруфидаги икки қаватли бино ва иншоотларни Фарғона вилояти мусиқали драма театрига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Қурилиш вазирлиги ва Маданият вазирлиги билан биргаликда назарда тутилган бино ва иншоотларни белгиланган тартибда тасарруфдан тасарруфга ўтказиш бўйича тегишли ишларни амалга оширади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда Фарғона вилояти қурилиш бош бошқармасига Фарғона шаҳридан бино ажратиш чораларини кўради.

Белгилаб қўйилишича:

Фарғона вилояти, Фарғона шаҳар, “Ёшлар” МФЙ, Аҳмад Ал-Фарғоний кўчаси, 36-уй манзилида жойлашган Фарғона вилояти мусиқали драма театри биносини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ҳамда Фарғона вилояти қўғирчоқ театри учун қўшимча бино қуриш ишлари бўйича Фарғона вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачи ташкилот ҳисобланади;

Фарғона вилояти мусиқали драма театри биносини реконструкция қилиш ва Фарғона вилояти қўғирчоқ театри учун қўшимча бино қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлаш, таъмирлаш ва қуриш ишлари белгиланган тартибда танлов савдолари натижалари орқали аниқланган пудратчи томонидан амалга оширилади.

Бунда, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда реконструкция қилиш ишларини бажариш жараёнида Фарғона вилояти мусиқали драма театри йўналишидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш ҳамда театрда музей, саҳна олдида оркестр учун махсус жой (оркестровая яма), саҳнасида айланувчи саҳна доираси, шунингдек, жисмоний имконияти чекланган шахслар учун пандус, махсус ҳожатхоналар ва томоша залидан жой ажратилиши назарда тутилади.

Фарғона вилояти мусиқали драма театри Фарғона вилояти, Фарғона шаҳар, “Ёшлар” МФЙ, Аҳмад Ал-Фарғоний кўчаси, 36-уй манзилида жойлашган Фарғона вилояти мусиқали драма театри биносида реконструкция ва жиҳозлаш ишлари якунлангунга қадар Фарғона шаҳар, Юксалиш кўчаси, 59-уй манзилида жойлашган бинода фаолият юритади.

Маданият вазирлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлигининг “Ислом Каримов номидаги Фарғона вилоят театр-концерт саройи” номини “Ислом Каримов номидаги Фарғона санъат саройи” номига ўзгартириш бўйича таклифлари маъқулланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид