Ўзбекистон | 21:09 / 20.03.2021
6451
4 дақиқада ўқилади

«Ўзига тўқ ОАВ кимнингдир қуролига айланиб қолмайди» — Алламжонов матбуотга солиқ имтиёзлари бериш кераклигини айтди

Босма ва электрон оммавий ахборот воситаларини барча солиқлардан муайян даврга озод қилиш ҳақида таклиф берилган, аммо ҳозирча бу борада ижобий янгилик йўқ, деб маълум қилди Масс-медиа фонди раҳбари.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Kun.uz'га берган интервьюсида ОАВни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш зарурлиги ҳақида сўз юритди.

«Босма оммавий ахборот воситалари ва электрон ОАВни, улар оёққа туриб олиши учун, маълум давргача барча солиқлардан озод қилиш ҳақида таклиф берилган.

Таклиф кўриб чиқиляпти, лекин бу жараёнда ҳали хурсанд бўладиган ҳолат йўқ. Аслида эса ҳозир матбуот учун солиқ имтиёзлари жуда муҳим. Матбуотчиларни бошқалардан кўра кўпроқ халқпарвар деб ҳисоблайман. Улар ўз жони, ҳаётини, тинчлигини хатарга қўйиб, бу соҳани танлаган одамлар – юрт тараққиёти учун курашаётган одамлардир.

Бундай одамларнинг жамиятда кўп бўлиши фақат ривожланишга олиб келади. Ислоҳотлар амалга ошишига, муаммолар кўтарилиб, хатолар такрорланмаслигига сабаб бўлади.

Мана, матбуот ривожланяпти, ёмон бўлмаяпти-ку. Давлат органлари иш тартибини ўзгартиряпти, ҳукумат қабул қилаётган ҳужжатлари матбуотда кўтарилса, қандай оқибатга олиб келишини ўйлаяпти. Ҳатто президент ҳам матбуот олдида ҳисобот беряпти.

Матбуот давлат ва жамият ўртасидаги кўприк экан, шу кўприк мустаҳкам бўлиши учун улар молиявий имконият жиҳатдан кучли бўлиши керак. Шунда бу матбуот юрт учун куйиб-пишади. Яъни матбуот пулни ўйлаши керак эмас, чунки пул бераман, матбуотни сотиб оладиган деган ташқи кучлар кўп. Ундан кўра биз уларни ўзига тўқ қилиб қўйсак, ўзимиз имконият бериб ривожлантириб қўйсак, улар чет элдан грантлар, маблағлар қидирмайди.

Чет эл гранти, чет эл маблағи нима? Идеологик қурол. Ўзига тўқ ОАВ кимнингдир қуролига айланиб қолмайди. ОАВлар бизнес сифатида ўзига тўқ бўлса, дунёқараши ҳам ўзгаради, ўз устида ишлайди, ходимлари савиясини оширади, керакли техникаларни олиб беради, хорижга ўқишга жўнатади.

IT ва бошқа қатор соҳаларга турли имтиёзлар бериляпти, нега матбуотга берилмаяпти, дейиладиган бўлса, мен аслида матбуот бошқа соҳалардан кўра муҳимроқ деб ҳисоблайман. Матбуотни молиявий қўллаб-қувватлаш жуда керак», – таъкидлади Комил Алламжонов.

Масс-медиа фонди раиси телеканалларга оид қонунчилик юзасидан ҳам таклиф киритилганини айтди.

«Телеканаллар учун рекламанинг максимал вақтини суткалик эфирнинг 10 фоизидан 20 фоизигача кўтариш ва болалар учун мўлжалланган контентда реклама беришга рухсат бериш масалалари кўриляпти.

Болалар учун мўлжалланган контентда реклама беришнинг қонун билан тақиқлангани бу соҳанинг ривожланмаслигига олиб келади. Бизда болалар учун эртаклар, мультфильмлар, уларга билим берувчи, тарбияловчи кўрсатувлар деярли йўқ. Фақат «Болажон» канали бор, у ҳам бўлса давлат томонидан молиялаштирилади. Қамрови, таъсири кенг хусусий телеканаллар ва бошқа ресурсларда эса болалар учун сифатли контент кам, чунки бу контентга реклама бериш қонунан мумкин эмас.

Шунинг учун ҳам биз таклиф бердик ва бу масала ҳозир Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда», – деди Алламжонов.

Тўлиқ интервью билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин.

Мавзуга оид