Ўзбекистон | 20:04 / 21.03.2021
6415
2 дақиқада ўқилади

Андижонда Наврўз байрами арафасида янги саноат объектлари иш бошлади

Андижон вилоятида умумхалқ байрамлари арафасида ижтимоий ва саноат обьектларини ишга тушириш анъанага айланган.

«Наврўз» байрами муносабати билан бир қатор янги ишлаб чиқариш корхоналарнинг очилиш маросими ўтказилди. Тадбирлардан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди.

Асака тумани Меҳнатобод қишлоғи ҳудудида 6 млрд сўм инвестиция киритиш асосида 500 нафар янги иш ўринлари яратилди. Янги иш ўринларига «Аёллар дафтари» ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган хотин-қизлар қабул қилинди. Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасининг амалга оширилиши ҳисобига йилига 6 млн. АҚШ доллари миқдорида маҳсулот ишлаб чиқарилади ва хорижий давлатларга экспорт қилинади.

Марҳамат туманида тошдан қоғоз ишлаб чиқариш корхонаси фаолият бошлади.

Ушбу корхонада 200 нафар янги иш ўринлари яратилиб, йилига 6 минг тонна қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу эса йилига 5-6 млн АҚШ доллар импорт маҳсулотлари ўрнини қисқартиришга сабаб бўлади.

Ушбу корхонанинг афзалликларидан бири – қоғоз ишлаб чиқаришда хомашё сифатида оҳактошдан фойдаланилади.

Хўжаобод туманида пахта тўқимачилик кластер корхонаси томонидан вилоятдаги Булоқбоши ҳамда Хўжаобод туманларида пахта хомашёси етиштириш учун бириктириб берилган. Ушбу корхона томонидан пахта толасидан тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган тизим яратилган.

Корхона кластерлар учун белгиланган яна бир йўналиш - ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини йўлга қўйди, 11,5 млрд сўм инвестиция киритиш ҳисобига қўшимча 70 нафар янги иш ўринлари яратилди.

Ушбу корхонада йилига 18 минг тонна чигитни қайта ишлаб 3000 тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилади.

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид