Light | 00:50 / 22.03.2021
113189
2 дақиқада ўқилади

Мутахассис уйқу учун энг фойдали ҳолатни маълум қилди 

Фото: iStock

Россиялик шифокор-невролог Евгений Соковнинг фикрича, уйқу учун энг фойдали ҳолат бу ўнг ёнбош билан ётиш  ҳисобланади. Шунингдек, уйқу вақтида гавданинг нотўғри ҳолатлари умумий аҳвол ёмонлашишига олиб келади.  

Унинг таъкидлашича, уйқу учун энг идеал ҳолат ёнбош билан ётиш ҳисобланади. Шифокор бунда ўнг ёнбош билан ётиб, қўл-оёқларни бироз букишни тавсия қилган. 

“Сиз чап ёнбош билан ётганингизда юрагингиз умуртқа ва кўкрак қафаси оралиғи ҳамда ўпканинг босишидан зўриқиш ҳис қилади”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис.

Бундан ташқари, қорин билан ётишдан ҳам қочиш керак, чунки бу ҳолатда одам бошини ён томонга букиб ётади. Бу эса мияни қон билан таъминловчи бўйиндаги артерия ва вена томирларининг буралишига олиб келади.  

Чалқанча ётишга келсак, неврологнинг айтишича, бу яхши ҳолат, бироқ энг яхшиси эмас.

“Одам қўл-оёқлари тўғри, чўзилган ҳолда ётганда, бу физиологик жиҳатдан номақбул ҳисобланади. Бундай ҳолатдаги уйқуда тил бўшашиб, томоқнинг орқа деворига силжиши ва нафас олишни жиддий қийинлаштириши мумкин”, деб тушунтирган мутахассис.

У, шунингдек, жуда юмшоқ, юпқа ёки баланд ёстиқда ёхуд усиз ухлаш уйқу учун номақбул эканини қўшимча қилган.  

“Ёстиқнинг қаттиқлиги ва баландлиги шундай бўлиши керакки, умуртқанинг бўйин, бел, кўкрак қисми ва бошга бир текисликда бўлиш имконини бериши лозим”, деб тавсия қилган Соков.

Шифокор ўз сўзлари якунида уйқу давомийлиги иш куни ёки дам олиш куни бўлишидан қатъи назар, 7 соатдан кам бўлмаслиги кераклигини уқтириб ўтган. “Уйқу учун энг мақбул вақт эса кечки соат 10дан тонгги соат 6гача”, деб қўшимча қилган мутахассис. 

Мавзуга оид