Жамият | 09:28 / 22.03.2021
58418
3 дақиқада ўқилади

Худойберди Тўхтабоев вафот этди

Ўзбек болалар адабиётининг кўзга кўринган вакили Худойберди Тўхтабоев оламдан ўтди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев 89 ёшида вафот этди. 

Худойберди Тўхтабоев 1932 йилда Фарғона вилоятининг Катта Тағоб туманида (ҳозирги Ўзбекистон тумани) туғилган. 

У 1949 йил Қўқон педагогика институтини, 1955 йил Тошкент Давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини) тамомлайди.

Худойберди Тўхтабоев фаолиятини Фарғона вилоятидаги мактабда дарс беришдан бошлаган, кейинроқ ўқув ишлари мудири ва мактаб директори лавозимларида ишлаган. 1958 йилдан бошлаб кейинги 14 йил мобайнида «Тошкент оқшоми», «Совет Ўзбекистони», «Тошкент ҳақиқати», «Қизил Ўзбекистон» газеталарида, «Гулистон», «Гулхан», «Шарқ юлдузи», «Ёш куч» журналларида 300дан ортиқ фельетонларини чоп этади.

Адиб ижодининг дастлабки давриданоқ ҳажвга, кулгига мойил ҳикоя тўпламларини, қисса ва романларини яратди. Унинг биринчи ҳикоялар тўплами «Шошқалоқ» 1961 йилда эълон қилинган.

Худойберди Тўхтабоев Ҳамза номидаги Давлат мукофоти, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» (1982) унвони совриндори, Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1991) ҳисобланади.

  • Асарлари: «Сеҳрли қалпоқча» (Бу асарда воқеалар қаҳрамон тилидан баён этилган), «Сариқ девни миниб» (1968, жами 24 тилга таржима қилинган), «Сариқ девнинг ўлими» (1973), «Беш болали йигитча» (1976), «Қасоскорнинг олтин боши» (1981), «Йиллар ва йўллар» (1983), «Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида» (1986), «Мунгли кўзлар», «Сир очилди» (1964), «Омонбой ва Давронбой саргузашти», «Жаннати одамлар» (1996), «Шошқалоқ», «Сўқмоқлар» ва бошқалар.
  • Хорижий китобхонлар орасида Худойберди Тўхтабоев «Сеҳрли қалпоқча» эртак-қиссасининг рус тилига таржимаси (шунингдек, украин, француз ва бир қатор бошқа тиллар) билан танилган. «Сеҳрли қалпоқча» эртак-қиссаси — ёзувчининг рус тилига таржима қилинган биринчи китоби. Эртак-қисса 1970 йилги Бутуниттифоқ танловида энг яхши болалар китоби мукофотига лойиқ топилган. Худойберди Тўхтабоев Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвонлари билан тақдирланган.

Мавзуга оид