Жаҳон | 15:56 / 23.03.2021
2786
2 дақиқада ўқилади

Япония компанияси Ўзбекистонда шифокордан онлайн шаклда маслаҳат олиш учун рақамли платформа жорий этади

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси «Allm Inc» компанияси билан видеоконференцалоқа форматида музокаралар ўтказди. Унда мамлакатда телетиббиёт лойиҳасини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё».

«Allm Inc» компанияси Ўзбекистонда махсус ишлаб чиқилган мобил илова шаклидаги рақамли платформа жорий этиш бўйича пилот лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. Ушбу платформа орқали неврологлар, кардиологлар, юқумли касалликлар бўйича мутахассислар, онкологлар ва бошқа йўналишдаги шифокорлардан маслаҳат олиш мумкин бўлади. Билдирилишича, бундай дастурлар коронавирус билан касалланган беморларни даволашда самарали экани исботланган.

Айни пайтда мазкур платформадан дунёнинг 21 мамлакатида фойдаланилмоқда. АҚШ, Япония, Европа иттифоқи, Бразилияда фойдаланиш учун рухсат берилган, Хитой ва Таиландда тасдиқлаш босқичида. Дастур БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида Япония Ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланмоқда

Музокаралар давомида ушбу лойиҳани Ўзбекистонда амалга оширишнинг амалий жиҳатлари ва япон мутахассисларининг мамлакатга ташрифини ташкил этиш хусусида фикр алмашилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид