Жамият | 15:11 / 25.03.2021
21495
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги шифохонада маст аҳволдаги бемор шифокорга оғир тан жароҳати етказди

Тошкент шаҳрида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология бўлими шифокори қабулга олиб келинган маст аҳволдаги бемор томонидан калтакланиб, нейрореанимация бўлимига ётқизилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, 24 март куни кечки пайт соат 23:15ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология қабул бўлимига Олмазор туманида истиқомат қилувчи 37 ёшли фуқаро У.Н. онаси ҳамроҳлигида текширувга олиб келинади. 

Беморнинг онаси токсиколог хонасида ўз хизмат фаолиятини ўтаётган навбатчи шифокор Н.Ташпўлатовага ўғли бир неча кундан бери спиртли ичимлик ичаётганини билдирган. 

Навбатчи шифокор ўша вақтда бошқа беморни тиббий кўрикдан ўтказаётгани ва бундан сўнг уларни ҳам қабул қилиб, керакли ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган. 

Шунга қарамай, беморнинг онаси тиббиёт ходимларига нисбатан турли ҳақоратли ва туҳмат сўзлар билан эътироз билдиришни бошлаган. Бемор У.Н. эса тўсатдан шифокор Н.Тошпўлатовага оғир тан жароҳати етказган. 

«Шифокор Н.Тошпўлатовада бош мия шиши асорати кузатилиб, «Қўшма краниофациал жароҳат. Oғир даражадаги бош мия ёпиқ жароҳати. Бош мия оғир даражада лат ейиши. Субарахноидал қон қуюлиши. Бурун суяклари ва бурун тўсиғи синиб силжиши. Энса ва бурун соҳалари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши. Назогеморрея» ташхиси билан нейрореанимация бўлимига ётқизилди. Айни пайтда у кучли карахтлик даражасида бўлиб, оғир аҳволда даволанмоқда. Бемор атрофдагиларга секин реакция бериб, мулоқотга киришишга қийналмоқда», — дейди ушбу марказ директори Дониёр Алимов.

ССВ хабарида қўшимча қилинишича, хизмат вазифаси вақтида бемор томонидан калтакланган шифокор Тошпўлатова 2017 йилдан буён шифокор-токсиколог лавозимида ишлаб келмоқда, ўз хизмат вазифасини клиник протоколларга риоя қилиб, талаб даражасида бажариб келган.   

«Охирги пайтларда тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, шифокорларнинг соғлиғига оғир зиён етказиш, таҳқирлаш ҳолатлари учраётгани барчамизни ташвишга солмоқда. Пандемия авж нуқтага кирган энг оғир даврларда ҳам, ҳозир ҳам шифокорларнинг халқимиз саломатлиги йўлида фидойилик билан қилган меҳнатларига барча гувоҳ бўлиб турибди. Шифокор ҳеч қачон, ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмайди, аксинча, ҳузурига шифо истаб келган ҳар бир беморга бор куч-салоҳияти, билимини ишга солиб беғараз кўмак беради. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳуқуқ-тартибот органларидан жамиятимизда кўпчиликни ўйлантираётган бундай иллатларга қарши курашнинг таъсирчан ва самарали усулларини жорий этиб, шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилишларини талаб қилади», дейилади вазирлик хабарида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид