Ўзбекистон | 14:59 / 26.03.2021
20811
5 дақиқада ўқилади

«Бу ҳеч бир туркий давлат амалиётида йўқ» — Давлат тили департаменти ўзбек-лотин ёзувига ўзгартириш киритиш ҳақидаги лойиҳага муносабат билдирди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти «Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси юзасидан ўз расмий муносабатини эълон қилди.

Департамент муносабатида қонун лойиҳаси, аввало, ўзбек тилининг замонавий технологиялар билан интеграциялашуви учун қулайлик яратиш нуқтайи назаридан шаклий ўзгаришларни назарда тутиши қайд этиб ўтилган. Шунингдек, ўзгартиришга асос бўлаётган сабабларга бирма-бир тўхталиб ўтилган.

«Қонун лойиҳаси билан миллий алифбодаги айрим мураккаб ҳарфларнинг ифодасида ўзгариш таклиф этилмоқда.

Амалдаги Ў ёки Ғ ҳарфларини ёзиш учун компьютер клавиатурасида 6 та (аввал О ёки Г, кейин: альт 0145) тугма босилади.

Туркий тилли оилага мансуб ўзбек тилида битта товушни англатувчи sh ва ch ҳарфлари учун иккита ҳарф белгиланган. Бу ҳеч бир туркий давлатлар амалиётида йўқ. Халқимиз тарихда фойдаланган араб, лотин, кирилл ёзувлари ҳам «бир товушга – бир ҳарф» тамойилига асосланган.

Натижада, биринчидан, алифбодаги ушбу ҳарфлар сабабли каттароқ ҳажмдаги матнни ўқиш ва ёзиш қийинлигича қолмоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг оммалашишига салбий таъсир қилмоқда;

иккинчидан, лотин ёзувида ўқиган ёшлар орасида саводсизлик кучайиб, ёзма нутқда соддароқ белги («o‘» нинг ўрнига «6», «ch» нинг ўрнига «4», «sh» нинг ўрнига «w»)дан фойдаланиш авж олган;

учинчидан, миллий алифбодаги мураккабликлар туфайли кўпчилик битирувчи ёшлар меҳнат фаолиятини кирилл алифбосида давом эттиришга мажбур бўлмоқда;

тўртинчидан, алифбодаги мураккаб ҳарфлар туфайли ўзбек тилини «рақамлаштириш», интернет тилига айлантириш имкони бўлмаяпти ва ҳ.к», дейилади департамент муносабатида.

Шунингдек, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш вазифаси белгилангани, бу миллий алифбони қулайлаштириб, максимал даражада соддалаштириш эҳтиёжини яратгани таъкидлаб ўтилган.

Бундан ташқари, алифбода ўзгартирилаётган 4та ҳарф ёшларнинг саводхонлигига салбий таъсир қилмаслиги билан бир қаторда, замонавий гаджетлар клавиатурасида ўзбек тили имкониятлари тўла намоён бўлиши, тилнинг рақамлашуви тезлашиши каби бир қатор ижобий хусусиятлар санаб ўтилган.

«Алифбодаги 4та ҳарф ўзгариши ўқувчи ёшларнинг саводи даражасига салбий таъсир қилмайди. Чунки:

биринчидан, айни пайтда миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш ҳаракатлари бошланган. Жуда кўп дарслик ва қўлланмалар янгидан тайёрланади ва чоп этилади;

иккинчидан, дарсликлар фойдаланиш муддати тугаб, янгилари чоп этилгунча амалда бўлади (дарсликларнинг фойдаланиш муддати ўртача 3 йил. Демак, 2023 йилдан ўқувчилар тўлиқ янгиланган алифбода савод чиқаради. Бу мамлакатда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш муддатига мос келади).

Аксинча, алифбодаги шаклий ўзгаришлар ўқувчиларнинг саводига ижобий таъсир қилади. Чунки:

биринчидан, замонавий гаджетлар клавиатурасида ўзбек тилининг барча ҳарфлари бўлади;

иккинчидан, давлат тилининг рақамлашуви тезлашиб, интернет тармоғида таълим порталлари сони ортади;

учинчидан, транслитерация дастурлари туфайли кирилл алифбосидаги адабиётларни миллий алифбога тезкор ва хатосиз ўгириш ҳамда ўқиш имкони пайдо бўлади;

тўртинчидан, катта авлодга мансуб фуқароларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси имлосини ўзлаштириши тезлашади, бу халқимизнинг ягона ёзув атрофида жипслашувига олиб келади;

бешинчидан, она тилимиз табиатига мос, юртимиздаги ва хориждаги миллатдошларимизни ягона ёзув атрофида бирлаштирадиган алифбога эга бўламиз.

«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси 2021 йил 31 мартга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида туради.

Лойиҳа юзасидан тўпланган жамоатчилик таклифлари мамлакатдаги етук тилшунос олимлар иштирокида жорий йил апрел ойи бошида ўтказиладиган илмий анжуман кун тартибига қўйилади, асосли таклиф ва тавсиялар инобатга олинади ҳамда якуний тўхтамга келинади», дейилади муносабатда.

Мавзуга оид