Қирғизистон баҳсли ҳудудлар бўйича келишув ҳақида маълум қилди. Ўзбекистон томони бу ҳали «ишчи гуруҳ келишувлари» эканини айтмоқда
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Тошиев икки мамлакат делегацияларининг Тошкентдаги учрашувларида ўзаро чегарадаги барча баҳсли ҳудудлар масаласи ҳал қилингани ва қандай шартлар асосида келишувга эришилгани ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон ТИВ вакили якуний келишувлар энди эълон қилинишини айтмоқда.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиев Қирғизистон - Ўзбекистон чегарасидаги барча баҳсли ҳудудлардаги муаммолар ҳал қилингани ҳақида маълум қилди.
Қирғизистон ҳукумат делегациясининг раҳбари Қамчибек Тошиев 24-25 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукумат делегацияларининг учрашувлари натижаларини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, томонлар қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ижобий натижага эришган.
«Қирғизистон - Ўзбекистон чегарасидаги барча баҳсли ҳудудлар 100 фоиз ҳал қилинди. Энди бу борада муаммолар бўлмайди», - деди Қамчибек Тошиев.
Қирғизистон ва Ўзбекистон 2021 йил 1 апрелдан бошлаб Сўх туманига қатнаш учун одамлар ташишга мўлжалланган 20 ўринга қадар бўлган, транспорт воситалари ва микроавтобуслар ҳаракатланиши учун «Қайтмас» ва «Отукчу» назорат-ўтказиш пунктларини очишга келишиб олган.
Томонлар, шунингдек, «Қора-Сув», «Бегабад», «Интимоқ», «Кенсой», «Сейдикум» назорат-ўтказиш пунктларини тартибга солиш ва тиклаш бўйича келишувга эришган. Қамчибек Тошиевнинг сўзларига кўра, таъмирлаш ишлари Ўзбекистон томонидан амалга оширилади.
Тошиевга кўра, томонлар Кампиробод (қирғиз-ўзбек чегарасида жойлашган) сув омборидан умумий фойдаланиш юзасидан ҳам келишувга эришган. Хусусан:
- Кампиробод сув омборининг сув захираларини 900 горизонталдан юқори бўлмаган даражада тўлдиришни назарда тутадиган, биргаликда бошқариш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим тузиш;
- Ўзбекистон томонидан Қирғизистон фуқароларининг сувдан бепул ва тўсиқсиз фойдаланишини таъминлаш;
- Ўзбекистон сув омбори ҳавзаси атрофида муҳандислик иншоотларини ўрнатмаслик мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Шунингдек, демаркация пайтида Ўзбекистон Қирғизистонга товон сифатида Ўш вилоятининг Ўзган тумани ва Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани билан чегарадош бўлган Андижон вилояти чегарасидаги 304 ва 312-сонли чегара пунктлари орасидаги 1000 гектар ер майдонини беради.
Томонларнинг сув хўжалиги вазирликларига Кампиробод сув омборининг ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган.
Шаҳрихонсой каналининг (чап томони) ва Андижон сув омбори тўғонининг чегара пунктлари ҳудудида жойлашган № 312 ва 312/3 қисмларини, каналдан тўғоннинг ўртасигача бўлган қисмини белгилашга келишиб олинган. Бунда Ўзбекистонга 50 гектарга яқин ер қолиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон томони демаркация учун товон сифатида, қирғизларга Ўш вилоятининг Ўзган туманига туташ Андижон вилояти чегарасидаги 304 ва 312-сонли чегара пунктлари оралиғидаги 50 гектарга яқин ер майдонларини топширади.
Ўртатўқай (Косонсой) сув омбори қурилишига ажратилган ер учун товон сифатида Қирғизистон ҳудудида 105 гектар ерни 23 ва 24-чегара пунктлари оралиғида қолдириб, Кўк-Серек (Қорақўрғон) участкасини тавсифлашга келишиб олинган.
Бундан ташқари, икки мамлакат қуйидаги ҳудудларни ҳам хатловдан ўтказишга келишиб олган:
- Бойистон участкаси, 81 ва 82-рақамли чегара нуқталари орасидаги 212 га ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
- Савай участкаси, 312/4 ва 312/6-рақамли чегара нуқталари орасидаги 100 гектар ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
- Ункар-Тоо участкаси, 113 ва 114-рақамли чегара нуқталари орасидаги 35 гектар ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
- демаркация вақтида Белес участкаси қайта хатловдан ўтказилади, 25 ва 27-рақамли чегара нуқталари орасидаги 25 гектар ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
- қўшма дала тадқиқотларидан сўнг Гавасой участкаси хатловдан ўтказилади, бунда Кампиробод каналининг қурилмаган чап соҳили эвазига Қирғизистонга 8000 гектар ер қолдирилади.
Бундан ташқари, Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида ҳукуматлараро битим лойиҳаси тайёрланади.
«Ўртатўқай сув омбори биз томонда қолди. Биламизки, унинг 95 фоизидан ўзбеклар фойдаланади. Сув омборининг ҳудуди 800 гектарга яқинни ташкил этади. Тахминан 200 гектар майдон бизга компенсация сифатида олдинроқ берилган эди», деди Тошиев.
Ўртатўқай (Косонсой) сув омбори Жалолобод вилоятининг Ола-Буқа туманида, Ўзбекистон билан чегарадан 5 км узоқликда жойлашган.
Қолган гектар ҳисобига, Тошиевнинг сўзларига кўра, Қирғизистон қуйидаги ҳудудларни олган:
- Кўк-Серек участкаси - 105 гектар;
- Бойистон участкаси (Ала-Буқа тумани) - 212 гектар;
- Оқтош участкаси (Қорасув тумани) - 100 гектар;
- Унгар-Тоо - 35 гектар;
- Қора-Белес участкаси - 25 гектар.
Тошиевга кўра, икки кунлик музокаралардан сўнг, Жалолобод ва Наманган вилоятлари чегарасида жойлашган Гавасай участкасининг 8 минг гектари Қирғизистонга ўтган.
«Бу ерда 5-6 қирғиз қишлоқлари ва уларнинг яйловлари мавжуд. Ушбу ерда бир неча бор тўқнашувлар бўлган, ўқ отилган», - дея қўшимча қилган у.
Шунингдек, Қирғизистон Шаҳрихонсой каналининг бошидан тахминан 50 гектар майдонни берган ва Ўзган вилоятидан 50 гектар ерни олган.
Kun.uz мухбири Қирғизистон расмийлари эълон қилган ушбу маълумотлар юзасидан изоҳ олиш учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Вазирлик вакилининг маълум қилишича, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари томонидан эълон қилинган маълумотлар ишчи гуруҳ фаолияти давомида тузилган лойиҳалар бўлиб, якуний келишувлар икки давлат бош вазирлари томонидан тасдиқлангач эълон қилинади.
«Ҳозирча расмий ахборот йўқ. Ўзбекистонга Қирғизистоннинг бош вазири келган.
Бу ишчи гуруҳ келишувлари. Бу масала бош вазирлар даражасига олиб чиқилади. Охирги келишувлар бош вазирлар томонидан амалга оширилганидан кейин расмий маълумот берилади», деган у.
У бош вазирлар келишувидан кейин, 27 март куни расмий маълумот берилишини таъкидлади.
Мавзуга оид
13:40 / 24.11.2024
Қирғизистонда электрон сигареталар тақиқланади
13:51 / 23.11.2024
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024