Жамият | 09:53 / 28.03.2021
1731
5 дақиқада ўқилади

«Ватанга муҳаббат она тилга эътибордан бошланади» - ўзбек тилининг ўрни ва мавқейини мустаҳкамлаш ҳақида

Бугунги глобаллашув даври ҳар бир миллатдан она тилини асраб-авайлаш, унинг ўрни ва мавқейини оширишни тақозо этяпти. Зотан, ватанга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналарга ҳурмат руҳи, аввало, она тилига бўлган эътибор-у эъзоздан бошланади.

Хўш, бугунги кунда ўзбек тилининг ўрни ва мавқейини мустаҳкамлай оляпмизми? Унинг бой имконияти ва салоҳиятидан тўлиқ фойдаланяпмизми? Унинг чинакам жозибасини юзага чиқара оляпмизми?

Токи айрим давлат ташкилотларида ҳали-ҳамон рус тилида иш юритилар, қонунлар рус тилида ишлаб чиқилиб ўзбекчага таржима қилинар экан, ўзбек тили мавқейи ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Ҳатто, рус тилида иш юритиш ҳукмрон ташкилотларда бу тилни билмаган кадрлар ишга қабул қилинмайди.

Шунингдек, баъзи ташкилотларда ўзбек тилида жуда қўпол хатолар билан иш юритиш ҳолатлари кузатилади, иш ҳужжатларининг имловий ва услубий хатоларига эса қараб ҳам бўлмайди.

Бундан ташқари, кўча-куйда рус, инглиз ва бошқа тиллардаги ёрлиқлар, ҳаволалар, эълон ва шиорларга кўзимиз тушади. Хизмат кўрсатиш объектлари пештахталари ҳам аксарият ҳолатда русча ёки инглизча номланган бўлади. Уларни ўзбекчалаштиришга ким ёки нима халақит беради?

Ўзбекча википедия мақолалари ғариб аҳволда

Яна бир муҳим масала, бугунги кунда ўзбек тилининг ахборот ва коммуникация технологиялари, хусусан, интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, ўзбек тилининг компьютер дастурлари, онлайн дарсликлар, электрон луғатларини яратиш замон талаби.

Шуни тан олиб айтиш керакки, ўзбек тилидаги веб-ресурслар сони ва сифатини юқори, деб бўлмайди. Интернетда ўзбек тилида айрим керакли тушунчалар изланса тайинли маълумот чиқмайди. Лекин инглиз, рус ва бошқа тилларда излаб кўрсангиз, маълумотлар ипга терилган маржон мисоли чиқиб келаверади.

Инглиз, рус ва бошқа тилларда ҳар қандай нарсанинг википедияда тўлиқ маълумоти жойлаштирилган. Қолаверса, уларда маълумотлар тез-тез янгилаб турилади. Мисол учун, бир хорижлик футболчи ўз клубини тарк этиб, бошқа жамоага ўтди дейлик. Инглизча, русча википедияда ана шу маълумот дарҳол янгилаб қўйилади. Буни кўриб, улар қандай қилиб бундай тезкорликка эришаркан, деб ўйлаб қоласиз. Бизда-чи?

Футболчи ҳақидаги маълумот тугул ундан ҳам зарур янгилик ва воқеликларнинг википедия маълумотлари яратилмаган. Мавжудларининг ҳам маълумотлари ва ҳажми ниҳоятда ғариб аҳволда. Кўпи эскириб бўлган, узоқ муддат янгиланмаган ҳам.

Ўзбек тилида етарли маълумот топа олмаган ўзбек тилли фуқаролар албатта, бошқа тиллардаги веб-ресурсларга мурожаат қилишга мажбур бўлади.

Телевидениеда шева ёки «кўча тили»да гапириш «тренд»га айланди(ми?)

Бугунги кунда барча миллий телеканалларимизда ҳам тил маданияти ва меъёрларига риоя қилиняпти, деб бўлмайди. Таассуфки, айрим хусусий телеканаллар бошловчилари кўча тили, шевада гапириб кўрсатув олиб боришади. Аслида, телеканаллар бошловчилари адабий тилда гапириб, телетомошабинларга ўрнак, намуна бўлиши керак эмасми?

Телеканалларнинг бадиий раҳбарлари, муҳаррирлари бу масалага нега панжа ортидан қарашади? Шева ёки кўча тилида гапирилса, телеканаллар замонавий кўриниб, трендга чиқиб оладими?

Тўғри, бугун хусусий телеканаллар фаолиятига кенг ўрин берилмоқда, бу улар ўртасида соғлом рақобатни ҳам юзага келтиради. Аммо сўз бойлиги ҳаминқадар, соф адабий тилда гапира олмайдиган, эфирда қандай мулоқот қилишни билмайдиган, савиясиз бошловчилар томошабинда маънавий озуқа бера олмайди. Бу томошабинлар диди, маънавий савиясининг ўтмаслашишига, энг ёмони, тилимизнинг ғариб ҳолда кўрсатилишига олиб келмоқда.

Эстрада хонандалари томонидан она тилимиздаги сўзларни бузиб, бошқа хорижий тиллардаги сўзлар билан қориштириб куйланаётган қўшиқлар, енгил-елпи, мазмунан саёз «ижод намуналари» тингловчига ҳеч қандай эстетик завқ бермайди.

Хусусий телеканаллар бундай қўшиқларни эфирга узатиб, она тилимизнинг қадрсизланиши ҳисобидан пул топаётганини наҳот англашмаяпти? Виждони қандай қабул қиляпти? Бундай олди-қочди сўзлардан иборат, савиясиз қўшиқларни эфирга узатиш она тилимизга бефарқлик, уни топташ, ерга уриш эмасми?

Шаҳзод Ғаффоров

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид