Иқтисодиёт | 19:46 / 29.03.2021
16536
14 дақиқада ўқилади

Тўқимачилик тармоғини ип-калава соҳасидаги амалдорларнинг тизгинсизлиги билан ривожлантириб бўладими?

Вазирлар Маҳкамасининг 18 март кунги «Республика ҳудудида ип-калавани чуқур қайта ишлашни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги 148-сонли қарори имзоланди.

Бу ҳужжатда пахта ип-калавасига ташқи бозорларда талаб кескин ошиши юз бериб, бу ҳол маҳаллий истеъмолчиларда хомашё етишмовчилиги муаммосини келтириб чиқаргани таъкидлаб ўтилган. Бу вазиятни тўғрилаш чоралари сифатида қуйидагилар жорий этилмоқда:

  • 2021 йил 1 мартдан 2021 йил 1 августгача бўлган даврда пахта ип-калавасини экспорт қилиш квотасини «умумий ишлаб чиқариладиган пахта ип-калавасининг ўртача 50 фоизи миқдорида белгилаш». Квоталарнинг миқдори, уларнинг муайян корхоналар учун ойлар бўйича тақсимланиши расмийлар тарафидан белгиланади. Бунда меъёр ва тартиблар аниқ белгилаб берилмаган, яъни бу иш амалдорлар ихтиёрига қолдирилган;
  • Ушбу квотадан ортиқ экспорт қилинадиган пахта ип-калавасининг (бўялган калава бундан мустасно) ҳар бир килограмми учун 0,32 АҚШ доллари миқдорида қўшимча йиғим ундириш. Ушбу йиғим пахта ип калавасининг ҳар бир килограмми учун 0,01 АҚШ доллари миқдоридаги мавжуд экспорт божига қўшимча равишда жорий этилмоқда.

Яъни, агарда очиқча айтиладиган бўлса, квотадан ошиқча маҳсулот учун бож кўп ҳам эмас, кам ҳам эмас, 33 бараварга (!) ошмоқда.

Юқоридаги ҳолат муваффақиятли ривожланган мамлакатлардаги амалдорларники билан солиштириб бўлмайдиган ваколатларга эга бўлган бизнинг амалдорларимиз иқтисодий сиёсат соҳасидаги қарорларни қандай қабул қилишига яхши мисол бўла олади. Устига устак, улар аксар ҳолларда қабул қилган қарорларининг самарадорлигини шубҳа остига қўйишга ҳар қандай уринишдан қаттиқ хафа бўлишади.

Олдиндан бир нарсани айтиб ўтиб кетишни истар эдим: хомашёни мамлакат ичида қайта ишлаш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва кенгайтириш зарурлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ушбу вазифани бажармасдан туриб, ривожланган иқтисодиёт сари юриш мумкин эмас. Лекин гап мақсадларда эмас, балки услубларда. Аниқроқ айтсак, амалдорлар ушбу мақсадларга қандай эришишга уринаётганида.

Техник-тартибот масалаларидан бошлаймиз

Биринчи кўзга ташланадиган ҳолат — мазкур ҳужжат лойиҳаси ҳеч қаерда эълон қилинмагани ва очиқ муҳокама қилинмаганидир. Боз устига, ҳужжатга 18 мартда имзо қўйилган бўлса-да, ҳозиргача у эълон қилинмаган ва афтидан, уни ҳеч ким эълон қилиш ниятида ҳам эмас. Нега? Ният яхши-ку: маҳаллий хомашёни қайта ишлашни ривожлантириш. Нега унда бу иш ими-жимида, ўтиб кетган даврнинг «энг яхши анъаналарига мувофиқ» амалга оширилмоқда? Бу саволга жавоб олишни жуда истар эдик.

Иккинчиси. Кўриниб турибдики, «қонун орқага қайтиш кучига эга эмас» принципи бузилмоқда: квоталар жорий этиш ва экспорт тўловларини ошириш тўғрисидаги қарор 18 мартда қабул қилинмоқда (ва ҳозиргача эълон қилингани йўқ), унинг кучга кириши эса 1 мартдан бошланмоқда. Буни қандай аташ мумкин? Энг юмшоқ қилиб айтганда – ҳуқуқий саводсизлик!

Учинчидан. Ахир ставкаларни ошириш ёки янги солиқларни (экспорт йиғимлари – булар ҳам солиқ ҳисобланади) жорий қилиш парламент томонидан тасдиқланиши керак эмасми? Ҳатто ўрта асрлар Европасида ҳам қироллар солиқларни парламент рухсатисиз ошира олмаганлар. Ўзбекистон амалдорлари эса буни XXI асрда ҳам қила олишмоқда. Мен парламент юқоридан туширилган ҳар қандай қарорни тасдиқлаб беришини яхши тушунаман. Лекин барибир тартиб тартиб-да – унга амал қилиш зарур. Ҳатто ушбу расмиятчиликни ҳам бузиш нимага керак бўлиб қолди?

Тўртинчидан. Йил ўртасида ўйин қоидаларини кескин ўзгартириш, бунинг устида ўтган сана билан қарор қабул қилиш тадбиркор ва инвесторлар тарафидан қонунчилик ва иқтисодий сиёсатнинг барқарор эмаслиги, деб тушунилади ва ҳатто ҳозирдан шундай тушунилмоқда. Пахтани қайта ишлашни чуқурлаштириш вазифасини бундай услублар билан ҳал қилишга уринган ҳолда биз инвестиция муҳитини ёмонлаштираётганимиз, иқтисодиётимизга тузатиб бўлмас зиён етказаётганимиз йўқми? Ҳар йили бу каби қонунга хилоф ва аксилсармоявий қарорлар туфайли қанча инвестиция ва янги технологияларни олмаяпмиз? Кимдир буни ҳисоблаб кўрганми?

Квоталарнинг ҳажми ва тақсимланиши ҳақида

Ип-калава экспортини ишлаб чиқариш ҳажмидан 50 фоиз миқдорида чеклаб қўйиш мўлжалланмоқда. Ҳозирги пайтда ип-калаванинг қанча қисми мамлакат ичида қайта ишланмоқда? Баъзи экспертларнинг баҳоларига кўра, бугунги кунда ушбу кўрсаткич ишлаб чиқарилаётган ип-калаванинг атиги 14 фоизини ташкил этади. 

Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) бироз бошқача рақамларни келтирмоқда: 2020 йилда 778 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилган бўлиб, ички истеъмол 40,7 фоизга тенг. Аммо ИТИМда ушбу масала бўйича аниқ маълумотлар борлигидан шубҳаланишга унинг томонидан берилган 2019 йилга тааллуқли маълумотлар асос бўла олади: ишлаб чиқариш – 608 минг тонна, истеъмол – 55,8 фоизни, яъни 340 минг тонна, ўз навбатида, экспорт – 268 минг тонна. Сўнгги рақам Давлат статистика қўмитасининг ип-калава экспорти бўйича маълумотлари билан сира мос келмайди – 400 минг тонна.

Бундан ташқари, ИТИМ маълумотларига кўра, 2020 йилда ип-калаванинг ички истеъмоли 2019 йилга солиштирганда тушиб кетган. Шу билан бирга, ип-калавадан маҳсулот ишлаб чиқариш сезиларли даражада ўсган.

Ип-калаванинг ички истеъмолига доир маълумотлар бир бирига анча зидлигини ва ишлаб чиқаришда истеъмол улуши турли баҳоларга кўра 14 фоиздан 40 фоизгача бўлган оралиқдалигини кўришимиз мумкин. Афтидан, мамлакатда реал рақамларни ҳеч ким билмайди.

Унда 50 фоиз деган рақам қаердан чиқди? Балки «Ўзтекстилсаноат» уюшмасининг вақти-вақти билан чиқиб турадиган, 2021 йилда ип-калаванинг ички истеъмоли 50 фоиз юқори даражага етказилишига доир (бунда ип-калавани ишлаб чиқариш 900 минг тоннадан ошади) ғалаба рапортларидан. Бу рақамлар қаердан пайдо бўлди?

Кўринишидан, улар тўқимачилик соҳасига, жумладан, давлат дастурлари бўйича йўналтирилаётган улкан сармоялар билан қандайдир боғлиқ.

Мантиқ оддий: ҳолбуки тармоққа катта сармоялар кираётган экан, ишлаб чиқариш ҳам тегишли суръатда ўсиши керак. Фақат бу мантиқ бироз саёз: Ўзбекистоннинг яқин тарихидан яхши биламизки, инвестицияларнинг ўсиш суръатлари (айниқса, давлат дастурлари бўйича) ва ишлаб чиқариш суръатларининг ўсиши ўртасида мутаносиб тўғридан тўғри боғлиқлик бўлиши шарт эмас.

Биринчидан, бизнинг расмийларимизнинг ниманидир режалаштириш қобилиятини шубҳа остига қўйиш керак бўлади, айниқса, улар афтидан ип-калава ишлаб чиқариш ва ички истеъмол бўйича аниқ рақамларга эга бўлмаган шароитларда.

Иккинчидан, ишлаб чиқариш қувватларини яратишнинг ўзи етарли эмас. Тегишли ишлаб чиқариш кўламлари учун маҳсулотга бўлган талаб ҳам зарур (инвестиция қарорларини қабул қиладиган амалдорларимиз камдан кам ҳолларда ҳақиқий бозор конъюнктурасини сеза олишади).

Учинчидан, маҳсулотлар рақобатбардош бўлиши керак, акс ҳолда уларни сотиб олишмайди. Рақобатбардош маҳсулотларни яратиш билан ҳам катта муаммолар мавжуд: амалдорлар бошчилигидаги сармоялар камдан кам ҳолларда самарали бўлади. Шу сабабли, тегишли ишлаб чиқаришлар яратилгандан сўнг, кўп ҳолларда ушбу ишлаб чиқариш қувватларини протекционистик тўсиқлар, имтиёзлар, субсидиялар, хомашёга сунъий равишда арзон нархлар қўйиш билан «ҳимоя қилиш»га тўғри келади.

Ўз навбатида савол туғилади: ип-калаванинг реал ички истеъмоли тўғрисида аниқ маълумотларга эга бўлмаган ҳолда ва унинг келажакдаги ўсиши тўғрисида ўта оптимистик «прогнозлар»га асосланган ҳолда экспорт квоталарини 50 фоиз миқдорида белгилаш қанчалик тўғри?

Менимча, бу ёндашув, юмшоқ қилиб айтганда, масъулиятсиз ёндашув.

Кейинги жиҳат шундаки, ип-калава ҳар хил бўлади. Шундан келиб чиқиб, мамлакатда ишлаб чиқариладиган ип-калаванинг ички истеъмоли ишлаб чиқаришга қараганда анча кам ёки мамлакат ичида умуман истеъмол қилинмайдиган турлари мавжуд. Шу сабабли, агар квоталар ҳаммага бир хил нисбатда тақсимланса, бундан ҳеч қандай яхши натижа чиқмайди.

Шартли мисол. Корхонада 100 тонна ип-калава ишлаб чиқарилар эди, ички бозорда талаб 10 тонна. Эндиликда корхона ички талабни қондирган ҳолда экспортга шунча миқдорда сотиш учун ишлаб чиқаришни 20 тоннагача қисқартириши керак бўлади.

Шу сабабли ҳам квоталар корхоналар ўртасида мансабдор шахслар томонидан тенг бўлмаган нисбатларда тақсимланади – яъни уларнинг ўз билганича. Шу билан бирга, квоталарни аниқлаш ва тақсимлаш механизмлари аниқ ёзиб қўйилмаган. Бошқача қилиб айтганда, йигирув саноати экспорти шунчаки бюрократия қўлига топширилган. У кимга ва қандай квоталар беришни ўз мезонлари ва тушунчалари асосида ҳал қилади. Волюнтаризм ва коррупция учун ажойиб манба.

Йигирув саноатини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида

Ҳукуматнинг пахта хомашёсини қайта ишлашни кўпайтириш истаги тушунарли. Аммо бу мақсадга қайта ишлашнинг энг муҳим бўғинларидан бири — йигирув саноатини хавфга қўйиш билан эришиш мумкинми? Аминманки, йўқ.

Саноатда жуда қаттиқ рақобат мавжуд. Шунинг учун у ерда ишлаб чиқарувчилар суперфойда олмайдилар. Экспертларнинг таъкидлашича, сўнгги икки йилда энг қиммат ип-калаванинг соф фойдаси ҳар килограмм учун ўртача 30 центни ташкил этган. Арзонроқ ипларнинг 1 килосидан эса 18 цент ва ундан ҳам камроқ.

Эслатиб ўтаман, эндиликда квотадан ошиқча маҳсулотлардан олинадиган экспорт солиғининг ялпи миқдори килограмми учун 33 центни ташкил этади. Яъни лимитдан юқори экспорт фойдасиз бўлиб қолмоқда. Агар ип-калавани ички бозорда мақбул нархларда сотиш имкони бўлмаса, у ҳолда ишлаб чиқаришни қисқартириш керак бўлади, бу эса маҳсулот таннархи (ишлаб чиқариш кўламидан келадиган ижобий таъсир ишламай қолади), унинг рақобатдошлиги ва саноатнинг молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир қилади.

Қўшимчасига, соҳага янги сармоялар оқиши тўхтайди: қайси инвестор ўйин қоидалари шу қадар беқарор бўлса, ўз пешона тери билан ишлаб топган пулларини тикишни хоҳлайди? Ва, албатта, қийинчилик билан эгалланган экспорт позицияларига кучли зарба берилади: компаниялар ўзларининг шартномавий мажбуриятларини бажара олмайдилар, сотув нархларини кўтаришга мажбур бўладилар, пировардида ўз маҳсулотларининг рақобатбардошлигини пасайтирадилар ва эгалланган бозорларини рақобатчиларга топширадилар. Ип-калавачиларга бундай зарар етказиш орқали биз тўқимачилик тармоғига ёрдам бера оламизми ахир?

Бу вақтинчалик чора экани ва бу соҳадаги нархлар барқарорлашиши билан унга барҳам берилишини айтиб эътироз билдиришлари мумкин. Аммо, биринчидан, бизнинг мамлакатимизда «вақтинчалик чоралар»дан кўра доимийроқ нарса йўқ. Амалдорлар иқтисодиётга бундай янги таъсир воситасидан ихтиёрий равишда воз кечишлари эҳтимолдан жуда йироқ.

Иккинчидан, ҳужжатда квоталарнинг амал қилиш муддатлари кўрсатилган: 1 августгача (муддатни кейинчалик осонликча узайтириш мумкин).

Одобсиз савол учун узр сўрайман: ҳужжат муаллифлари нархлар номутаносиблиги 1 августгача давом этишини қаердан биладилар? Балки нархлар эртага тушиб кетар? Улар ип-калаванинг юқори нархлар даври қанча давом этишини қаердан билишлари мумкин? Ёки ип-калаванинг нархи ошиши ортидан пахта нархи кўтарилиб кетиб (бу жуда мантиқий тахмин), ип-калава ишлаб чиқарувчилар бундай квоталар ва экспорт тўловлари билан шунчаки рентабелсиз бўлиб қолар? Агар тайёр тўқимачилик маҳсулотларининг нархлари кўтарилса (улар аллақачон ўса бошлади) нима бўлади (бу ип-калава истеъмолчиларига йигирув маҳсулотлари нархининг кўтарилишидан келган зарарларини қоплашга имкон беради)?

Қайд этиш керакки, ҳужжатда амалдорлар «пахта ипини экспорт қилиш квоталари ва қўшимча тўловлар миқдорини пахта калавасининг ташқи ва ички бозорларидаги вазиятдан келиб чиқиб» ўзгартиришлари мумкинлиги кўзда тутилган. Аммо расмийларимиз бозор конъюнктурасидаги бундай ўзгаришларга тезда жавоб қайтаришни қанчалик эплай оладилар? (Уларнинг кўп йиллар давомида квоталарни уқувсизларча тақсимлашлари ва мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт нархларини назорат қилишга уринишларига қараб, бу масалаларда уларнинг самарадорлигига умид, юмшоқ қилиб айтганда, кучсиздир. Мева-сабзавотни бундай тартибга солишдан ушбу соҳага жуда улкан зарар етказилди).

Ва энг муҳими: улар ушбу масалалар билан қай даражада шуғулланишлари керак?

Мамлакатимизда амалдорлар сон-саноқсиз масалаларни ҳал қилишмоқда. ЯИМнинг 40 фоиздан ортиғи бюджет ва ҳар хил давлат жамғармалари ва ҳоказолар орқали тақсимланади. Европанинг энг бой давлатларининг ҳаммаси ҳам бунга қодир эмас. Ва Шарқий Осиёнинг бой мамлакатларида эса, камдан кам ҳолатларда ЯИМнинг 20 фоиздан ортиғи давлат орқали ўтади, мен камбағал мамлакатлар ҳақида гапирмаяпман (мамлакат қанчалик камбағал бўлса, давлатнинг ЯИМдаги улуши ўртача ҳисобда шунча камроқ).

Аммо биз учун хорижий тажриба мисол бўла олмайди. Бизнинг бюрократия иқтисодиётни бошқаришда қатнашишда, бунга қодирлигидан ва мамлакатимизга кейинги 30 йил давомида етказаётган улкан зараридан қатъи назар, бундан кейин ҳам давом этишни истайди.

Балки йигирув саноатини тинч қўйган ва ўта зарарли ҳужжатни бекор қилган яхшидир? Агар сиз чиндан ҳам маҳаллий ип-калава истеъмолчиларига тўғридан тўғри ёрдам беришни ҳоҳлаётган бўлсангиз, нега, масалан, соҳага солиқ юкини камайтирмайсиз ёки хомашё сотиб олишни кредитлашда ёрдам бермайсиз?

Мен тармоқларга тақдим этиладиган имтиёзлар тарафдори эмасман. Аммо бу йигирув саноатини маъмурий-бюрократик тақиқлар ва назорат кабилар билан хавф остига қўйишдан кўра яхшироқдир.

Юлий Юсупов,

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази (CED) директори.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид