Ўзбекистон | 23:00 / 31.03.2021
7973
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги кўп қурилиш объектларида сифатсиз маҳсулотлар ишлатилаётгани айтилди

Аксарият қурилиш объектларида ишлаб чиқарувчиси номаълум, сифат сертификатлари мавжуд бўлмаган, талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотлардан фойдаланилаётгани кузатилмоқда.

«Ўзстандарт» агентлиги бош директори Дилшод Сатторов қурилиш материаллари сифати бўйича сўнгги бир ой ичида ўтказилган ўрганишлар натижаси ҳақида маълумот берди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ўтган бир ой ичида республикадаги бинолар мустаҳкамлиги, объектлар энергия тежамкорлигини таъминлайдиган қурилиш материаллари сифат даражасини ўргандик.

Минг афсуски, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш сифатли, стандартларга тўлиқ жавоб берадиган даражада таъминланмаётган ҳолатлар 40-50 фоизга яқинлашиб қолган.

«Ўзстандарт» агентлиги таҳлилларига кўра, аксарият қурилиш объектларида ишлаб чиқарувчиси номаълум, сифат сертификатлари мавжуд бўлмаган, талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотлардан фойдаланилаётгани кузатилмоқда.

Мисол учун, текширувлар натижасида қоришқоқлиги (МПА) стандарт бўйича 30 – 50 кўрсаткичига эга бўлиши зарур газобетон ёки газоблок каби қурилиш материалларининг катта қисми 13-15 кўрсаткични, яъни белгиланган миқдорнинг ярмига ҳам етмаётган ҳолатлар кузатилмоқда», деди агентлик расмийси Сенат қўмитасининг қурилиш масалаларига оид мажлисида.

Аввалроқ, «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги департамент ходимлари 2021 йилнинг ўтган даврида ўтказган ўрганишлар натижасида 136 та қурилиш маҳсулотлари корхоналаридан 23 тасида стандартлар жорий этилмасдан маҳсулот ишлаб чиқарилаётгани аниқлангани хабар қилинганди.

Шунингдек, сифатсиз цемент ишлаб чиқараётган ва импорт қилаётган бир неча тадбиркор аниқланиб уларга чора кўрилгани ҳам қайд этилган.

Умуман олганда, сўнгги вақтларда қурилиш материаллари сифати талабга жавоб бермаётгани юзасидан турли эътирозли фикрлар билан бирга, шундай ностандарт маҳсулотларда қурилган бинолар қулаши билан боғлиқ нохуш ҳодисалар ҳам юз бериб турибди.

Хусусан, жорий йилнинг 10 январида Жиззах вилоятида янгидан қурилаётган 6 қаватли уйнинг қулаб тушиши кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Мазкур воқеага муносабат билдирган мутахассислар бино қулашига қурилишда сифатсиз материаллардан фойдаланилгани сабаб бўлганини билдиришган.

Мавзуга оид