Жамият | 15:30 / 01.04.2021
6015
3 дақиқада ўқилади

Зойир Мирзаев: Қашқадарёда ажратилаётган маблағ қаерга сарфланаётганини халқ билиши керак

Фото:  Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Қашқадарё вилоятининг барча туманларида очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирларнинг аҳамиятли томони шундаки, учрашувларда сектор раҳбарлари, вилоят раҳбарлари депутатлар ва жамоатчилик олдида ҳисобот бермоқда. 

30 март куни Ғузор туманидан бошланган очиқ мулоқот Қамаши туманида ўтказилди. 

Унда туман сектор раҳбарлари ва вилоят ташкилотлари қатнашиб, ҳудудда 2021 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

“Халқ олдида берилаётган ҳисобот шунчаки қуруқ гап бўлиб қолмаслиги керак. Бу ваъда билан тенг. Туман аҳолисининг яшаш шароитини яхшилаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш соҳаларига давлатимиз томонидан зарур маблағлар ажратилган. Сизлардан ушбу маблағларни мақсадли сарфлаш талаб этилади. Халқ билиши керак ўзгаришни, янгиланишни ва ушбу маблағлар қандай сарфланаётганини” дея раҳбарларга мурожаат қилди Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев.

Айтиш мумкинки, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 2021 йилда вилоят бўйича 707 млрд. сўм ажратилиши режалаштирилган бўлса, шундан 53 млрд. 998 млн. сўм Қамаши тумани ҳиссасига тўғри келади.

Тақдимот давомида туманда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари ва экспорт режалари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Б.Юсуповнинг айтишича, туманда 56 та лойиҳа амалга оширилиши ортидан 882 та иш ўрни яратилади. Шунингдек, "Обод маҳалла" ва "Обод қишлоқ" дастурлари бўйича ҳам амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимот қилинмоқда.

Учрашувда туман аҳолиси тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёж юқорилигини маълум қилди. Бу бўйича ҳам амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимот қилинди.

Шунингдек, аҳолини қийнаб келаётган муҳим масалалардан яна бири – электр таъминотини яхшилаш учун Қамаши туманининг ўзига 17 млрд. 300 млн. сўм ажратилиши маълум қилинди. Ажратилаётган сумма 128 км. электр узатиш тармоғи қуришга, 27 та янги трансформатор ва 3600 та симёғочлар ўрнатишга сарфланади.

Бундан ташқари, газ таъминотини яхшилаш ва йўллар қурилиши бўйича ҳам аҳолига маълумот берилди.

Бир сўз билан айтганда, Қашқадарёда бошланган бу каби очиқ мулоқотларда фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммоларни мутасаддиларга етказиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу каби тадбирлар барча туманларда давом этади ва 2021 йилда амалга оширилиши кўзда тутилаётган режалар аҳолига маълум қилинади. 

 Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид