Жамият | 14:11 / 03.04.2021
4569
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада амалдорлар ёшлар билан учрашди. Бозоров йил охиригача ёшлар муаммолари бўйича катта ўзгаришлар бўлишини айтди

Фарғона шаҳридаги «Тадбиркорлар уйи»да вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва республика даражасидаги бир неча амалдорлар вилоят ёшлари билан учрашди.

Учрашувда вилоятнинг турли ҳудудларидан 250 дан зиёд ёшлар қатнашди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Энг кўп мурожаатлар субсидия, тадбиркорлик учун ер ажратиш, кредит олиш, тадбиркорлик қилиш учун бино-иншоотлардан имтиёзли фойдаланишга рухсат бериш, олий ўқув юртига кириш имтиёзлари ва контракт тўлови масалаларида бўлди.

Ҳокимга юзланган мурожаатчи ёшлардан бири, ўқув юртларини тамомлаган ёшларга иш йўқлиги, кўплаб мурожаатлар эса қоғозда қолиб кетаётгани, муаммоларни ҳал қилиш хўжакўрсинга қилинаётганидан шикоят қилди.

Мурожаатчи Қува тумани мисолида ишсизлик туманнинг энг асосий оғриқли нуқтаси эканига тўхталди. Бунга жавобан Хайрулло Бозоров мурожаатга дахлдор тегишли мутасаддилардан изоҳ олди ва бундай масалаларга кўз юмиб бўлмаслигини таъкидлади.

Ёш тадбиркор, ФарДУнинг психология факультети талабаси Достонбек Обидов Фарғона шаҳри ва Тошлоқ туманидаги ўқув марказларида бугунги кунда эҳтиёжманд оила фарзандлари бепул ўқитилаётгани, жой муаммоси сабаб таълим маскани фаолияти тўсиқларга учраётганини айтиб ўтди.

Хайрулло Бозоров масъулларга тушган мурожаатларни ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал қилишга топшириқ берди.

Тадбир сўнгида вилоят ҳокими, бундан буён муаммоларни ҳал қилиш учун жойларда ҳам учрашувларни ташкил қилиниши, йил якунигача ёшлар муаммолари бўйича катта ўзгаришлар бўлиши, вилоятда кўплаб янги иш ўринлари яратилишини айтди.

Учрашувда адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Фарҳоджон Тошпўлатов, Давлат тест маркази директори Малик Каримов ва Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Акмал Жумабоев ҳам қатнашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид