Жамият | 15:20 / 03.04.2021
180079
6 дақиқада ўқилади

Содда ўзбекка яна бир «қопқон». Ўзбекистонга келган Али Маҳмуд Ҳасан чиндан ҳам табибми?

Курдистондан чиққан ҳамда дунё бўйлаб кезиб юрган, ҳамиша табиблик даъвосини қилувчи Али Маҳмуд Ҳасан Курдистоний Ўзбекистонга келди ҳамда беморлар қабул қилишни бошлаб юборди. Хўш, бу шахс аслида ким?

Унинг яқинлари, яъни мана шу ташрифни ташкиллаштираётган одамлар тарқатаётган маълумотларга кўра, Али Маҳмуд Ҳасан Курдистоний икки кун пойтахтда бўлади, кейин Самарқанд ва Бухоро сари йўл олади.

Хўш, бу одам чиндан ҳам табибми, у ўша тарқатилаётган лавҳаларда кўрсатилаётгандек мўъжизакор хусусиятга эгами? (Аниқлик учун: фалаж бўлган одамнинг оёққа туриб кетиши ёки кўзи ожизнинг кўра бошлашига ҳам тиббий жиҳатдан, ҳам умуман мўъжиза сифатида қараш мумкин)

Бу одам Ўзбекистонга етиб келишидан аввалроқ етарлича шов-шув кўтарилди ва ўзига хос замин яратилди. Натижа кутилганидан ҳам аъло бўлди – дардига даъво топмаган юзлаб беморлар унга ёпишди, йўлларини тўсиб йиғлади, ҳаттоки тавоф қилиб юборди.

Афсуски, соддаликда ўзбекка етадигани бўлмаса керак. Беморлар ёки уларнинг яқинларидан бирортаси бу одамнинг аслида кимлиги, тиббиётга қандай алоқадорлигига қизиқмади.

Мулла Маҳмуд Ҳасан сўнгги бир неча йилда тилга тушди ва муқаддас Қуръон оятларини ўқиган ҳолда тиббиёт даволаш имконсиз дея тан олган касалликларни даволаб юбораётганига оид маълумотлар тарқатиб, катта машҳурликка эришди.

Унинг “Фейсбук”даги расмий саҳифасининг ўзидаёқ 225 мингдан ортиқ обуначилари борлиги бундай маълумотларга ишонувчилар ёки ишонишни истовчилар нақадар кўплигини англатади.

Асл миллати курд бўлган Мулла Маҳмуд Ҳасан ўзини Ироқнинг Арбил ҳудудида 26 йилдан бери табобат билан шуғулланиб келган шахс сифатида тақдим этади. Аммо ноёб қобилиятга эга бўла туриб, бунча узоқ вақт давомида расмий доираларда тан олинмагани қизиқ.

Шунингдек, у ўз фаолиятида мунтазам тазйиқларга учраётгани, асос солган тиббиёт маркази бир неча марта ёпиб ташланганини билдирган.

Бундан ташқари, ўзи тан олмаса-да, Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги ноқонуний фаолияти, бир неча кишини алдагани, фирибгарлик учун жавобгарликка тортилгани, қамалиб чиққани тўғрисида ҳам маълумотлар бор.

Мулла Маҳмуд 2017 йилда АҚШ президенти Дональд Трампни жин чалгани ва фақат угина Трампни бу балодан қутқара олишини айтгани билан тилга тушган.

Меҳмоннинг дунёвий турнесини четга суриб, Ўзбекистондаги қисқа муддатли фаолиятини таҳлил қилсак.

Шифо умидида, нажоткор сифатида Мулла Маҳмуд Ҳасанга мурожаат қилаётганлар ўзларига бир неча саволни бериб кўрсалар дуруст бўларди:

1. Тўғри, Қуръони Карим муқаддаслигига шубҳа йўқ. Унинг оятлари шифобахш эканлиги ҳам кўп марта таъкидланган. Аммо Қуръони Каримни мунтазам мутолаа қилиб юриш, унинг аҳкомларига амал қилиш касалликлардан ҳимоялаши, борди-ю дардга чалинганда ҳам, буни Аллоҳнинг бир синови сифатида қабул қилиб, енгиб ўтиш чораларини кўриш зарурлиги кўрсатиб ўтилган. Чунки кимдир дардга чалиниши ортидан оятларни ўқиб дарҳол тузалиб кетаверса, бу дунёда бемор қолмаслиги аён. Шундай экан бу муллага салкам тавоф қилиб юбориш қанчалик тўғри ва бу ширк эмасми?

2. Тиббиётда минглаб йиллардан бери ўрганиб келинаётган шундай касалликлар борки, уларга ҳануз даво топилмаган. Жумладан, фалажлик. Емирилиб битган асаб ҳужайраларининг қайта тикланмаслиги аллақачон исботини топиб бўлган. Лекин бу “табиб” фалажликка чалинган ва аравачада юрган беморларни ҳам, ҳатто кўзи ожизларни ҳам бир лаҳзада оёққа турғизиб, кўзини “очиб” юборишига ишониш учун қай даражада содда бўлиш керак?

3. Инсоният яралибдики, бундай “табиб”лар ҳамиша учрайди ва уларга ихлос қилиб, бор-будини тутқазувчилар ҳамиша топилади. Узоққа бормасдан, Шаҳрихондаги хандон писта билан даволовчи Ҳасан “табиб”ни эслаш кифоя. Хўш, Ўзбекистоннинг ўзидаги бу “табиб” даволаб юборган беморлар ҳозир қаерда?

4. Ва ниҳоят, Мулла Али Маҳмуд Ҳасан Курдистонийнинг тиббиётдек мураккаб соҳадаги фаолияти учун қонуний асос борми? Соғлиқни сақлаш вазирлиги унга шундай ҳуқуқ берганми?

Мана шу саволларга шошилмай жавоб изланса кўп нарса аён бўлади.

Дастлабки уч саволнинг жавобини муштарийларнинг ўзига қолдириб, сўнггиси, яъни Мулла Али Маҳмуднинг бу фаолияти қай даражада қонунийлиги билан қизиқдик.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан маълум қилишларича, бундай шахс Ўзбекистонда фаолият юритиш бўйича бирор шаклда мурожаат қилмаган, яъни унинг тиббий фаолияти ноқонуний.

“Шу ўринда, аҳолининг ишонч ва эътиқодидан фойдаланиб, сохта табиблик фаолияти билан шуғулланаётган айрим кимсаларнинг алдовига учраб қолишдан огоҳ этмоқчимиз. Ноодатий йўллар билан даволашни таклиф қилаётган айрим сохта табиблар таъсирига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлинг.

Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 29 декабрда 3111-рақам билан рўйхатдан ўтказилган “Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисида”ги низомда ҳам оккультизм-афсун, шунингдек диний маросимлар орқали касалликларни даволаш халқ табобати ҳисобланмаслиги кўрсатиб ўтилган”, деди ССВ вакили Фурқат Санаев.

Бу “табиб”нинг тарафдорлари, айниқса бу ташрифни ташкиллаштирганлар Мулла Маҳмуд Курдистонийнинг кўрсатган хизматлари учун пул олмаслигини дастак қилишлари мумкин. Бу факт шубҳаларни янада оширади, холос. Сабаби, ҳар қандай фаолият тури молиялаштиришсиз давом эта олмайди. Яъни “текин пишлоқ қопқонда бўлади”. Бу ўринда тахминимиз шуки, Мулла Маҳмуд Ҳасан ҳозирча имижи устида ишламоқда ва аниқ натижаларга эришмоқда. Яъни, анчадан буён машҳурлик реал пулга айлана бошлаган. DVD дисклар сотуви, YouTube ва бошқа шу каби платформалардаги кўришлар сони унинг чўнтагига ақча сифатида тушиши тайин.

Содда юртдошларимиз эса унинг машҳурлигига машҳурлик (демакки, пулига пул) қўшиш билан оворалар.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид