Ўзбекистон | 22:45 / 05.04.2021
18108
5 дақиқада ўқилади

Судьялар ва ЙҲХ ходимлари иши бўйича суд мажлисидан Kun.uz мухбири чиқариб юборилди. Бу – Олий суд пленуми қарорига зид

ЖИБ Тошкент вилояти судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисидан Kun.uz мухбири Олий суд пленуми қарорига зид равишда чиқариб юборилди. Суд иши йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун ундирилган 3,4 млрд сўм жарималарни талон-торож қилган собиқ судьялар, судья ёрдамчилари ва ЙҲХ ходимларига оид эди.

Тошкентда судья ва судья ёрдамчилари ИИББ ЙҲХБ ходимлари билан тил бириктириб, йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун ундирилган қарийб 3,4 млрд сўм жарималарни кирим қилмасдан, талон-торож қилганликда айбланмоқда.

Жамоатчилик бу ҳақда очиқликка даъво қилувчи суд, прокуратура ёки ички ишлар органлари орқали эмас, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташеванинг маърузасидан билган эди.

Тўхташева бу ҳақда Олий суддаги конференцияда, ўтган йилнинг ноябрида гапирганидан кейин, шу кунгача ушбу жиноят иши бўйича ҳеч қаерда маълумот берилмади. Ва ниҳоят бугун, 5 апрел куни Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати ушбу иш ҳақида маълумот берди.

Судьялар олий кенгаши бу иш бўйича сукут сақланганига изоҳ берар экан, терговга таъсир этиши эҳтимолидан келиб чиқиб, ўша пайтда иш бўйича изоҳ ёки муносабат билдириш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисобланганини билдирди.

Жиноят иши бўйича жимлик узоқ давом этгани туфайли, унинг тафсилотларига қизиққан Kun.uz ишни кузатиш ва натижаси ҳақида жамоатчиликка маълум қилиш мақсадида Олий суд ахборот хизмати билан боғланди ва мазкур иш бўйича ҳукм 10 феврал куни ўқилганини, судланувчилар апелляция шикояти келтирганини ва ишнинг кўрилиши 2021 йил 2 апрел куни ЖИБ Тошкент вилояти суди апелляция инстанциясида кўрилиши ҳақида маълумот олиб, ишни кузатиб боришга қарор қилди.

Апелляция инстанцияси доирасида 2 апрел кунги дастлабки суд мажлиси айрим сабабларга кўра 5 апрел кунига қолдирилди.

Kun.uz мухбири 5 апрел куни такроран Тошкент вилоят судида ҳозир бўлди. Соат 14:30да бошланиши айтилган суд мажлисининг соат 17:00да бошлангани алоҳида масала. Биз бунга тўхталмоқчи эмасмиз.

Узоқ кутишлардан сўнг, ишни кўришни бошлаган суд ҳайъати судланувчиларнинг адвокатлари эслатмасига биноан «ишга алоқаси бўлмаган бегона шахснинг» суд мажлисида иштирок этиш-этмаслиги масаласини ҳал қилишни бошлади.

Адвокатлар ва судланувчилардан Kun.uz мухбирининг суд мажлисида қатнашиши бўйича эътирозли фикрлари тингланиб, Муроджон Мирзажонов раислигидаги суд ҳайъати Kun.uz мухбиридан суд залини тарк этишни талаб қилди.

Мухбирнинг суд ҳайъатига Жиноят процессуал кодекси ва Олий суд Пленумининг «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги қарорига биноан:

  • очиқ суд мажлисида кўрилаётган жиноят ишининг ошкора экани;
  • нафақат ОАВ вакили, балки исталган шахс ишни кўришга халақит бермаган тарзда суд мажлисида қатнашишга ҳақли экани;
  • тарафлар фикри эса қачонки ОАВ томонидан очиқ суд мажлисида видео ёки аудиоёзув амалга оширилмоқчи бўлинганда инобатга олиниши лозимлиги, очиқ суд мажлисида қатнашиш учун эса тарафларнинг эътирози ҳеч қандай аҳамиятга эгамаслиги тўғрисида берган тушунтиришлари кор қилмади.

Нафақат ҳайъат раиси Муроджон Мирзажонов, балки қолган икки нафар судья ҳам юқоридаги қоидалардан бутунлай бехабар шекилли, ҳайъат раисига унинг адашаётганини айтишмади.

Шу ўринда Мирзажонов каби суд муҳокамаси ошкоралигига оид қонунчиликдан бехабар бўлган судьяларга юқоридаги Пленум қароридан айрим иқтибослар келтиришни лозим топдик: 

«Суд муҳокамаси ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланади.

Очиқ суд мажлисларини процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар қатнашишини истисно этадиган биноларда ўтказишга йўл қўйилмайди.

Оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида иш бўйича маълумотлар олиш мақсадида қатнашиши маълумот олишнинг қонуний йўли эканлигини инобатга олиб, уларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида қатнашишини чекловчи ёки уларга монелик қилувчи шароит яратилиши ман этилади ва бундай ҳолат процессуал қонун бузилиши деб ҳисобланади ва қонунда белгиланган жавобгарлик келиб чиқишига сабаб бўлади».

Бутун бошли вилоят даражасидаги суднинг судьялари ОАВнинг очиқ суд мажлисларида иштирок этиши бўйича қонунчиликни билмаслиги бизни афсуслантиради.

Олий суд ва Судьялар олий кенгаши суд мажлисларида қатнашиш бўйича тренингларни фақат ОАВ вакиллари учунгина эмас, қонунлар ва Пленум қарорларидан бехабар судьялар учун ҳам ташкил қилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Kun.uz Ўзбекистон Республикаси Олий судидан мазкур ҳолатга эътибор қаратишни ва муносабат билдиришни сўраб қолади. Судьялар Олий кенгаши эса мухбирни суддан чиқариб юборган судьялар ҳаракатига баҳо бериши лозим.

Мавзуга оид