Иқтисодиёт | 18:47 / 07.04.2021
5264
2 дақиқада ўқилади

ХВЖ глобал иқтисодиёт бўйича прогнозларни янгилади

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) экспертлари жаҳон иқтисодиёти 2021 йилда 6 фоизга, 2022 йилда эса 4,4 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда. Кўп нарса пандемияга қарши кураш натижаларига боғлиқлиги айтилмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, вакцинация жараёни жорий йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб иқтисодий фаолиятни тиклашга ёрдам беради.

«Агар вируснинг янги турлари вакциналар самарадорлигига шубҳа туғдирса, биз ставкаларнинг кескин пасайишини кутишимиз мумкин. Бошқа томондан, агар эмлаш юқори суръатларда олиб борилса, прогноз янада яхшиланади», деди ХВЖнинг етакчи иқтисодчиси Гита Гопинат.

Иккинчи хавф омили — бу молиявий ҳолат. ХВЖ вакилининг сўзларига кўра, тез иқтисодий тикланиш юз бераётган мамлакатларда фоиз ставкаси оширилиб, шу йўл билан ҳукумат инфляцияни жиловлашга ҳаракат қилмоқда.

«Аммо тарифларнинг янада назоратсиз кўтарилиши бир қатор мамлакатларда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу айниқса ривожланаётган давлатлар иқтисодиётини заифлаштиради», деди Гопинат.

Ҳисобот муаллифлари таъкидлашларича, пандемия натижасида туризм ва хомашё экспортига боғлиқ бўлган мамлакатлар катта зарар кўрган. Иқтисодий кескин қисқариш аҳолининг айрим гуруҳларини, шу жумладан, ёшлар ва аёлларни қамраб олган. ХВФ ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йилда қўшимча равишда 95 миллион киши қашшоқлик даражасидан пастга тушиб кетган.

ХВЖ бу йил нефть нархи ўтган йилга нисбатан 30 фоизга кўтарилишини тахмин қилмоқда. Озиқ-овқат ва ичимликлар нархлари 20 фоизга ошган. Бу асосан ўсимлик мойи ва дон маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши ҳисобига рўй берган.

Буғдой 38 фоизга қимматлашган. Бу Россиянинг ички бозорни инфляциядан ҳимоя қилиш учун дон маҳсулотларига янги экспорт солиғи жорий қилгани билан изоҳланган.

Аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистон ЯИМнинг ўсиши жорий йилда 4,8 фоизгача, 2022 йилда эса 5,5 фоизгача бўлишини прогноз қилганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид