Дунёда илк бор тирик донордан беморга ўпка кўчириб ўтказилди
Япониянинг Киото университети шифохонаси тиббий ходимлари дунёда биринчи бўлиб тирик донордан беморга ўпкани кўчириб ўтказишга муваффақ бўлишди. Ўпка қисмлари коронавирус сабабли зотилжамнинг оғир туридан азият чекаётган аёлга икки яқин одами – эри ва ўғлидан кўчириб ўтказилган.
Asahi Shimbun’нинг хабар беришича, аёлга ўпкани кўчириб ўтказиш бўйича жарроҳлик амалиёти 11 соатга яқин давом этган.
Аёл 2020 йил охирида коронавирусга чалинган ва унинг аҳволи тобора ёмонлашиб, ўпкасининг икки томони ҳам ишлашдан тўхтай бошлаган. Аёл экстракорпорал мембранали оксигенацияси усули билан 3 ойлик даволаш курсидан кейин Киото университети шифохонасига ётқизилган. Таъкидланишича, бемор ҳамда унга ўпкасининг бир қисмини “улашган” эри ва ўғли айни вақтда ўзларини яхши ҳис қилмоқда. Шифокорларнинг айтишича, аёл 3 ойдан кейин тўлиқ соғайиб кетиши мумкин.
“Дунёда ўпканинг илк бор тирик донордан беморга кўчириб ўтказилиши ўпкаси жиддий шикастланган беморларни даволашдаги истиқболли усул бўлиши кутилмоқда”, дейилган хабарда.
Таъкидланишича, ўпкани тирик донордан 65 ёшга тўлмаган ва бошқа тана аъзолари шикастланмаган беморларгагина кўчириб ўтказиш мумкин.
Маълум қилинишича, ҳозиргача Хитой, Европа ва АҚШда ўпкани кўчириб ўтказиш бўйича 40га яқин жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Бироқ улар давомида ўпка қисми чуқур комада бўлганлардан олинган.
Мавзуга оид
00:06
Япониялик олимлар денгиз сувида парчаланувчи пластик материални ихтиро қилди
18:17 / 23.11.2024
Японияда одамларни ювинтирадиган кир машинаси ихтиро қилинди
21:47 / 17.11.2024
Япония қирғоқларида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди
18:48 / 14.11.2024