Ўзбекистон | 09:09 / 10.04.2021
4452
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони 100 мингдан ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир кунда Ўзбекистонда яна 25 мингдан ортиқ киши коронавирусга қарши эмлангани ва шу вақтгача вакцина олганлар сони 108 мингдан ошгани ҳақида хабар берди.

«9 апрель куни Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан жами 25207 нафар киши COVID-19га қарши эмланди. 

Шу тариқа, айни кунгача мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 108 283 нафарга етди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

9 апрель кунидаги эмлаш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни: 

  • Сурхондарё вилояти (3764 нафар),
  • Фарғона вилояти (3138 нафар),
  • Наманган вилояти (2990 нафар),
  • Хоразм вилояти (2268 нафар),
  • Самарқанд вилояти (1848 нафар), 
  • Тошкент вилояти (1614 нафар), 
  • Қашқадарё вилояти (1564 нафар),
  • Жиззах вилояти (1499 нафар),
  • Андижон вилояти (1470 нафар),  
  • Тошкент шаҳри (1244 нафар), 
  • Бухоро вилояти (1098 нафар) банд қилди. 

Фақатгина Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятларида эмлаш кўрсаткичлари минг нафардан кам бўлган. 

Тошкент шаҳри, Наманган ва Самарқанд вилоятларида коронавирусга қарши эмланган аҳоли 10 минг нафардан ошган.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистон аҳолиси COVAX дастури доирасида бепул тақдим этилган AstraZeneca вакцинаси (660 минг доза) ҳамда Хитойда ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси (1 миллион доза) билан эмланмоқда.

COVAX дастури доирасида жорий йилнинг май-июн ойларида 2 млн доза AstraZeneca, апрел-июн ойларида эса 3,5 млн доза ZF-UZ-VAK2001 вакциналарини Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилган.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Россия Федерациясидан 1 миллион доза Спутник V вакцинаси харид қилиш юзасидан шартнома имзоланмоқда. 

Шу билан бирга, айни пайтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан яна қўшимча AstraZeneca вакцинасини харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Мавзуга оид