Ўзбекистон | 11:12 / 10.04.2021
2107
3 дақиқада ўқилади

Хоразмлик уста-кулол: «1 идиш 4-5 кунда тайёр бўлади»

Одилбек Раҳимов 45 йилдан бери ота-боболаридан мерос қолган касб – кулолчилик билан шуғулланяпти.

Хоразм вилояти, Янгиариқ тумани, Каттабоғ қишлоғида «Янгиариқ кулолчилик маркази» фаолият юритмоқда. Марказда бир неча ишлаб чиқариш цехлари бор. Уларда 8 нафар уста-кулол шогирдлари билан меҳнат қилмоқда. 

Одилбек Раҳимов кулоллар сулоласининг олтинчи авлодидир. Кулолчилик унга ота-боболаридан мерос касб. Уста-кулол 45 йилдан бери шу иш билан шуғулланади. У ясаган кулолчилик маҳсулотлари бир неча танловларда ғолибликни қўлга киритган. Уста-кулол бир қанча фахрий ёрлиқлар, мукофотлар билан тақдирланган. 

«12 ёшимдан кулолчилик билан шуғулланиб келаман, чунки бу - ота касби. Кошин, сопол идишлар, катта хумларни ясаймиз. Зангори кулолчилик билан шуғулланамиз. Устозим - Ўзбекистон халқ устаси Султон Отажонов. Ундан шу касбнинг сирларини ўргандим», - дейди Одилбек Раҳимов.  

Кулолчилик маҳсулотларини ясаш – осон иш эмас. У бир неча босқичли мураккаб жараёнларни ўз ичига олади. 

«Кулолчилик маҳсулотларини ясаш учун соф тупроқдан фойдаланамиз. Оқиб турган ариқнинг тагидан тупроқ олиб, қуритиб, қайтадан ишлов бериб, идиш-товоқ ясаш ҳолатига келтирамиз. 1та маҳсулот тайёр бўлиши учун 15-20 марта қўлдан ўтади.  

Лойдан ясалган буюмлар бир кун давомида қуритилиб, нақш бериш жараёнига тайёрланади. Устидан «ангоб» - оқ лойнинг юпқа қатлами сурилади. Сўнгра, 3-4 соат давомида қуритилади ва нақш жараёнига ўтилади.  

Нақш чизишда ҳеч қандай трафарет ишлатилмайди. Ҳаммаси ўйланиб, ижод қилинади. Нақш усти шиша билан сирланади. Ранг беришда зангори мисдан, кобальтдан фойдаланамиз. Мис хумдонда куйдирилиб, тепкиланиб тайёрланади. Кобальт эса Россиядан экспорт қилинади.  

Ҳар бир идишнинг пишиб, етилиш ҳолати бўлади. Масалан, сопол идишлар, товоқлар 1050 – 1100 даража, катта хумлар 1200 даража ҳароратда пишади. Тайёр бўлгач, ўзи совигунча хумдонда 3 кун туради. 1та маҳсулотни тайёрлашга 4-5 кун вақт кетади», - дейди уста. 

Ҳозирги вақтда «Кулолчилик маркази»нинг сопол маҳсулотлари катта-кичиклигига қараб, 10 минг сўмдан 250-300 минг сўм атрофида, катта хумлар эса 500-600 минг сўмга сотилмоқда. Пандемия сабабли, маҳсулотлар фақат ички бозорга етказиляпти.

Одилбек Раҳимов ўнга яқин шогирдни тарбияламоқда. Тез орада улар ҳам мустақил ишини бошлашга тайёр бўлишади. 

Нурмуҳаммад Саид

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид