Жаҳон | 17:00 / 11.04.2021
28315
7 дақиқада ўқилади

Туркияда коронавируснинг улкан тўлқини: рақамлар, рекордлар ва хавотирлар

Сўнгги кунларда Туркияда коронавирусга чалиниш ҳолатлари ва  ўлимлар сони рекорд даражага етди. 8 апрель куни 55 минг 941та янги ҳолат қайд этилди, 258 киши ушбу касалликдан вафот этди. 7 апрель куни 276 киши вафот этган ва бу пандемия бошланганидан бери қайд этилган кунлик ўлимлар бўйича энг юқори кўрсаткич бўлганди.

Туркияда кунлик ҳолатларнинг қайд этилиши

Манба: Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги / BBC

Шундай қилиб, Туркияда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилган 2020 йилнинг мартидан бери ҳолатларнинг умумий сони 3,7 миллионга яқинлашди, 33 мингдан ошиқ туркиялик коронавирус қурбони бўлган.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотларидан олинган маълумотлар шуни кўрсатадики, касалликка чалинишлар сони февраль ойида орта бошлаган, март ойининг бошидан эса тез ўсиш тенденцияси кузатилмоқда.

Март ойидан эътиборан ҳукумат «босқичма-босқич нормаллашиш»га ўтилганини эълон қилди ва чекловлар минтақавий тарзда аста-секин бекор қилина бошлади. 

Март ойида Адолат ва тараққиёт партияси (AKP) ва Миллиятчи Ҳаракат партияси (MHP) оммавий тадбирлар ўтказди. Қолаверса, Туркиянинг турли ҳудудларида Наврўз тантаналари кўпчилик иштирокида нишонланди.

Айни пайтда январь ойи ўрталарида бошланган эмлаш дастури давом этмоқда. Ҳозиргача жами 18 миллион киши эмланди. Шундан 10,6 миллиони биринчи доза, 7,4 миллиони иккинчи дозадир. Бу шуни англатадики, аҳолининг 12,6 фоизи эмлашнинг биринчи дозасини қабул қилган, уларнинг қарийб 9 фоизи эса иккинчи доза билан эмланган. Вакцинанинг камида битта дозасини қабул қилганларнинг умумий аҳоли сонига нисбати 21,5 фоизни ташкил қилади.

Вафот этганлар сони

Ушбу таҳлилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан кунлик ҳолатлар сони янгидан эълон қилина бошланган 2020 йил 25 ноябрдан 2021 йил 8 апрелгача бўлган вақтга асосланилди.

Туркияда ҳафта давомида коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмганларнинг кунлик сони 250дан ошиб, рекорд даражага етди.

Туркияда кунлик ўлимларнинг қайд этилиши

Манба: Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги / BBC

Туркияда кунлик ўлимлар сони аввалроқ – декабрь ойида 200дан юқорида эди, февраль ойида эса ушбу кўрсаткич 100дан пастга тушди.

Кўриниб турибдики, кунлик ўлимлар сони ортиши ҳам март ойи охирларига тўғри келмоқда. Ушбу ҳафтада эълон қилинган маълумотларга кўра, кунлик ўлимлар сонининг ўсиш суръати 30 фоиздан ошди.

Кунлик ўлимлар сонининг ўсиш суръати

Манба: Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги / BBC

Касал ва оғир беморлар сони

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинаётган маълумотларда нафақат кунлик беморлар, балки оғир касаллар сони ҳам берилмоқда. Ҳар икки кесимдаги рақамлар декабрдагига нисбатан сезиларли даражада камайган, аммо сўнгги пайтларда яна ўсиш тенденцияси кузатилмоқда.

Вазирлик оғир беморлар билан боғлиқ маълумотларни 2020 йилнинг 29 июнидан бери эълон қилиб келмоқда ва уларни «кислород билан тўйинганлиги маълум даражадан паст бўлган ёки интенсив терапияга муҳтож бўлганлар» деб тавсифламоқда.

Оғир беморлар сонида декабрга нисбатан сезиларли пасайиш бор, аммо февраль ойидан ўсиш тенденцияси яна бошланди.

Оғир беморларнинг сони декабрь ўрталарида қарийб 6 минг нафарни ташкил қилганди. Февраль ойи ўрталарида 1 минг 100гача камайди. Бироқ март ойи охирида 2 мингдан ортиқни ташкил қилган оғир беморларнинг сони кейинги пайтларда 2500дан ошиб кетди.

Оғир беморлар сони

Манба: Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги / BBC

Кунлик беморлар сони ҳам ўсиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларни «фақат симптоматик ҳолатлар» деб айтмоқда.

Декабрь ойида 6 минг кишидан юқори бўлган беморлар сони февраль ойида 700дан камни ташкил қилди, кейинги кунларда эса 2 минглик чегарадан ошди.

Июль ойи охирида Соғлиқни сақлаш вазирлиги кунлик ҳолатлар ўрнига симптом кузатилган ва тест натижалари мусбат чиққан деб тавсифланувчи беморлар сонини эълон қила бошлади.

Беморларнинг сони

Манба: Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги / BBC

Бироқ ушбу амалиёт танқидга учрагач, 25 ноябрь кунидан эътиборан касалликка чалиниш билан боғлиқ барча ҳолатлар сони очиқлана бошлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, катта ёшдагилар учун мўлжалланган интенсив терапиянинг бандлик даражаси 66,5 фоизни ташкил этмоқда. Декабрь ойида бу кўрсаткич 70 фоиздан ошган эди.

Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжа 2020 йил апрель ойида Туркия Буюк Миллат Мажлисида қилган баёнотида Туркиянинг давлат ва хусусий шифохоналарида катталар учун интенсив терапия сиғими 25 минг 466 эканлигини билдирганди. Ҳозирги кунда Туркияда 17 мингга яқин киши интенсив терапияда.

Тестларнинг мусбат чиқиш даражаси

Манба: Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги / BBC

Тестларнинг мусбат чиқиш даражаси

Туркиядаги рекорд даражадаги кўрсаткичлардан яна бири мусбат тестлар сонидир. Ҳозирги кунда Туркияда ўтказилаётган кунлик тестлар сони 300 мингдан ошиқни ташкил қилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатмаларига биноан, аломатлар кузатилиши ортидан мурожаат қилганлар ва контактларни кузатиш тадқиқотлари натижасида тест натижаси мусбат чиққан инсонлар билан алоқада бўлгани аниқланганлар тестдан ўтказилмоқда. 

Сўнгги маълумотлар тестларнинг мусбат чиқиш даражаси 18 фоиздан ошганлигини кўрсатмоқда. Бу Туркияда ҳолатлар сони янгидан эълон қилина бошланган вақт – ноябрь ойи охиридан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.

Вилоятларга кўра ўсиш даражаси

Соғлиқни сақлаш вазирлиги февраль ойида эълон қилишни бошлаган яна бир маълумот – вилоятларга кўра 100 минг киши бошига тўғри келувчи ҳафталик касалликлар сонидир.

Дастлабки маълумотлар эълон қилинган 8-14 февраль ҳафтасидан эътиборан вилоятлар бўйича ҳафталик маълумотлар саккиз марта эълон қилинди. Ушбу маълумотлар шундан далолат беряптики, баъзи вилоятларда ҳафтадан ҳафтага ўтишда жиддий ўсиш рўй бермоқда, баъзи ҳолларда эса пасайиш кузатилмоқда.

8 ҳафта ичида энг юқори ўсиш кузатилган вилоятлар

Манба: Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги / BBC

Бироқ биринчи ҳафта ва охирги ҳафта маълумотлари таққосланганда, саккиз ҳафта ичида еттита вилоятдан ташқари барча шаҳарларда ўсиш суръати 100 фоиздан юқори бўлди. Бурдур, Мерсин, Шонлиурфа, Трабзон, Адана, Караман ва Ризе ўсиш даражаси 100 фоиздан паст даражада сақланиб қолган ҳудудлардир.

27 март-2 апрель маълумотлари шуни кўрсатмоқдаки, Эскишеҳир, Чанкири, Чанаккале ва Кастамонуда ҳафталик ҳолатларнинг ўсиш суръати 8-14 февраль ҳафтасига нисбатан 1000 фоиздан ошган.

8 ҳафта ичида энг паст ўсиш кузатилган вилоятлар

Манба: Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги / BBC

Ўсиш суръати Истанбулда 880 фоиз, Анқарада 660 фоиз, Измирда эса 390 фоиздан юқорини ташкил этди.

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид