Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ички ишлар вазири Хоразм вилоятида ўрганиш ишларини якунлади
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Хоразм вилоятида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла”, “Хавфсиз хонадон”, “Хавфсиз ҳовли” тамойиллари асосида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Ўрганиш натижаларига кўра, Хоразм вилоятида I чоракда барча соҳаларда қайд қилинган жиноятлар миқдори 9,5 фоизга, жиноят қидирув соҳаси бўйича эса 19 фоизга камайгани аниқланган.
Жиноят турларидан қотиллик, номусга тегиш, автотранспорт воситаларини ҳайдаб қочиш, талончилик, босқинчилик, безорилик, товламачилик, унча оғир бўлмаган ва енгил тан жароҳати етказиш кабилар қайд этилмаган. Вилоят ҳудудидаги 524та маҳалланинг 469тасида, яъни 89,5 фоизида жиноят содир этилмаган. Бироқ, 47та маҳаллада криминоген вазият оғир экани аниқланган.

Ўз хизмат ҳудудида жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда йўл қўйган жиддий камчиликлари ҳамда асоссиз равишда хотиржамликка ва бепарволикка берилгани учун 4 нафар ички ишлар органлари ходими эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва яна 4 нафари интизомий жазога тортилди.
Хизмат фаолияти давомида ижобий натижаларга эришган 15 нафар ички ишлар органлари ходими “Аъло хизматлари учун”, “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқ, эсдалик қўл соати ҳамда пул мукофоти билан тақдирланди.