Спорт | 12:12 / 13.04.2021
26745
3 дақиқада ўқилади

Одил Аҳмедов яна клубини ўзгартирди

Одил Аҳмедов Хитой чемпионатидаги учинчи клубига ўтди.

Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Одил Аҳмедов Хитой Суперлигасида иштирок этадиган «Цанчжоу Майти Лайонс» клуби билан шартнома имзолади.

Одил Аҳмедов 2017 йилда Россиянинг «Краснодар» клубидан Хитойга йўл олган ва «Шанхай СИПГ» клубида 2020 йил ёзигача тўп сурганди. У шанхайликлар сафида жами 98та учрашувда майдонга тушиб, 10та голга муаллифлик қилган, Хитой Суперлигаси чемпионлиги ва Суперкубоги ғолибига айланганди.

У ўтган йил сентябрида аутсайдер жамоалардан бири «Тяньцзинь Тэда»га ижара асосида ўтганди. Аммо «Тяньцзинь Тэда» молиявий инқироз сабаб 2021 йил бошида банкротлик эълон қилди.

«Цанчжоу Майти Лайонс» 2020 йилги мавсум якунларига кўра Хитой Суперлигасида сўнгги ўринни олиб, қуйи лигага тушиб кетганди. «Тяньцзинь Теда»нинг инқирози сабаб, клуб яна олий дивизионга қайтган. 

Хитой Суперлигасининг 2021 йилги мавсуми 20 апрель куни старт олади. Аҳмедовнинг янги жамоаси 21 апрель куни 1-турни «Циндао Ҳуанҳай»га қарши ўтказади.

Tribuna.uz мухбири яримҳимоячи билан боғланиб, трансфер тафсилотлари ҳақида маълумотлар олди.

— Одил, сизни Рамазон ойи кириб келганлиги ва янги клуб билан расман шартнома тузганингиз билан табриклаймиз. Битим қанча муддатга мўлжалланган?

— Табрик учун раҳмат. Барча мусулмонларга, Ўзбекистон аҳлига Рамазон муборак бўлсин.

Шартномага келадиган бўлсак, келишув 2 йилга, яъни 2022 йил сўнгигача мўлжалланган. 

— «Цанчжоу Майти Лайонс» ўз олдига қандай мақсадлар қўйган?

— Жамоа янги. Таркибга 15 нафардан ортиқ футболчи келиб қўшилди. Имкони борича юқори ўринлар учун курашамиз.

— Янги клубингиздаги биринчи ўйинни 21 апрелда ўтказишингиз кутилмоқда. Миллий жамоанинг ЖЧ-2022 саралаши доирасида Саудия Арабистонида бўладиган ўйинларигача жисмоний ҳолатингизни тўлиқ тиклай оласизми?

— Ўзбекистон миллий жамоаси йиғинигача Хитойда 5та тур ўтган бўлади. Расмий ўйинларда қатнашиб, жисмоний ҳолатимни тиклаб олишга умид қиламан.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид