Ўзбекистон | 12:39 / 15.04.2021
15273
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метро станциясидаги электрон таблога ҳакерлар ҳужум қилди — «Ўзбекистон темир йўллари»

Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитенидаги соат таблосида ножўя сўзлар ёзилгани акс этган видеолавҳа тарқалди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Фото: Annette Riedl/DPA/Legion Media

Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан ички хизмат текшируви ўтказилган. Унга кўра Сергели йўналишининг “3-Бекат” станциясидаги вақтни кўрсатувчи соат таблосида 12 апрел куни соат 16:40да ҳакерлар томонидан киберҳужум (бузиб кириш) содир бўлгани аниқланган.

“Ушбу дарча электрон тизимли бўлиб, Wi-Fi орқали бошқарилади. Ҳужум қилганлар соатга ўрнатилган паролни бузиб, унга ножўя гапни ҳаракатланувчи сатрга жойлаштирган.

Ушбу ёзув 4 дақиқа ичида олиб ташланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан айбдорлар қидирилмоқда ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, “Тошкент метрополитени” УК раҳбарияти томонидан телекоммуникация тармоғига ноқонуний (санкциясиз) уланишга нисбатан жиноий жавобгарлик белгилангани эслатиб ўтилган.

Маълумот учун, сўнгги пайтда метрополитен билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар юз бермоқда. Аввалроқ, Сергели йўналишида метро ҳаракати техник муаммо сабаб тўхтаб қолган эди.

Бироз ўтиб эса, Чилонзор йўналишида поезд “Пушкин” бекатидан “Буюк ипак йўли” бекатигача эшикни ёпмай ҳаракатлангани тўғрисида видеолавҳа тарқалди ва шундан сўнг вагон эшигини ёпилмаган ҳолда ҳаракатланган поезд машинисти, электр-чилангари ва катта устаси ишдан бўшатилган эди.

Мавзуга оид