Жамият | 15:25 / 15.04.2021
7941
2 дақиқада ўқилади

Zamin фонди 18та мактаб-интернатда IT ва робототехника синфларини ташкил этди

Zamin фонди Тошкент шаҳри ва вилоятларда эшитиш қобилияти заиф болалар учун ихтисослашган 18та мактабда IT ва робототехника синфларини ташкил этди. Фонд васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева иштирок этган тадбирда Zamineducation.uz онлайн таълим платформаси ишга тушгани ҳам эълон қилинди.

Фото: Zamin фонди

Ўзбекистонда 14 апрелдан бошлаб «Zamin Education» таълим платформаси ва синфлари фаолияти йўлга қўйилди.

Zamin фонди хабарига кўра, «Zamin Education» лойиҳасининг синов босқичи ижобий натижа бергач, уни бутун республика бўйлаб йўлга қўйишга қарор қилинган.

«Ўзбекистондаги эшитиш қобилияти заиф болалар учун ихтисослаштирилган 18та мактабда информатика синфлари замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Лойиҳа доирасида ахборот технологиялари ва робототехника фанларини ўргатиш методологияси жорий этилди.

Zamineducation.uz онлайн таълим платформаси ишга туширилди», – дейилади хабарда.

Лойиҳа старт олиши муносабати билан Тошкент шаҳрида ташкил этилган тадбирда пойтахдаги 101-, 102- ва 106-ихтисослаштирилган интернат-мактаб ўқувчилари ва информатика фани ўқитувчилари иштирок этди.

Вилоятларда жойлашган мактаблар ўқувчилари эса тадбирда онлайн-видеоанжуман алоқаси орқали қатнашди.

Ушбу синфларда болаларга Scratch, Arduino, Minecraft дастурлаш тиллари ва робототехника асослари ўргатилади. Ушбу мактаблар ўқитувчилари тегишли малака ошириш курсларини тамомлаган.

Аввалроқ, мазкур 18та мактаб-интернатда йил давомида 234та компьютер ва 18та интерактив доска ўрнатилиши маълум қилинганди.

Маълумот учун, Зироат Мирзиёева раислигидаги Zamin фонди Ўзбекистонда инклюзив таълим шароитларини яхшилашни қўллаб-қувватлаб келади.

Хусусан, фонд ихтисослашган мактаблар ўқувчилари учун кохлеар имплантация (жарроҳлик йўли билан электрон протез ўрнатиш) дастурини йўлга қўйган. Бу орқали ҳар йили 30 нафар боланинг жарроҳлик амалиёти ўтказиб берилади.

Шунингдек, янги туғилган чақалоқларнинг эшитиш қобилиятини скрининг текширувидан ўтказиш, эшитиш қобилиятида нуқсон аниқланган болалар соғлиги учун зарурий чоралар кўриш лойиҳаси синов тариқасида Тошкент шаҳрида йўлга қўйилган.

Фонд 300 нафар кам таъминланган болаларда юрак операцияларини ўтказишини ҳам маълум қилган.

Мавзуга оид