Спорт | 22:39 / 16.04.2021
31978
6 дақиқада ўқилади

«Илтимос, кейинроқ ўйнайлик». ПФЛнинг навбатдаги тушунарсиз қарори ҳақида

Ўзбекистонда футбол бўйича ички чемпионатларни бошқарадиган ташкилот Профессионал футбол лигаси унча-мунча вазирликлардан машҳурроқ. Мухлислар ҳам, мутахассислар ҳам футбол бўйича эътирозларини биринчи навбатда шу ташкилотга қаратишади.

Фото: Tribuna.uz

Шундай экан, ПФЛдагилар ўзини кўпчилик кузатаётганини билган ҳолда ишлаши керак. Фарҳод Магомедов даврида ПФЛ кўп танқид қилинарди, лекин у даврдагилар танқидларга шунчалик бефарқ эдики, қандайдир муносабат ҳам билдирилмасди. Кейин Аҳмаджонов ЎФА президенти бўлган вақтда Омон Ғофуров ПФЛ директори бўлди. Бу даврда ташкилот танқидларга шунчалик эътиборли бўлдики, ҳар танқиддан кейин интервьюлар, кўрсатувлар бўлиб кетарди. Айнан мана шу даврда бошланди катта-катта ваъдалар ва профессионализм даъвоси. Аммо бугунгача жуда кўп бор нопрофессионаллик қилди катта даъводаги бу ташкилот.

Хўш, гап бундай. ПФЛ ажойиб кунларнинг бирида, тўғрироғи, 14 апрел куни Про-Лига 5-туридан ўрин олган «Динамо» – «Шўртан» ўйини кейинроқ ўтказилишини эълон қилди. Ўйин қолдирилиши, бошқа муддатга кўчирилиши, умуман, бекор қилиниши ҳам мумкин. Лекин асосли сабаблар билан. Ҳаво ёмон бўлиши мумкин, коронавирус тарқалиши хавфли тус олган бўлиши мумкин, стадионда бомба қўйилган бўлиши мумкин ва ҳоказо. Аммо ПФЛ «Шўртан» – «Динамо» ўйинини ғалати сабаб билан кейинроқ муддатга қолдирди. Бадиий жанрга яқин бўлган баёнотда шундай ёзилган:

«Про лига 4-туридан ўрин олган «Шўртан» – «Олимпик» учрашувида ғузорликларнинг 2 нафар футболчиси қизил карточка олди. Шунингдек, жамоада бир қатор жароҳатланган футболчилар мавжуд. Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ ҳар икки клуб билан ўзаро келишган ҳолда учрашувни кейинроқ муддатга қолдиришга қарор қилди. Биз мазкур ҳолатни тўғри тушунгани учун «Динамо» клуби раҳбариятига миннатдорчилик билдирамиз. Айни вақтда «Шўртан» раҳбарияти Тошкентда бўлиб турибди. ЎФА ҳамда ЎзПФЛ билан ҳамкорликда Игорь Криушенко ҳамда Виталий Воривончикдан қолиб келаётган бир неча йиллик қарздорликни бартараф этиш устида иш олиб бориляпти. Вазият тўлиқ изига тушиши билан бу ҳақда алоҳида хабар берилади».

Бу нима дегани биласизми? «Шўртан» ПФЛга чиққан ва «Акалар, «Динамо» билан ўйинни бошқа кунга қолдириб беринглар, бўлмаса ютқазиб қўйишимиз мумкин. Сал ўзимизга келиб олайлик, кейин ўйнаймиз», деган. ПФЛ ўз навбатида «Динамо»га чиққан ва ўйинни кўчиришни сўраган. Тантилиги тутган самарқандликлар «Олаверинглар, давлат камайиб қолмайди» қабилида иш тутиб рози бўлган. «Шўртан» олдинги ўйинларда олтиталаб гол қўйиб юборган бўлса ҳам. Кейин юқоридаги ғалати баёнот берилган.

Хўш, битта ўйинни кўчириш нима бўлибди, икки клуб ҳам рози-ку демоқчимисиз? Йўқ, бундай эмас. «Шўртан» ва ПФЛнинг дуэтдаги нопрофессионаллиги ёки «Динамо»нинг тантилиги учун футбол зарар кўрмаслиги керак. Ҳаммаси қонуний бўлиши керак.

ПФЛ «Шўртан» – «Динамо» ўйини регламентнинг қайси бандига асосан бекор қилинди?

Агар бизнинг футбол ташкилотлар ҳам ФИФАга бўйсунса, ФИФА талабига кўра, таркибида 7 нафар футболчиси бор жамоа ўйинни бошлаши керак. «Шўртан» эса 13 нафар футболчиси бўлган ҳолда ўйнамаймиз, деяпти. Нима, клубда ўринбосарлар, ёшлар жамоаси йўқми? «Ростов» коронавирус сабаб асосий таркиб футболчиларисиз «Сочи» билан ўйнагани эсингиздами? Ёш болалар билан ўйнаган жамоа йирик ҳисобда мағлуб бўлган. Ростовликлар ҳам ўйинни қолдиришни сўраган, лекин РПЛ ўйин ўтказилмаса, «Ростов»га техник мағлубият ёзилишини айтганди. 2019 йил декабрида, «Ливерпуль» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этаётган вақтда Англия Лигаси кубогида ҳам «Астон Вилла»га қарши ўйини бор эди. Шунга қарамай, «Ливерпуль» ёшлар жамоасини ўйнатишга мажбур бўлган ва 0:5 ҳисобида енгилиб, турнирни тарк этганди.

«Шўртан» имкон борича ўз манфаатларини ҳимоя қилмоқда. «Динамо» эса ўз манфаатини, мухлислари манфаатини, ПФЛ ўз навбатида футбол ва спорт принципларини ҳимоя қилмаяпти.

Бугун «Шўртан» футболчиларимиз кам деб ўйин кўчиртирса, эртага «Динамо» футболчиларимизнинг кайфияти йўқ деб ўйин кўчиртирса, кейин футболда қоида қоладими, тартиб қоладими? Клублардан профессионаллик талаб қилаётган ПФЛ аввал ўзи бу борада ишлаши керак. Ким нима деса, хўп деб кетавермай қаттиққўл бўлиш керак. Бизнинг клубларни эса юмшоқлик билан бошқариб бўлмайди. Ютқазгандан кейин жаҳли чиқиб бутун бошли лигани ташлаб кетадиган «Истиқлол» бунинг исботи.

Дарвоқе, «Динамо»га қарши ўйнай олмаслигини айтган «Шўртан» 7 май куни «Янгиер»га қарши ўйнар экан. Орада эса кубок ўйинлари бор ва Ғузор клуби бу ўйинлардан ҳам бош тортмаган. «Динамо» билан бекор қилинган ўйиндан 5 кун ўтиб «Шўртан» «Нефтчи» билан кубокда ўйнайди. Хўш, бу вақтгача трансфер тақиқи қўйилган «Шўртан» янги футболчилар топадими?

Хуллас, муҳокама қилишнинг ўзи-да ёқимсиз бўлган ғалати ҳолат. Дўстлар, бундай бўлмаслиги керак. Ташкилотингиз номи профессионал деган сўз билан бошланишини унутманг. Шунда сизни ҳурмат қилишади, шунда сиз бошқа клублар олдида сарғаймайсиз, шунда сизга фалон клубни бу лигадан бу лигага чиқаринглар деб айтишмайди.

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид