Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Учта таълим вазирлиги бирлаштирилса, соҳада молиявий қийинчиликлар камаярди» - Азиза Умарова таълимдаги камчиликлар ҳақида
Жамоатчилик фаоли, давлат бошқаруви соҳаси мутахассиси Азиза Умарова Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида олий таълим қабул квоталари яқин йилларгача кескин камайтириб келингани, мактаб таълимига ҳам эътибор сусайгани ҳақидаги фикрлари, вазиятни яхшилаш учун таклифларини билдирди.
“Таҳлилларим ва ҳаётий хулосаларимга кўра, таълимда чуқур ислоҳот қилолмаслигимизга икки ҳолат сабаб бўлган. Шу пайтгача таълимга бунчалик кам эътибор берилишига, аввало, қўрқув сабаб бўлган. Ўтиш даврида талабалар митинглари (1992 йил. Талабалар шаҳарчаси) бўлиб ўтган.
Ўшандан кейин ҳукумат олийгоҳларга қатъий квота жорий қилишга қарор қилган. Олий маълумотга эга бўлмаслик учун барча чоралар кўрилган. Чунки ҳукумат олий маълумотлилар кўп савол беришидан чўчиб турган. Бундай муносабат бутун таълим тизимига кириб борди.
Нима учун вақт ўтиши билан қабул квоталари камайтириб борилганига тушунмайман. Мактаб ва олийгоҳларни ислоҳ қилиш учун молиявий кўмак ва эътибор пасайиб борган. Иккинчиси, ҳалигача индивидуал ўқувчи таълимига жуда кам маблағ ажратилаётганидир, яъни жон бошига молиялаштирилмайди. Ҳозир 3 та алоҳида таълим вазирлиги бор. Ҳамма давлатларда бўлгани каби вазирликларни бирлаштириш ҳам мумкин эди-ку. Таълимга сарфланаётган маблағлар бирлаштирилиб, кўпроқ натижага эришиш мумкин. Балки шунда республиканинг чекка туманларидаги кўплаб мактаблар абгор бўлмасди.
Таълимга бюджетдан кўп маблағ ажратиляпти. Тошкентнинг ўзига педагоглар учун 1 трлн.сўмдан кўп пул ажратилган. Лекин бу пул ҳар бир бола учун етиб боради, дегани эмас. Тизим фақат педагогларни рағбатлантиряпти, холос. Болаларнинг таълим олишини ҳам молиялаштириш керак. Агар 3 та вазирлик бирлаштирилса, таълим харажатлари жон бошига молиялаштирилса, таълимнинг ҳозирги ҳолатдан яхшиланишига эришиш мумкин. Мактаблар моддий-техник базаси анча ўзгарарди. Қачондир бу тизимга етиб келармиз. Қачон эканлигини вақт кўрсатади.
Айни вақтда мактабгача таълим вазирлиги боғчалардаги болалар қамровини кенгайтиряпти, бу яхши. Аммо таълим босқичлари ўртасида занжир йўқ. Масалан, бола 3 ёшдан 18 ёшгача қандай билим ва кўникмаларга эга бўлиши кераклиги бўйича якдил тизим йўқ. Финландия таълим тизимини мақтаймиз. У ерда давлат тасдиқлаган дарсликлар йўқ. Ҳар бир мактаб мустақил қарор қабул қилади ва ота-оналар, кенг жамоатчилик билан келишиб, ўқувчиларга дарслик яратишади. Бизда ҳам буни қилса бўлади. Биласизми, назаримда, таълим ислоҳотлари борасида биз 50 йилларга орқада қоляпмиз. Финландия ёки Европа билан Ўзбекистонни таққослаш имконсиз, деб ўйларсиз. Сизга бир мисол келтираман: ғарб мамлакатлари бошланғич синфларда ручка ўрнига қаламдан фойдаланишади. Чунки ўқувчилар хато қилишдан қўрқмасликлари онгига сингдирилади. Бизнинг мактабларимизда бу тажрибани қилмаслик учун катта маблағ, уриниш шартмас.
Ундан ташқари, мактабларда шароитлар яхшиланиши учун халқ таълими вазирлиги тумандаги бўлимларини тугатиш керак. Шунда уларга ажратиладиган маблағ ҳудудий мактабларга йўналтирилади. Бундай бўлимлар ҳеч қайси мамлакатда йўқ. Бошқарув эса вилоят, республика миқёсида бўлиши керак.
Яна бир таклиф: ҳар бир мактабда директорнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари лавозими жорий этилиши лозим. Россия мактабларига борганимда, мактаб пуллик ва бепул хизматлар рўйхатини эълон қилиб қўйган. Ҳеч ким қаршилик қилмаяпти. Барчаси очиқча бўляпти”, - деди Азиза Умарова.
Мавзуга оид
11:37 / 26.05.2025
Деҳлида Ўзбекистон-Ҳиндистон таълим форуми ўтказилди
17:17 / 22.05.2025
3 ёшли жиянини 3 та тилда гапиртирган йигит: мия сирларини ўрганаётган Жамшидбек ҳикояси
15:28 / 19.05.2025
Сурхондарёда 11 нафар ўқитувчи 2 минг доллардан кўп маош олаётгани айтилди. Президент буни Британия билан таққослади
18:16 / 15.05.2025