Жаҳон | 14:49 / 18.04.2021
38023
10 дақиқада ўқилади

Чехия россиялик дипломатларни чиқариб юбормоқда. Боширов ва Петровга қидирув эълон қилинди

Чехия Россия махсус хизматларини 2014 йилда ўқ-дори омборхонасидаги портлашга алоқадорликда гумонлаб, россиялик 18 нафар дипломатни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди. Чехия полицияси россиялик Александр Петров ва Руслан Боширов «оғир турдаги жиноятлар» бўйича тергов доирасида қидирувга берилганини эълон қилди.

Фото: Getty Images

Дипломатларни нима учун ҳайдашмоқда?
Россиялик 18 дипломат чиқариб юборилиши ҳақида шанба куни бош вазир Андрей Бабиш ва ички ишлар вазири Ян Гамачек (у 12 апрелдан ташқи ишлар вазири вазифаларини ҳам бажаради) томонидан шошилинч равишда чақирилган матбуот анжумани вақтида эълон қилинди.

Гамачек чиқариб юборилаётган дипломатлар Россия махсус хизматлари - ГРУ ва СВР билан ҳамкорлик қилишда гумонланаётганини маълум қилган. 

«Чехия ташқи ишлар вазири сифатида Прагадаги Россия элчихонасида ишлаётган барча ходимларни ўз юртига қайтариб юборишга қарор қилдим. Уларнинг ҳаммаси Россия махсус кучларининг офицерлари экани бизнинг махсус хизматлар томонидан фош этилди. 48 соат ичида элчихонанинг 18 нафар ходими мамлакат ҳудудидан чиқиб кетиши лозим», деган у.

«Радио Прага» хабар беришича, бош вазир Бабиш ушбу махсус хизматларнинг агентлари 2014 йил Злин шаҳри яқинидаги Врбетице қишлоғида жойлашган ўқ-дори омборида рўй берган ва икки кишининг ҳаётига зомин бўлган портлашга алоқадорликда гумонлаш учун асослар борлигини айтиб ўтган.

Дипломатлар Чехияни 48 соат ичида тарк этиши керак бўлади. Гамачек бу ҳолат Праганинг Москва билан муносабатларига жиддий даражада дарз келтиришини тан олган. «Аммо биз муносабат билдиришимиз керак. Биз Буюк Британия 2018 йилда Солсберидаги [Скрипалларни] заҳарлашга уриниш рўй берганда қандай вазият бўлган бўлса, шундай вазиятдамиз», дея вазирдан иқтибос келтиради ТАСС.

2018 йил 4 март куни Солсберида ГРУнинг собиқ зобити Сергей Скрипал ва унинг қизи асаб тизимини фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланганди. Британия прокуратураси бу ҳужумда россиялик Руслан Боширов ва Александр Петровни айблаган, шу билан бирга, бу номлар ўйлаб топилган бўлиши мумкинлигини қўшимча қилганди.

Боширов ва Петров қидирувда
Чехия полицияси шанба куни алоҳида баёнот билан чиқиб, Россия паспортига эга бўлган икки шахс, Руслан Боширов ва Александр Петров қидирувда эканини маълум қилди.

Полициянинг твиттердаги саҳифасида 2018 йилда британ полицияси томонидан Скрипалларни заҳарлашда гумонланган ва кейинроқ RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньянга интервью бериб, Солсберига тарихий биноларни томоша қилиш учун боришганини айтиб чиққан икки шахс сурати жойлаштирилди.

Полиция «ўта оғир жиноятлар билан боғлиқ ҳолатлар тергови»да ёрдам беришни сўраган, шу билан бирга, айнан қайси жиноятлар назарда тутилаётганига аниқлик киритилмаган.

Полиция хабарида бу икки шахс 2014 йил 11 октябридан 16 октябригача Чехия ҳудудида - аввалига Прагада, кейин Моравия-Силезия ҳамда Злин ўлкаларида бўлишгани айтилган. Улар Боширов ва Петров номидаги рус паспортларидан ташқари, Николай Попи номига берилган молдаван паспорти ҳамда Руслан Табаров номига берилган тожик паспортидан фойдаланишган.

Полиция баёнотида Злин шаҳри яқинидаги Врбетице омбори тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган. Ҳарбий комплексда портлаш 16 октябр куни рўй берганди (ўша йилнинг 3 декабрида яна бир портлаш бўлган).

Ўшанда 16-рақамли ва 12-рақамли омборхоналар вайрон бўлиб, ходимлардан икки нафари ҳалок бўлганди. Ҳарбий техник институт омборхоналарни лицензия асосида ҳарбий материаллар савдоси билан шуғулланувчи фирмага ижарага берганди. Икки омборхона ҳам Острава оролидан бўлган Imex Group фирмасига ижарага берилганди.

DPA агентлиги маълумотига кўра, омборда пиёдаларга қарши миналар сақланган.

2018 йил кузида Bellingcat лойиҳаси ва The Insider нашри қўшма суриштирув натижаларини эълон қилган, унга кўра Бошировнинг ҳақиқий исми-шарифи Анатолий Чепига экани, Петров эса Александр Мишкинлиги маълум қилинганди. Тадқиқотчилар улар ГРУ зобитлари эканини тасдиқлаган. BBC рус хизмати аноним манбаларнинг Россия маълумотлар базаларига асосланган маълумотлари орқали Bellingcat маълумотини тасдиқлаган. Москва Солсберидаги ҳужумга алоқадорлигини тан олмаган.

Москванинг реакцияси
Россия ТИВ расмийси Мария Захарова Чехияни 18 дипломат чиқариб юбориш оқибатларидан огоҳлантирди. «Прага бундай фокуслар қандай оқибатларга олиб келишидан хабардор», дея унинг сўзларини келтирган ТАСС.

«Интерфакс» аноним қолишни сўраган дипломатик манбасига асосланган ҳолда янада қатъийроқ муносабатни келтирган. «Афтидан, [Чехия ҳукумати] Москвадаги элчихонасини ёпмоқчи», деган Москвадаги чех элчихонаси ходимлари сонини назарда тутган ҳолда агентлик суҳбатдоши. Одатда бир давлат бошқа давлатнинг қанча дипломатини чиқариб юборса, бунга ушбу давлатнинг шунча дипломатини чиқариб юбориш билан жавоб қайтарилади.

Россия элчихонаси дипломатларнинг чиқариб юборилиши муносабати билан элчи Чехия ТИВга чақирилгани ҳақида хабар қилган.

Боширов ва Петровга қидирув эълон қилинганига изоҳ берган «Интерфакс» манбаси бошқа мамлакат ҳудудида оғир жиноятларни содир этган шахсларга Россия фуқаролигини бериш Конституцияда тақиқланганини эслатиш билан кифояланган.

«Спутник» ва АЭС
Бош вазир Бабиш президент Милош Земанни чех махсус хизматларининг хулосаларидан хабардор қилгани ва бу масалада Чехия ТИВни тўла қўллаб-қувватлашини айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, ЕИ ва НАТО бўйича ҳамкорлар билан ҳам маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда.

Reuters агентлиги Чехия саноат вазири Карел Гавличекка асосланиб хабар қилишича, бу зиддият «Дуковани» АЭСнинг янги энергоблоки қурилиши учун тендерга Россия таклиф этилиши бўйича қарорга таъсир кўрсатиши мумкин. Бу қурилишни якунлаш ишларини олиб бориш учун даъвогарлардан бири «Росатом» бўлиб, чех махсус хизматлари бунга қарши чиқиб келарди.

Жума куниёқ ташқи ишлар вазири Гамачек Москвага режалаштирилган ташрифини бекор қилгани маълум бўлганди. Бу ташриф вақтида коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини харид қилиш бўйича музокаралар ўтказилиши мўлжалланганди. Deutsche Welle нашри ёзишича, бу режа учун уни мухолифат вакиллари ҳам, коалиция бўйича ҳамкорлар ҳам танқид қилишаётганди.

АҚШнинг Чехиядаги элчихонаси ўз иттифоқчисининг Россияни чех заминидаги хавфли ҳаракатлар учун жавобгарликка тортиш бўйича қарорини қўллаб-қувватлаб чиқди.

Пайшанба куни Қўшма Штатлар Россия дипломатик миссиясининг 10 нафар ходими чиқариб юборилишини маълум қилганди. Шу куни Польша Вашингтон билан бирдамлигини ифодалаш учун россиялик дипломатлардан уч нафарини нон грата деб эълон қилди. Шундан сўнг, Россия Польшанинг беш нафар дипломатини чиқариб юборди.

«Рицин можароси»
Reuters агентлиги 18 нафар россиялик дипломатнинг чиқариб юборилишини Россия ва ЕИ ҳамда НАТО аъзоси бўлган Чехия ўртасида 1989 йил мамлакатда коммунистик давр якунланганидан бери кузатилган энг йирик можаро деб атади.

Ўтган йил апрелида Чехия ва Россия муносабатлари «рицин можароси» туфайли ёмонлашганди. Бу можаро Respekt нашрининг полиция Прага мэри Зденек Гржиб ва шаҳарнинг 6-тумани маъмурияти раҳбари Ондржей Коларжни қўриқлай бошлагани ҳақида тарқатган хабари ортидан бошланганди.

Нашр ўз манбаларига асосланган ҳолда Чехияда дипломатик паспорт орқали келган россиялик бу икки сиёсатчини рицин билан заҳарламоқчи бўлгани ҳақида ёзганди. 

Ондржей Коларж ўшанда Прагадаги рус генерал Конев шарафига ўрнатилган ҳайкални олдиртириш ташаббуси билан чиққанди (ҳайкал 2020 йил 3 апрель куни демонтаж қилинган), Зденек Гржиб эса Россиянинг Прагадаги элчихонаси олдидаги майдонга россиялик марҳум мухолифатчи Борис Немцов номини бериш ҳақидаги қарорни имзолаганди.

Июн ойига келиб Чехия Россия элчихонасининг икки ходимини нон грата деб эълон қилади ва уларни мамлакатдан чиқариб юборади. Чех махсус хизматлари бу ходимлар ўртасида «ички кураш» бўлган, натижада дипломатик миссия ходимларидан бири маҳаллий сиёсатчиларга қарши ҳужум режалаштирилгани ҳақида ёлғон маъумот тарқатган, деган хулосага келади. 

«Бу Чехия-Россия муносабатларида мураккаблик пайдо қилди ва Россия Федерацияси шарафига зарар келтирди», деганди ўшанда бош вазир Бабиш. Ўз навбатида, Россия элчихонаси бу ҳолатни ОАВдаги исботсиз хабарларга асосланган ҳолда «уюштирилган провокация» ва «дўстларга хос бўлмаган қадам» деб баҳолаганди.

Мавзуга оид