Ўзбекистон | 17:41 / 20.04.2021
15073
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон матбуот эркинлиги индексида 157-ўринга тушди

Ўзбекистон жаҳон матбуоти эркинлиги индексида бир поғона пастлаб, 180 мамлакат орасида 157-ўринга тушди. Таҳлилчиларга кўра, мамлакатда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда.

«Чегара билмас мухбирлар» нодавлат ташкилоти матбуот эркинлиги индексини янгилади. 2021 йилги рейтингда Ўзбекистон 180 та мамлакат орасидан 157-ўринни эгаллади.

Республика «матбуот эркинлиги бўйича вазият мураккаб» давлатлар қаторида қолмоқда.

Мазкур рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни сўнгги уч йил ичида илк марта пасайди. Мамлакат 2018 йилда 165-ўринга, 2019 йилда 160-ўринга, 2020-йилда 156-ўринга кўтарилганди.

Матбуот эркинлиги индексига Ўзбекистон 2013 йилда киритилган. Ҳар йили баҳорда эълон қилинадиган индекс бундан аввалги йилдаги кузатувлар хулосаларини акс эттиради.

«Чегара билмас мухбирлар» Ўзбекистон матбуот эркинлиги борасида муайян ютуқларга эришганини қайд этиб, қатор муаммоларни ҳам санаб ўтган.

«Журналистлар сиёсий мавзуларни, хусусан, коррупция, мажбурий меҳнат каби масалаларни ёритмоқда, бироқ олий ҳукуматни танқид қилишгача ҳали етиб борилгани йўқ», дейилади таҳлилда.

Шунингдек, ОАВни рўйхатдан ўтказиш осонлашгани ижобий натижа сифатида қайд этилиб, давлат ОАВ фаолиятини чеклайдиган қонунларни ислоҳ қилишга шошилмаётгани таъкидланган.

«Кузатув, цензура, ўз-ўзини цензура қилиш кабилар ҳануз сақланиб қолмоқда, ҳокимиятдагилар ОАВни жиддий назорат қилмоқда. Блогерлар ҳануз қўрқитиляпти ёки қамоққа олиняпти.

Ўзбекистон хорижлик ва мамлакатдан чиқариб юборилган журналистларга қайта ўз эшикларини очди, бироқ кўплаб журналистлар ва нашрлар аккредитациядан ўтишга қийналмоқда.

Ўзбекистонда сиёсий плюрализмга эришмай туриб, матбуот эркинлигини тўлалигича таъминлаб бўлмайди. Олдинда ҳали ҳам узоқ йўл турибди», – дейилади ҳисоботда.

Рейтингда юқори учликни Норвегия, Финландия ва Швеция банд қилган. АҚШ 44-ўринда , Россия 150-ўринни эгаллаган. Хитой эса 177-ўринда.

Марказий Осиё давлатларидан Қирғизистон 79-, Қозоғистон 155-, Тожикистон 162-, Туркманистон  178-ўринда қайд этилган.

  • Ўтган ойда Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилот – Freedom House ҳам ўз йиллик ҳисоботида Ўзбекистонни «эркин бўлмаган» мамлакатлар қаторида қолдирган эди.

Мавзуга оид