Ўзбекистон | 15:50 / 20.04.2021
27456
6 дақиқада ўқилади

Самарқанд халқаро аэропорти бошқаруви давлат-хусусий шерикчилик шартларида Air Marakanda’га берилмоқда

Самарқанд халқаро аэропортининг бошқарув ҳуқуқи давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида, катта солиқ имтиёзлари билан тадбиркор Бахтиёр Фозиловга қарашли Air Marakanda компаниясига берилмоқда.

Жорий йил 15 апрел куни давлат раҳбарига қиймати 238,2 млрд сўм бўлган Самарқанд халқаро аэропортининг реконструкцияси жараёнлари тақдимоти ўтказилди. Таъкидланишича, айни дамга қадар лойиҳага ажратилган маблағ миқдори 200 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Жорий йил сентябрда фойдаланишга топшириш режалаштирилган янги аэропорт «очиқ осмон» режимида ишлайди ва 1000 киши иш билан таъминланади.

«Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорининг 2-иловаси бўлган «2021 йилда йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларини ишга тушириш бўйича Манзилли дастур»да эса Самарқанд халқаро аэропорти реконструкцияси учун давлат бюджетидан 62 миллион АҚШ доллари сарфланиши кўрсатилган.

Реконструкциядан сўнг шунча давлат бюджети ҳисобига бунёд этилган Самарқанд халқаро аэропорти ва аэродром комплексининг (аэронавигациядан ташқари) модернизацияси ҳамда бошқаруви ҳуқуқи тўғридан тўғри Air Marakanda МЧЖга давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида 20 йил муддатга топширилиши кутилмоқда.

Gazeta.uz’нинг ёзишича, Air Marakanda компанияси Самарқанд халқаро аэропорти инфратузилмасини ривожлантиришга 80 млн доллар инвестиция киритади ҳамда уни Германиянинг Мюнхен халқаро аэропорти, Туркиянинг Истанбул халқаро аэропорти мутахассислари билан ҳамкорликда йирик транспорт ва сайёҳлик марказига айлантириш режалаштирилган.

Очиқ маълумотларга кўра, Air Marakanda МЧЖ бор-йўғи бундан бир йил аввал - 2020 йил 9 апрелда ташкил қилинган. Ҳаво транспорти соҳасидаги хизматларни кўрсатишга ихтисослашган компаниянинг устав фонди миқдори 400 миллион сўм этиб кўрсатилган.

Таъсисчиси эса, бизнесменлар орасида солиқлардан қочиш учун танланадиган офшор ҳудуд дея эътироф этиладиган Кипр давлатида (Αγίου Αθανασίου, 46, INTERLINK HERMES PLAZA, Floor 4, Flat 400Α) рўйхатдан ўтган Drupola Holding Limited компанияси. Очиқ маълумотларга кўра, таъсисчининг ўзи ҳам бой тарихга эга эмас – компания 2011 йил 31 январда ташкил қилинган. Шунингдек, халқаро ёки миллий даражадаги аэропортларни бошқариш борасида тажрибага эгалиги борасида маълумотлар йўқ.

Drupola Holding Limited компанияси кимга тегишли эканлиги ҳақида очиқ манбаларда маълумот мавжуд эмас. Лекин, компания рўйхатдан ўтган Кипрдаги юридик манзил (Αγίου Αθανασίου, 46, INTERLINK HERMES PLAZA, Floor 4, Flat 400Α)da Ferkensco Management Limited ва Eriell Holding Company Limited компаниялари ҳам рўйхатдан ўтган.

Самарқандлик тадбиркор, ERIELL Group ва Enter Engineering бошқаруви раиси Бахтиёр Фозилов 2020 йил май ойида bne IntelliNews нашрига берган  интервьюсида Ferkensco компаниясининг ҳам бошқарувчиси эканлигини айтган эди.

Шунингдек, Бахтиёр Фозилов Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйидаги 212 гектар майдонда қурилаётган иншоотлар, конгресс ҳолл, Marakanda Hotel Group бренди остидаги меҳмонхоналар ва дам олиш масканларидан иборат туризм марказини қураётган Samarkand Touristic Centre компаниясининг 60 фоизлик эгаси ҳисобланади.

Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров ҳам шундай муҳим объектни рақобатсиз, боз устига шубҳали компанияга бериб юборилганини танқид қилди.

«Агар Air Marakanda МЧЖ ростанам Самарқанд аэропортига қизиқаётган бўлса, аэропортни сотувга қўймайсизларми? Очиқ савдода, бошқа талабгорлар билан рақобатлашиб сотиб олмайдими? Ўша ваъда қилинаётган 80 млн долларлик инвестицияни сарфламайдими?

Давлат қарийб 24 млн доллар пул сарфлаб аэропортни қайта қурсаю, кейин уни ҳавойи ваъда бераётган офшорга қўш-қўллаб топширса? Бунда қандай иқтисодий мантиқ ва маъно бор?» – деб ёзади блогер.

Солиқ имтиёзлари

Бундан ташқари, 2021 йил март ойида қабул қилинган «Республика аэропортларини бошқариш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори билан Air Marakanda МЧЖ тоифасидаги компанияларга катта солиқ имтиёзи берилмоқда.

Яъни республика аэропортларини давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция, модернизация, эксплуатация қилиш ва бошқариш лойиҳаларини амалга оширишда битим имзоланган кундан бошлаб уч йил муддатга хусусий шериклар, улар томонидан жалб қилинадиган лойиҳа ташкилотлари, операторлар, маслаҳатчилар, пудратчилар ва субпудратчилар:

  • олиб кириладиган махсус транспорт воситалари, йўл-қурилиш техникаси, машиналар, механизмлар, ускуналар, хомашё, материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, узеллар, технологик ва лойиҳа ҳужжатлари, дастурий таъминот, жиҳозлар, шу жумладан, лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган пудрат қурилиш ташкилотларини жиҳозлашга мўлжалланган махсус йўл-қурилиш техникаси ва ускуналари учун божхона божидан;
  • олиб кириладиган транспорт воситалари (енгил автомобиллардан ташқари) ва махсус техника учун утилизация йиғимидан озод қилинади.

Шунингдек, хусусий шериклар ва аэропортлар фойда солиғини, шу жумладан дивиденд тўлашда ушлаб қолинадиган фойда солиғини белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлайди ҳамда аэропортлар учун мол-мулк солиғининг белгиланган ставкаси 50 фоизга камайтирилади.

Мавзуга оид