Ўзбекистон | 14:14 / 20.04.2021
67510
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways 9та давлатга рейсларни ёпади. Улар «норентабел» деб топилган

Uzbekistan Airways трансформация қилиниб, хизматнинг гибрид моделига ўтказилади. Харажатларни камайтириш учун штатлар қисқартирилади, хориждаги самарасиз 20та ваколатхона ёпилади. Шунингдек, май ойидан «норентабел» деб топилган 9та рейс ёпилади. Бу каби чоралар орқали йиллик харажатлар 46,5 миллион долларга қисқартирилиши кўзда тутилган.

Авиакомпания фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар орқали жами харажатларни 46,5 миллион долларга қисқартириш кўзда тутилган.

«Ўзбекистон 24» телеканали репортажида айтилишича, Uzbekistan Airways авиакомпанияси 2021 йилнинг майидан Париж, Рим, Милан, Амритсар, Мумбай, Бангкок, Токио, Куала-Лумпур ва Жакартага амалга ошириладиган рейсларини «норентабеллиги» сабабли ёпади. 

Давлат раҳбарига қилинган тақдимотда кўрсатилишича, бу рейсларни тўхтатиш орқали авиакомпания ҳар йили 12,3 миллион долларни тежаб қолади.

Бундан ташқари, компания ва унинг таркибий ташкилотлари штатини 20 фоизга қисқартириш (бу харажатларни 3,9 млн долларга камайтиради), чет элдаги 20та самарасиз офисни ёпиш (3,5 млн), БАА ва Хитойдаги икки минтақавий ва асосий вакилларининг лавозимларини бекор қилиш (400 минг доллар), фойдаланилмаётган 12та самолётни эксплуатациядан чиқариш (380 минг доллар), Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва АҚШдаги чипталарни сотиш бўйича 6 йирик агент билан тузилган шартномаларни бекор қилиш (5 млн доллар), хорижий агентларнинг авиачипталарни сотиш бўйича комиссияларини 9 фоиздан 5 фоизгача камайтириш (2,9 млн доллар), тендер асосида ёқилғи-мойлаш материалларини сотиб олиш орқали харажатларни камайтириш (18,1 млн доллар) каби чоралар орқали харажатларни қисқартириш режалаштирилган.

19 апрел куни президент Шавкат Мирзиёев Uzbekistan Airways авиакомпаниясини трансформация қилиш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишганди.

2021 йилнинг учинчи чорагидан бошлаб 4та Airbus А320 самолётида арзон парвозларни амалга ошириш режалаштирилган. Узоқ масофали йўналишларни ривожлантириш учун 3та Airbus А321 NEO LR самолётларини ижарага бериш режалаштирилган. Ички рейслар сонини ҳафтада ҳозирги 17тадан 49тага етказиш режалаштирилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид