Спорт | 15:00 / 21.04.2021
26491
8 дақиқада ўқилади

Суперлига таслим бўлди. Клублар бирин-кетин турнирни тарк этгач, лойиҳа тўхтатилди

Суперлига лойиҳа муҳокамасини тўхтатишга мажбур бўлди. 21 апрел куни кечга бориб Англиянинг олти клуби бу лойиҳада иштирок этишдан бош тортди.

Фото: Charlotte Wilson/Getty Images

Суперлига лойиҳасини ишга тушириш қарори 19 апрелга ўтар кечаси эълон қилинганди. «Арсенал», «Челси», «Ливерпуль», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед», «Тоттенҳэм», «Реал», «Барселона», «Атлетико», «Милан», «Интер» ва «Ювентус» клублари ўз расмий сайтларида ушбу лойиҳада иштирок этишини маълум қилганди. Лига президенти Флорентино Перес бўлганди.

Аммо клубларнинг бу қарорлари норозиликлар тўлқинини келтириб чиқарди. Душанба куни Англиядаги клубларнинг стадионлари атрофида мухлислар тўпланиб, лойиҳани ишга туширишни тўхтатишни талаб қилишди. Улар элита жамоаларидан иборат ёпиқ турнир - футбол ғояларини ўлдиришидан хавотирларини билдиришди.

УЕФА эса бу клубларга ва клублар футболчиларига санкциялар жорий этилиши, клублар еврокубоклардан ҳам, миллий чемпионатлардан ҳам чиқариб юборилиши, футболчилар терма жамоаларига чақирилмаслиги билан таҳдид қилди.

Душанба куни кечқурун Перес турнир дастури билан таништириб, баёнот берди, унда асосан янги турнир клубларга коронавирус пандемияси туфайли кўрилган зарарларни қоплашга ва ўзини молиявий томондан тиклаб олишга ёрдам беришига урғу берилганди. Аммо Перес бу чиқиши билан фанатларни ишонтира олмади.

Натижада Англиянинг 6 клуби лойиҳада иштирок этишдан бош тортди. 20 апрел куни кечқурун Суперлига асосчилари шошилинч йиғилиш ўтказишган. 21 апрелга ўтар кечаси лойиҳа тўхтатилиши ҳақида эълон қилинди.

Европа Суперлигаси матбуот хизмати турнир тўхтатилганини расман эълон қилиб, лойиҳа қайтадан кўриб чиқилишини маълум қилди.

«Европа Суперлигасининг ишончи комилки, Европа футболининг ҳозирги мақоми ўзгаришларга муҳтож. Мавжуд тизим ишламагани туфайли биз янгича Европа мусобақасини таклиф этдик. Бизнинг таклифимиз спортни ривожлантириш, шу билан бирга футбол пирамидасининг барқарорлигини таъминлаш ва пандемия туфайли юзага келган оғир дамларда футбол жамоатчилигига ёрдам беришга қаратилган. Бу, шунингдек, футболдаги барча манфаатдор томонларини катта маблағ билан таъминлайди.

Англия клублари босим остида қарор чиқариб, кетиш ҳақида эълон қилганликларига қарамай, ишончимиз комилки, бизнинг таклиф Европа қонунчилиги ва нормаларга тўла жавоб беради. Юзага келган мураккаб шароитни ҳисобга олиб, биз лойиҳани ўзгартириш учун керакли қадамларни кўриб чиқамиз», — дея Суперлиганинг баёнотини келтирган журналист Роб Ҳаррис.

«Челси» — биринчи
Сешанба кунига келиб кўплаб клублар бундай шароитда турнирни ўтказиш тўғри эмаслиги ҳақида ўйлай бошлади. Сешанба куни кундузи британ нашрларида «Челси» ва «Манчестер Сити» Суперлигадан чиқишни режа қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Сешанба куни «Челси» АПЛ доирасида «Брайтон»ни қабул қилди. Ўйиндан олдин «Стэмфорд Бриж» стадиони атрофида кўклар жамоаси мухлислари йиғилиб, жамоа автобусининг йўлини тўсиб қўйишди. Фанатлар билан «Челси» клуби маслаҳатчиси Петр Чех музокара ўтказди — у оломон олдига кириб, тарқалишни сўради ва деди: «Бизга бироз вақт беринглар!» Халқ собиқ дарвозабонга қулоқ солди ва автобусни ўйинга қўйиб юборди.

Худди шу вақтда Британиядаги нуфузли нашрлар «Челси» Суперлигадан чиқиш учун ҳужжатларни тайёрлаётгани ҳақида хабар тарқатди. Роман Абрамовичнинг клуби амалда турнирни тарк этиши ҳақида биринчи бўлиб маълум қилди. Sky нашри шундай ёзади: «Челси» ушбу лойиҳага охиргилардан бўлиб қўшилганди ва унинг лойиҳадан чиқиш ҳақидаги қарори жамоатчиликда резонанс келтириб чиқарди. «Кўклар» раҳбари лойиҳадан чиқишга қарор қилганди».

Инглиз клублари қандай изоҳлар беришди
Европа футбол ассоциацияси (УЕФА) инглиз клубларини Суперлигадан қайтишга кўндирган. Mundo Deportivo маълумотига кўра, ташкилот АПЛ жамоаларига лойиҳада иштирок этишдан воз кечиш учун каттагина маблағ таклиф қилган.

«Манчестер Сити» Суперлига сафидан чиққани ҳақида ўз расмий сайтида эълон қилган биринчи клуб бўлди: «Манчестер Сити» футбол клуби Европа Суперлигасини яратиш режаларини ишлаб чиқадиган гуруҳдан чиқиш тартиб-таомилларини расман бошлаганини тасдиқлайди».

«Арсенал» узр сўради ва сайтида мухлисларга мурожаат қилди: «Биз хатога йўл қўйдик ва бунинг учун узр сўраймиз. Биламиз, сизнинг ишончингизни қайтариш учун вақт талаб этилади, аммо изоҳлашга рухсат беринг, Суперлиганинг бир қисми бўлиш қарори сиз севадиган клубни молиявий барқарорлик билан ҳимоя қилиш истаги билан қабул қилинган».

«Биз тасдиқлашимиз мумкинки, Европа Суперлигасини тайёрлаган гуруҳдан чиқиш жараёнини бошладик», — деди «Тоттенҳэм» ва сайтда клуб раҳбари Даниэл Левининг узрномаси келтирилди.

Шунга ўхшаш баёнот «Ливерпуль» томонидан ҳам берилди: «Клуб тасдиқлаши мумкинки, бизнинг Европа Суперлигаси тузиш бўйича лойиҳадаги иштирокимиз якунланди».

«Биз Европа Суперлигасида қатнашмаймиз», — дея тасдиқлади «МЮ».

Англия клублари орасида энг сўнгги баёнот «Челси» томонидан берилди. Клуб кундузи тарқалган маълумотни расман тасдиқлади.

«Аввад хабар қилинганидек, «Челси» тасдиқлайдики, Европа Суперлигаси устида иш олиб борган гуруҳдан чиқиш учун формал процедура бошланган. Ўтган ҳафта охирида бу гуруҳга қўшилганимиздан кейин бу масалани яна ўйлаб кўришга вақт бўлди ва қарор қилдикки, бу режаларда иштирок этиш клуб, мухлислар ва футбол жамоатчилиги манфаатларига мос эмас», — дейилган хабарда.

Клублар учун оқибатлар
Ҳозирча турнирдан чиқишга қарор қилган иштирокчи клубларга қандай санкциялар қўлланиши маълум эмас. Перес шартнома 23 йилга тузилгани,  Суперлигани тарк этганларга катта жарималар ёзилишини айтиб ўтганди. Аммо, масалан, «Барса» келишувни бир шарт билан, мухлисларнинг розилиги бўлиши шарти билан имзолаган. 

Ўз навбатида, УЕФА томонидан турнир ташаббускори бўлган «Реал»га санкция қўлланиши мумкин. ОАВда тарқалган хабарларга кўра, агар Флорентино Перес клуб президентлигида қоладиган бўлса, мадридликлар клуби еврокубоклардан четлатилади.

Мавзуга оид