Жамият | 17:16 / 22.04.2021
35314
6 дақиқада ўқилади

Бу вируснинг иккита асосий оқсилини блоклайди — «Рутан» препарати ва унинг хусусиятлари ҳақида маълумот берилди

АОКАда Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институти томонидан яратилган «Рутан» препарати ва унинг хусусиятларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда институт томонидан яратилган «Рутан» препарати гриппни даволаш учун бир неча йил аввал яратилгани, препарат олимлар томонидан қайта ишланиб, Ўзбекистонда ва Уҳан вирусология институтида синовдан ўтказилгани, шунингдек, SARS-CoV-2 вируси билан касалланган беморларни даволаш учун самарадор ва организмга зарарли таъсири кам бўлган дори воситаси экани таъкидлаб ўтилди.

Биоорганик кимё институти директори академик Шавкат Солиҳов вируснинг одам организмига қандай кириши, мутацияларга учраши, вируснинг асосий зарарли оқсиллари ва бунга қарши қандай курашилиши ҳамда шу жараёнда олим ўзи ишлаб чиққан препаратнинг бошқа муқобилларидан фарқи бўйича тушунтириб ўтди.

Шавкат Солиҳов

«Бугунги кунда SARS-CoV-2 вируси билан касалланган беморларни даволаш учун самарадор, организмга зарарли таъсир кўрсатмайдиган дори воситаларини яратиш ўта долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Ижтимоий тармоқларда одамлар фикрини кузатиб шунга амин бўляпманки, вирус нима, у қандай ишлайди, унга қандай қаршилик қилиш мумкин, каби маълумотларга эга эмас.

Коронавирусларнинг ҳаёт жараёни ва кўпайишида ҳал қилувчи вазифани вируснинг иккита консерватив оқсиллари: 3CL протеаза ва полимераза бажаради.

Бугунги кунда COVID-19’ ни даволашда 3CL протеаза ва полимеразанинг ингибиторлари сифатида «Калетра», «Рибаверин», «Ремсидивир», «Фавипиравир» каби препаратлардан фойдаланилмоқда. Лекин буларнинг ҳеч бири COVID-19 учун чиқарилмаган.

Бу препаратлар вирус таркибида мавжуд бўлган биргина нишонни ингибирлайди, яъни зарарсизлантиради. Шунингдек, уларнинг қатор ножўя таъсирлари мавжуд бўлиб, бемор бир неча ой ўзини нохуш сезади.

Биоорганик кимё институти яратган «Рутан» препарати SARS-CoV-2 вирусига қарши юқоридаги дорилардан кўра самаралироқ ҳисобланади, у антиоксидантлик ва антигипоксик хусусиятларга эга. У SARS-COV-2 вирусининг 2 та муҳим ферменти: протеаза ва полимеразани ингибирлайди.

Ҳамюртларимиз, шунингдек, қандай қилиб Ўзбекистон биринчи, деб таажжубланяпти. Бу ростдан ҳам биринчи, сабаби иккита асосий ферментни блоклайди. Бунақа дориларни бутун дунё қидиряпти, икки-уч йилда бундан бир неча баравар кучлиларини яратишади.

Вируснинг ҳужайрада кўпайиши ва тарқалиши ҳамда патологик ва яллиғланиш жараёнини чақирувчи оқсиллар ҳосил бўлишини тўхтатади ва касалларда салбий ҳолат - “цитокинин бўрони”нинг олдини олади. Натижада SARS-CoV-2 вирусига чалинган беморларнинг тузалиш муддати қисқаради ва бемор ўз ҳолатига тез қайтади.

SARS-COV-2 вирусига қарши қўлланилаётган препаратлар дозасини ўрганиш натижасида «Рутан»ни оғир ва ўртача оғирликдаги беморларни даволашда 0,1 -0,3 г дозани қўллаш кераклигини аниқладик.

Вирусология институти томонидан 1-сонли Зангиота махсус шифохонаси клиник базасида Рутан таблеткаси, 0,1 г” № 20 препаратининг SARS-COV-2 вирусига қарши клиник синовларида касаллик ўртача оғирликда кечаётган 103 беморда С-реактив оқсили миқдори камайиши кузатилган.

Шунингдек, «Рутан» препаратини қабул қилган синов гуруҳи беморларини протокол даволаниш фонида касалликнинг 4-5-куни давомида СОVID-19 вирусига олинган ПЦР таҳлил салбий бўлди.

Клиник синов натижаларига кўра, «Рутан таблеткалари, 0,1 г» №20 ўртача оғирликда кечаётган ўпка яллиғланиши 30 фоиз бўлган COVID-19 касаллигига ҳамда гриппнинг барча штаммларига қарши дори воситаси сифатида қўллаш учун рухсат этилди.

Умуман олганда бу янги нарса эмас, биз буни 2015 йилда гриппга қарши яратган эдик. Тарихи эса 90-йилларга бориб тақалади», деди академик.

Вирусология илмий-тадқиқот институти директори Эркин Мусабоевга кўра COVID-19 касаллигига қарши қўлланиладиган препаратлар, хусусан «Рутан» касаллик асоратларини камайтиришга мўлжалланган.

Эркин Мусабоев

«Кўпчилик одамлар касалга дори бердингми, демак тузалади, деб ўйлайди. Афсуски, Ковидда шунақа дорилар йўқ. Айтиб ўтилган препаратлар ҳам асоратларни камайтиради холос, лекин йўқота олмайди. Шу жумладан, «Рутан» ҳам асоратни камайтиради, мутлақо йўқотиб юборадиган дори эмас. Яна бир қувонарлиси - токсик томони деярли йўқ», деди Эркин Мусабоев.

Анжуманда маълум қилинишича «Рутан» препарати субстанцияси ФА Биоорганик кимё институти томонидан ишлаб чиқарилади, унинг «Рутан таблеткалари, 0,025 г» №20 ва «Рутан таблеткалари, 0,1г» №20 дори шаклларини «China-Uzbekistan medicine technical park» МЧЖ хорижий корхонасида ҳамда «Radiks» МЧЖ томонидан республика эҳтиёжини тўла таъминлайдиган миқдорда ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, «Рутан» препаратини дорихоналардан рецептсиз сотиб олиш мумкинлиги маълум қилинди. «Radiks» МЧЖ раҳбари жорий йил май ойи ўрталаридан бошлаб дорихоналардан сотиб олиш мумкинлигини қўшимча қилди.

Биоорганик кимё институти директори академик Шавкат Солиҳов «Рутан таблеткалари, 0,1 г» №20 билан даволаш курсининг нархи 100 минг сўм, «Рутан таблеткалари, 0,025 г» №20 эса 35-40 минг сўм атрофида бўлишини таъкидлади.

Шифокорлар ва мутахассислар учун «Рутан» таъсирининг молекуляр механизми, клиник синовлари ва иммун тизимига таъсири ҳақидаги батафсил маълумотлар ЎзР ФА Биоорганик кимё институти (www.biochem.uz) сайтида келтирилган.

Мавзуга оид