Ўзбекистон | 15:07 / 22.04.2021
7954
3 дақиқада ўқилади

Фото: AҚШда ўзбек ҳарбийлари «Илғор жангчи» мусобақасининг иккита шарти бўйича рекордларни янгилади

АҚШнинг Миссисипи штатидаги «Camp Shelby» ҳарбий ўқув базасида 2021 йил 18 апрель куни старт олган «Илғор жангчи» мусобақасининг яна 4 та йўналишдаги баҳслари якунланди.

Мусобақада мураккаб сунъий тўсиқлар йўлагидан ўтиш, узоқ масофага маршни амалга ошириш, жанг шароитида ярадорга тез тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда иштирокчиларнинг тунги шароитда ҳарбий топография бўйича билим ва маҳоратлари синовдан ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти Kun.uz'ga маълум қилди.

10 га яқин тўсиқларни ўзида жамлаган, узунлиги 900 метр бўлган йўлакдан ўтиш баҳсларида Ўзбекистон вакиллари ҳам мувафаққиятли иштирок этиб, бу шартда яна бир бор ғолиб чиқди.

Баландлиги 8 метр бўлган мураккаб шаклдаги ёғоч тўсиққа чиқиш ва тўрли арқондан фойдаланиб ундан тушиш, кенглиги чамаси 20 метр бўлган сув ҳавзасидан арқон ёрдамида ўтиш, нотекис ва ностандарт мувозанатга эга турли сунъий тўсиқлардан ўтиш каби мажмуавий машқларда кичик сержант Хайрулло Олимов 9 дақиқа-ю 20 сония вақт сарфлаб, мусобақа рекордини янгилади.

Мусобақанинг кейинги шартида иштирокчилардан 18 кг юк билан белгиланган вақт оралиғида 20 километрлик масофани босиб ўтиш талаб этилди. Мазкур шартда Ўзбекистоннинг ҳар икки ҳарбий хизматчиси ҳам рақибларидан илдам ҳаракатланиб, марра чизиғини 2 соат-у 2 дақиқада босиб ўтиб, мусобақа натижаларини янгилашга эришди.

Жанг майдонида тиббий ёрдам кўрсатиш машқида иштирокчилар 4 та ўқув саволи бўйича синовдан ўтишди. Унга кўра, 4 нафар турли кўринишдаги яраланган жангчиларни жанг майдонидан олиб чиқиш, улардаги шикастланиш даражасини аниқлаш, ташқи ҳаёт белгиларига қараб биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ёпиқ ёки очиқ синиш каби жароҳат олганларга тезкор муолажа қилиш ҳамда уларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш вазифаларини бажаришди.

Мусобақанинг сўнгги босқичида иштирокчилар турли русумдаги қуроллардан ўт очиш, артиллерия оловини йўналтириш ҳамда тест синовларида беллашади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 18 апрель куни старт олган ушбу мусобақаларда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари – III даражали сержант Дилмурод Сулаймонов ва кичик сержант Хайрулло Олимовлар эстефета ҳамда узоқ масофага югуриш шартларида ҳам шу кунгача қайд этилган мусобақа рекордини янгилаган.

Ўзбекистонлик ҳарбийлар 2019 йилда ушбу мусобақада 1-ўринни қўлга киритишган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид