Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Аёллар ҳуқуқларини таъминлаш иқтисодий ўсишга олиб келади» — Ҳелена Фрейзер билан суҳбат
БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Ҳелена Фрейзер Kun.uz'га берган интервьюсида 90-йиллардаги ва ҳозирги Ўзбекистон, гендер тенглиги ва глобал эзгу мақсадлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
«Тарихий ўзликни англашга уриниш кучайгани – сўнгги ўн йилликларда Ўзбекистонда рўй берган энг муҳим ўзгаришлардан бири», – дейди Тошкентга илк марта талабалик пайтида келган Ҳелена Фрейзер.
– Ўтган йили БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ўтказган тадбирда сиз Ўзбекистонга илк марта 90-йиллар бошларида келганингиз ҳақида айтиб бергандингиз. Ўша вақтдаги таассуротларингизни томошабинларимиз билан ҳам ўртоқлашсангиз.
– Ҳа, албатта. Шундай қилиб, мен биринчи марта Ўзбекистонга келганимда талаба эдим. Мени илҳомлантирган ва ўқишим билан боғлиқ жойларга бориш учун саёҳат стипендияси ютгандим. Марказий Осиёга 1993 йилда келганман. Ўша саёҳат менда катта таассурот қолдирган. Дастлаб Буюк Британиядан Москвага, кейин Тошкентга, у ердан эса Улан-Баторга парвоз қилгандик. Кейин эса биз Чингизхон қолдирган тарихий йўллардан юриб, қуруқлик орқали ғарбга томон йўл юрдик, яъни Мўғулистон ғарбидан Қозоғистонга боришга ҳаракат қилдик, бу унчалик ҳам осон бўлмаган. Ёш бўлганимиз туфайли кўп нарсалар ҳақида содда фикрлар эдик, ўша пайтда чегараларда вазият мураккаб бўлганидан бехабар бўлганмиз. Охир-оқибат, Мўғулистон чегарачилари билан бўлган ўзига хос ва қизиқарли музокаралардан сўнг чегарани кесиб ўтишга муваффақ бўлганмиз.
Мўғулистондан Қозоғистонга кириб, Олмаотага йўл олдик. У ерда автобусга ўтириб, Ўзбекистонга келдик. Мен Ўзбекистондаги ажойиб тарихий шаҳарларни кўришдан, бу мамлакат ва минтақанинг маданий мероси ва тарихий бойлигини кўришга муяссар бўлганимдан жуда хурсанд бўлдим, ҳайратландим, ҳаяжонландим. Биз Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз шаҳарларини зиёрат қилдик. Сўнг Қирғизистон орқали Хитойнинг Қошғар шаҳрига етиб бордик, сўнгра Покистон орқали Деҳлигача бордик. Шундай қилиб, биз ҳақиқатан ҳам тарихий Буюк ипак йўлидан юриб саёҳат қилгандик.
– Ўзбекистонга биринчи ташрифингиз 1993 йилда бўлган экан. Орадан 20 йилча вақт ўтиб, сиз яна Ўзбекистонга келдингиз. Бу икки даврдаги Ўзбекистонни таққослай оласизми?

– Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон айниқса қадимий тарихи билан яна бирлашаётгани мени жуда хурсанд қилади. Ёшларга бир неча минг йиллик тарих, маданият, илмий билимларни тушунтиришга, Ўзбекистонда туғилиб, кейинчалик Ҳиротга, Боғдодга кўчиб ўтиб, буюк олимлар, гуманистлар ва Ислом динининг буюк шахсларига айланган кишиларнинг аҳамиятини англашлари учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар менда катта таассурот қолдирди. Шу ҳудуддан етишиб чиққан алломалар глобал миқёсда илм-фан ва жаҳон адабиётига улкан ҳисса қўшдилар. Мен учун айнан шу, яъни тарихий ўзликни англашга уриниш кучайгани – сўнгги ўн йилликларда Ўзбекистон рўй берган энг муҳим ўзгаришлардан биридир.
Шубҳасиз, Ўзбекистонда бўлганимнинг сўнгги 4 йилида биз жуда тезкор ўзгаришларни кўрдик. Эсимда, координатор сифатида иш бошлаганимда мендан олдин бу лавозимда ишлаган ҳамкасбим Тошкентда яхши кофе топиш жуда қийин деганди, чунки ҳамма асосан чой ичади. Ҳозир эса ҳамма жойда ажойиб қаҳвахоналар бор. Тошкентда мазали кофе топиш энди муаммо эмас. Шундай қилиб, биз 3 йил олдин бошланган бозор ислоҳотлари мамлакатдаги имкониятларни қандай рўёбга чиқарганини кўрдик. Гарчи, албатта, ҳукумат илгари сурган мақсад ва вазифаларнинг барчасини амалга ошириш учун ҳали кўп вақт зарур бўлади.
Яна нималар ўзгарганига тўхталсак, менимча, бу – очиқлик ҳисси. 28 йил олдин Ўзбекистонга илк марта келганимда, ҳамма жойда жуда кўп полициячилар бор эди. Эҳтимол, чет элликларга хавотир билан қарашгандир. Масалан, чет эллик талаба бўлганим учун мени айғоқчи сифатида қабул қилган бўлишлари ҳам мумкин, лекин, албатта, аслида ундай эмасди. Мен шунчаки бу ажойиб мамлакатга келиш учун стипендия олишга муваффақ бўлган эдим, аммо барибир, бу шунчаки оддий нарса эмас эди. Биласизми, ўша пайтда Ўзбекистонга сайёҳлар ҳозиргидан анча кам келарди, улар асосан гуруҳ бўлиб келиб, муайян меҳмонхоналарда қолишарди. Бугунга келиб эса бу бутунлай ўзгарди. Мамлакатнинг туризмга очиқлиги жуда ажойиб. Полиция сайёҳларни кузатишдан кўра кўпроқ уларга ёрдам беради. Шундай қилиб, мен мамлакатингизда жуда кўп яхши ўзгаришларни кўрдим.
– Суҳбатимизни гендер тенглиги мавзуси билан давом эттирсак. Ўтган йилдан бошлаб, гендер тенглиги жамоатчилик фаол муҳокама қилаётган мавзулардан бирига айланди. Бу борадаги қарашларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Албатта. Менга Ўзбекистон ҳукумати кун тартибида гендер тенглиги муҳим аҳамият касб этган даврда бу ерда ишлаш насиб қилди. Аввалига, гендер тенглиги масаласига жиддий қарашимнинг сабабини тушунтирсам. Гендер тенглиги – нафақат ижтимоий адолат, ҳуқуқлардан фойдаланиш, балки иқтисодий ўсиш демакдир. Халқаро валюта фонди ўз глобал маълумотларига асосланиб, аёллар ва эркаклардаги имкониятлар ўртасидаги фарқни минимумга тушириш мамлакат ялпи ички маҳсулотини 35 фоизга ошириши мумкинлигини кўрсатадиган тадқиқотни эълон қилган. Бу жуда катта миқдор.
Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Бу ерда иш излаётган ёшлар кўп. ЮНИСEФ маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги ёшларнинг 53-54 фоизи касбий тайёргарликдан ўтмайди. Гендер фарқни кўриб чиқсангиз, бу жуда катта. Агар биз ушбу гуруҳдан 19 ёшдан 30 ёшгача бўлган аёлларни чиқариб ташласак, бу 74 фоизгача ўсади. Яъни ушбу ёш тоифасидаги аёлларнинг аксарияти ишламайди, ўқимайди ёки касб-ҳунар таълимини олмайди.
Аёллар ва қизлар ўз мамлакатлари равнақига ҳисса қўшиши учун уларнинг эркаклар билан бир хил ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлаш жуда муҳимдир. БМТнинг ушбу позицияси ташкилотнинг асосий ҳужжатларида ҳам қайд этилган. Чунки аёлларни муносиб шароитларда касбий фаолиятга жалб қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимояси, соғлиқни сақлаш ва таълим олиш имкониятларини ошириш – жамият ривожланишига, иқтисодиётнинг ўсишига ёрдам беради. Қолаверса, келажакда бизнинг изимиздан эргашадиган ва мамлакат ривожига ўз ҳиссасини қўшувчи болалар авлодини тарбиялашга ёрдам беради.
– Аёлларни ўз устида ишлашга қайси омиллар ёрдамида рағбатлантириш мумкин?
– Ўйлайманки, қўллаб-қувватловчи муҳит яратиш боланинг эрта ёшлигидан бошланади. Ота-она аввало фарзандларига ишонч билдириши, шу билан бирга ўғил ва қиз болаларга бир хил имконият яратиши зарур.
Қизларнинг ҳам ўз орзулари бўлишига имкон бериш лозим. Масалан, менинг орзум Марказий Осиёга саёҳат қилиш эди. Ўша пайтда ота-онам менга: «Бу саёҳат хавфли, сен қиз боласан, ёлғиз боролмайсан», дейиши мумкин эди. Улар эса аксинча: «Омад сенга, қизим! Эҳтиёт бўл, биз сенга мақсадларингга эришиш учун бор кучингни сарфлашни ўргатдик. Соғ-саломат қайтиб келгин», дейишган.
Бундай ота-она – болалар учун ажойиб совға. Бу борада омадим келган. Биз кўп болали оиламиз: ота-онам, 5 қиз ва бир ўғил. Шунга қарамай, ҳаммамизда бир хил имконият бўлган. Шунинг учун бу жуда муҳим лаҳза.
Биз БМТда бутун дунё миқёсидаги маълумотларни кўриб чиқамиз, улар ҳар доим бир хил муаммоларга ишора қилмоқда: биз аввало таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан ўғил ва қизлар тенг фойдаланишига эришишимиз зарур.
Биз турли жамиятларда қизлар ўз олдиларида турган кўплаб тўсиқларни енгиб ўтишига эришишимиз керак. Бу жуда қийин: бунинг учун оилалар, жамиятлар бошқача фикрлай бошлаши, ҳукуматлар мавжуд дискриминация ва тўсиқларни бартараф этишга имкон берадиган сиёсатни олға суришлари зарур.
Биласиз, бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий сиёсат илғорлашган. Масалан, мактабгача таълимни ривожлантириш ҳаракатлари. Бу нафақат болалар учун, балки аввалги ишига қайтиши ёки янги иш топиши мумкин бўлган оналар учун ҳам жуда яхши. Бундай сиёсат аёлларнинг нормал ишлаши учун шароит яратиб беради.
Бола парвариши ҳақида ҳам тўхталмоқчиман. Бола парвариш қилиш учун эркаклар ҳам аёллар каби махсус таътилга чиқиш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Масалан, Швеция бу борада анча илғор, бу ерда эркаклар ва аёллар бола туғилгандан кейин ота-она таътилини бўлишишади. Бола парваришлашни эркаклар ҳам ўз зиммасига олиши – қизларнинг камситилиши камайишига ҳам хизмат қилади. Бундан ташқари, болаларга оталари билан кўпроқ вақт ўтказиш имконини беради. Шу орқали аёллар ҳам меҳнат бозорига қайтиш ва мамлакат иқтисодиётига ҳисса қўшиши мумкин бўлади. Демак, бундан ҳеч ким ютқазмайди.
– Аёлларни шахс сифатида ривожланишга ундовчи омиллар нималар бўлиши мумкин?
– Бу саволингизга жавобни қисман айтиб ўтдим. Бу – сиёсий нуқтайи назарни ўзгартириш, стереотиплар ва камситишларни йўқ қилиш каби омиллар.
Аёллар хоҳ сиёсатчи, хоҳ қарор қабул қилувчи амалдор ёки тадбиркор сифатида ҳаётимизда тўлиқ иштирок этиши учун уларга қулай ҳуқуқий муҳит зарур. Аёллар ўзларининг бизнес ғояларини амалга ошириш учун эркаклар билан тенг молиявий имкониятларга эга бўлишлари керак. Ўз бизнесларини ҳимоя қилиш учун қонун олдида ҳам бир хил ҳуқуқлари бўлиши зарур. Улар ўз ҳуқуқларидан фойдаланиши учун бола парвариши институтлари ва таълим имкониятлари бўлиши керак. Буларнинг кўпи Ўзбекистонда амалга оширилмоқда. Яқинда қабул қилинган гендер тенгликка оид янги қонун қулай ҳуқуқий базани яратиш йўлидаги жуда муҳим қадам бўлди.
Аммо масаланинг бошқа томони – стереотиплар ва камситишларга қарши курашиш ҳам керак. Бунда нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам фаол бўлиши зарур. Биз биламизки, Сенат раиси Норбоева хоним гендер тенглигини фаол ҳимоя қилади, аммо бизга бу ғояларни фаол тарғиб қиладиган эркаклар ҳам керак. Бизга гендер тенглиги мамлакат учун, жамият учун ва болалар учун фойдали эканига ишонадиган етакчи эркаклар керак. Ва менимча, бу қадам ҳар доим бироз қийинроқ. Аммо буни албатта рўёбга чиқариш мумкин деб ўйлайман. Мен гендер тенглигига қатъий ишонадиган эрим борлигидан фахрланаман.
– Аёл бахти учун қайси жиҳатларни муҳим деб ҳисоблашингиз ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Мен учун бахт – ўз ишим орқали жамият ҳаётига ҳисса қўшаётганимни ҳис қилиб яшаш, шу билан бирга она сифатида, рафиқа сифатида завқланиб ҳаёт кечиришдир. Бошқаларнинг ҳаётини яхшилаш учун ҳисса қўшаётганимдан бахтиёрман. Мен Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ишлайман, БМТ ҳар доим жуда муҳим нарсаларни қўллаб-қувватлашига ишонаман. БМТ – мамлакатлар халқига барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқлари, тинчлик ва хавфсизликка эришиш учун қўлидан келганича ёрдам беришга интилади.
Айтмоқчиманки, мен жамият ривожи учун ҳисса қўшаётганимни ҳис қилишимдан бахт туяман. Аммо фақат бу эмас, яхши она, яхши турмуш ўртоқ бўлишга, оиламга ғамхўрлик қилишга интилаётганим туйғуси ҳам менга бахт беради. Фарзандлар баркамол вояга етиши – биз ота-оналарнинг вазифамиз.
– БМТ аёллар ҳаётини яхшилаш ва гендер тенглигини қўллаб-қувватлаш бўйича қандай ишларни амалга оширмоқда?
– БМТнинг мамлакатлардаги жамоалари гендер тенглиги устида кўп ишлар қилади. Чунки бу – ташкилотимизнинг асосий тамойилларидан биридир. Биз гендер тенглигисиз барқарор ривожланиш бўлмайди деб ҳисоблаймиз. Аёлларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки, имкониятлардан фойдаланиши ва ўзларига мос йўналишда жамиятга ҳисса қўшишига эришмасдан туриб, 2030 йилга белгиланган мақсадларимизни амалга ошира олмаймиз.
БМТ Ўзбекистон ҳукуматининг гендер тенглигига эришиш бўйича миллий интилишларини доим қўллаб-қувватлаб келади. Биз парламент аъзолари ва вазирликлар ўзлари қабул қилаётган қарорларининг аёллар ҳаётига таъсирини баҳолаши зарур, деб ҳисоблаймиз. Қабул қилинаётган қарорлар яхшилаб ўйланган бўлиши керак ва гендер тенглиги бўйича эълон қилинган сиёсатга мувофиқ бўлиши лозим, шунда у эркаклар ва аёлларга бирдек манфаатли бўлади.
Шунингдек, биз ҳукумат аёллар тўғрисида етарлича статистик маълумот беришини қўллаб-қувватлаймиз. Чунки аёлларнинг алоҳида эҳтиёжлари, улар қаршисидаги тўсиқларни тушуниш – ҳукуматга яхши сиёсат олиб боришига ёрдам беради. Бу жуда муҳим масала. Ва бу йўналишда жуда кўп ишларни амалга ошириш керак.
Қолаверса, биз ҳукуматни гендерга асосланган зўравонлик муаммосини ҳал қилишда қўллаб-қувватлаймиз. Агар биз гендер тенглигига эришмоқчи бўлсак, бу мавзуга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Зўравонликка дуч келганлар юридик ёрдам ва керак бўлса бошпана олишлари, уларнинг хавфсизлиги таъминланиши зарур. Зўравонлик жабрланувчилари қайта оёққа туришлари ва яна тўлиқ ҳаёт кечиришлари, мамлакат ривожига ўз ҳиссаларини қўшишлари учун барча имкониятларни ишга солишимиз керак.
БМТнинг барча тузилмаларида гендер ўлчовлар бор. Масалан, Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазиятни мониторинг қилиш асносида, пахта терувчиларнинг аксарияти аёллар эканига эътибор қаратиб келади. Улар – мавсумий ишчилар. Мажбурий меҳнатга барҳам бериш масаласига ечим излаётганда нега бу аёллар пахта теришга келишаётгани, уларнинг даромадлари, ижтимоий ҳимояси кабиларни тушуниб олиш муҳимдир.
Нафосат Тожибоева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Отахон Юсупов
Монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов
Мавзуга оид
10:48 / 22.05.2025
БМТ Ғарбий соҳилда дипломатларга қарата ўқ узилганини қоралади
21:49 / 21.05.2025
Сунъий интеллект дунёдаги ҳар тўртинчи иш ўрнига таъсир кўрсатмоқда — БМТ
20:16 / 20.05.2025
“Глобал иқтисодиёт қалтис паллада” — БМТ Трамп туфайли иқтисодий ўсиш прогнозини пасайтирди
23:35 / 14.05.2025