Иқтисодиёт | 11:03 / 25.04.2021
22756
13 дақиқада ўқилади

Барқарор ривожланиш ва турғунлик. Нега Ер юзининг барча қисми тенг тараққий этмаган?

Нима учун дин, этник тамойиллар ва қадриятлар бир хил бўлган Жанубий Корея бой ва ривожланган, Шимолий Корея аҳолиси эса танг аҳволда? Мамлакатлар ривожланишида қандай омиллар пойдевор вазифасини ўтайди?

Нима сабабдан баъзи халқлар иқтисодий тараққиёт ва эркин фуқаролик жамияти қуришда катта муваффақиятга эришган-у, аммо баъзи давлатлар бир неча юз йилдан бери қолоқлик ва қашшоқликда яшашга мажбур бўлишмоқда.

Америкалик иқтисодчилар Дарон Ажамўғли ва Жеймс Робинсон ўзларининг «Нега халқлар муваффақиятсизликка учрайди: ҳокимият, фаровонлик ва қашшоқликнинг келиб чиқиши» (англ. Why Nations Fail: The Origins of Power, Prosperity, and Poverty) китобида солиштирма таҳлиллар асосида турли давлатларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишидаги фарқларнинг асосий сабабини кўрсатиб ўтган.

Бир-бирига географик жиҳатдан яқин, шу билан бирга ривожланиш жиҳатдан турфа ҳудудлар

Дастлаб Наголес шаҳри мисолида бу ҳолатни кўриб чиқсак. Шаҳарнинг ярми АҚШнинг Аризона штатига, қолган қисми эса Мексика ҳудудига тегишли. Аризонанинг ярмидаги ҳудудда аҳолининг ўртача даромадлари 30—40 минг доллар атрофида, одамлар ўрта мактаб битирувчилари, йўллар асфальтланган, тартиб ва ​​тамойиллар мавжуд, аҳолининг аксарияти 65 ёшдан ошиқ умр кўради. Қолган жанубий ярмида эса ўртача даромад уч баравар камроқ ва қолган ҳамма нарса ҳам худди шу даражада ёмонроқ. Бу ҳудудларда атроф-муҳит ёки маданият бир хил, аммо сиёсий ва иқтисодий имкониятлар бир-биридан кескин фарқ қилади. Бунинг асл сабаби нимада?

Тарихан Мексика Испания мустамлакаси бўлган ва мамлакатда узоқ йиллар давомида қулдорлик ҳукм сурган. Мустамлакачиликдан қолган элита бошқарув тизими ва кўпчилик учун сиёсий ҳуқуқлар мавжуд эмаслиги мамлакат ривожланиши ва тараққиётига жиддий таъсир ўтказган.

Муаллифлар илмий-техник тараққиёт учун жамият кенг қатламларининг мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кераклигини таъкидлайди. Ўз ўрнида, технологияларнинг доимий ўзгариши ва такомиллашуви АҚШ ривожланишида пойдевор вазифасини ўтайди. ХХ асрнинг бошидаги АҚШнинг мислсиз иқтисодий тараққиётида иккита жиҳат муҳим рол ўйнаган.

Биринчидан, дунёнинг исталган қисмидаги иқтидорли ва кучли салоҳиятга эга бўлган илмий ходим адолатли патентлаш тизими ва меҳнатга яраша мукофотлар сабаб Қўшма Штатларга боришдан ва у ерда яшашдан манфаатдор бўлган.

Иккинчидан, ҳукумат ҳар қандай истиқболли лойиҳа ва ихтироларни қўллаб-қувватлаган ҳамда молиялаштирган. Одамларда ўз корхоналари ва инновацияларидан даромад олишга кучли мотивация мавжуд бўлган.

Американинг 300 йилдан ошиқроқ тарихи давомида сиёсий институтларнинг иқтисодий институтлар олдида, ўз навбатида, иқтисодий институтларнинг сиёсий идоралар олдида жавобгарлиги ҳар икки томонни кенг миқёсда ҳамма учун ишлашга мажбур қилган. Мамлакатдаги адолатли патентлаш ва таълим тизими ҳар бир фуқарога ривожланиш ва бойлик имтиёзларидан фойдаланиш учун имконият яратган.

Лотин Америкасида (хусусан, Мексика) диктаторлик тузуми ҳукм суриши ҳар бир фуқарога ўзини синаб кўришга ва яхши ишлаб бой бўлишга тўсқинлик қилади (одамлар кейинги диктатор топган барча пулларини олиб қўйиши мумкинлигидан ҳам қўрқишган). Одамларда яхши ишлашдан манфаатдорлик ҳисси бўлмаган.

Таъкидланишича, монополизм, коррупция ва сиёсий ҳуқуқлар йўқлиги одатий ҳол бўлган ҳозирги қашшоқ, ривожланмаган мамлакат ҳеч қандай кўринишда тараққий этиши мумкин эмас.

Мамлакат тараққиёти инклюзив ва экстрактив институтларнинг қай даражада ташкил этилганига боғлиқ

Мамлакатлар ривожланиши учун ҳал қилувчи ролни институтлар – шахсларни жамиятда мавжуд бўлган қоидаларга риоя қилишга ундайдиган механизмлар тўплами ўйнайди.

Бу ерда икки тизим ўртасида катта фарқлар мавжуд. Инклюзив институтлар тизими шаклланган демократик жамиятлар фуқаролик жамияти учун зарур бўлган инновацион ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Инклюзив институтлар давлатда қонун устуворлиги, хусусий мулк дахлсизлиги, фуқароларга фойда олиш учун иқтисодий муносабатларда иштирок этишларига ҳеч қандай тўсқинлик йўқлиги, шахсий дахлсизлик тамойиллари мавжудлиги билан ўлчанади.

Бундай иқтисодий институтларнинг узоқ муддат мавжудлиги жамиятнинг кенг қатламларига мамлакатни бошқаришда иштирок этишга ва кўпчилик учун фойдали қарорлар қабул қилишга имкон берадиган сиёсий инфратузилмани яратади. Айнан ушбу институтлар барча замонавий либерал демократик давлатларнинг асоси ҳисобланади.

Экстрактив институтлар тизими мамлакат ривожланишига халал берувчи биринчи омилдир. Бу тизим мамлакатни бошқарадиган элита қатлам бойишига ва мамлакатда амал қилиниши зарур бўлган мулк ва шахсий ҳуқуқлар бузилишига замин яратади.

Бундай институтлар тизими сиёсий ҳокимиятни жамиятнинг кичик бир қатлами эгаллаб олиб, эртами-кечми бу кучдан иқтисодий кучга эга бўлиш, яъни бошқаларнинг мулк ҳуқуқларига ҳужум қилиш йўлида фойдаланишига олиб келади. Давлат бошқарув тизими монополия ва коррупцион элементлар асосида шаклланади. Бундай муассасалар шароитида ишчиларда меҳнат унумдорлигини оширишга ҳеч қандай рағбат йўқ, чунки қўшимча даромадларнинг катта қисми ёки деярли ҳаммаси элита томонидан тортиб олинади.

Бу тизим ҳар хил турдаги диктаторлик ва тоталитар тузумлар, шунингдек, ҳокимиятни куч тузилмалари ёрдамида бошқаришга асосланган бирлашмаларнинг асосий инструментидир.

Буни Иккинчи жаҳон урушидан кейин 38-параллел бўйлаб бўлинган Шимолий ва Жанубий Кореянинг бугунги ҳолати мисолида тушуниш осонроқ бўлади. 1940-йиллар охирларида уларнинг ривожланиш даражаси деярли бир хил кўринишда бўлган, аммо бугунги кунда бу икки давлатнинг иқтисодиёти турли даражада ривожланган. Жанубий Кореянинг турмуш даражаси Шимолий Кореяга нисбатан 10 баравар юқорироқ. Шимолий Кореяда яшовчиларнинг ўртача умр давомийлиги 10 йилга камроқ.

Ривожланишдаги фарқларни институтлардан бошқа нарса билан изоҳлаш имконсиз. Жанубда хусусий мулк ва бозорлар рағбатлантирилди ва шу тариқа сармоялар ва иқтисодий ўсиш оқими пайдо бўлди. Шу билан бирга, ҳукумат таълим соҳасига сармоя киритди ва ишлаб чиқариш жараёни учун кучли билимга эга бўлган ишчи кучи оқимини ўзи учун шакллантирди.

Шимолий Кореяда эса хусусий мулк ва бозор муносабатлари тақиқланиб, марказлашган режали иқтисодиёт тартиби ўрнатилган. Бу эса шунчаки турғунликка олиб келди.

Жанубий Кореяда одамлар ўзларининг саъй-ҳаракатлари учун мукофотланишларини билишади, Шимолий Кореяда эса бирор соҳага янгилик ва сармоя киритиш учун ҳеч қандай рағбат йўқ, чунки давлат ҳар қандай ташаббусларнинг фойдасини эксплуатация қилади.

Мамлакатлар ривожланишига таъсир қилувчи бошқа омиллар

Шунингдек, муаллифлар халқаро тенгсизликни тушунтирадиган муқобил вариантларни ҳам кўрсатиб ўтишади:

Географик омиллар
Географик жойлашув ривожланишдаги муҳим асос ҳисобланади. Тадқиқотларга кўра, камбағал мамлакатларнинг аксарияти экватор яқинида жойлашган, бойлар эса мўътадил кенгликларда. Тропик иқлимда жойлашган мамлакатлар тез-тез малярияга ўхшаш пандемик касалликлардан азият чекишади. Шунингдек, иссиқ иқлимнинг тупроқ унумдорлигига таъсири натижасида бу ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан кўп ҳосил олиш имкониятини чеклайди. Бундан ташқари, иссиқ шароитда яшайдиган одамлар бошқаларга нисбатан дангасароқ бўлишади. Бу эса жанубий ҳудудларда яшовчи халқлар тараққиётига маълум маънода таъсир ўтказади.

Аммо бунга қарама-қарши равишда иқлим шароитлари ўхшаш, аммо турмуш даражаси жуда фарқ қилувчи мамлакатлар (АҚШ ва Мексика, КХДР ва Жанубий Корея, собиқ ГФР ва ГДР)ни ҳам келтириб ўтиш мумкин. Бу давлатлар ўртасидаги тафовут сиёсий институтлар ўртасидаги фарқлар билан ўлчанади.

Ёки бу мисолга Европа ва Марказий Осиё давлатларининг тараққиётидаги фарқларни ҳам келтириш мумкин.

Маданий ва этник омилларнинг таъсири
Америкалик иқтисодчи Девид Ландис Европа ва Шимолий Американинг муваффақияти европаликларнинг кўп меҳнат қилиши, тежамкорлик ва янгилик яратишга ундайдиган маданий муносабатларининг ўзига хос тўплами билан боғлиқ деб ҳисоблайди.

Шунингдек, ХVI асрда Ғарбий Европада амалга оширилган реформация жараёни Макс Вебер таъбири билан айтганда капиталистик муносабатларнинг «туғилиши»га замин яратган. Ушбу ўзгариш Ғарбий Европадаги феодал муносабатлар ва черковнинг ҳукмронлигига барҳам бериб, индустриал жамият шаклланишига асос бўлган. Шунингдек, Европа мамлакатларининг Шимолий Африкадаги колонизация сиёсати бу ҳудуднинг Африканинг бошқа қисмига нисбатан тараққий этишига ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг ривожланишига асос бўлган.

Умуман олганда, маданий гипотеза кўплаб Африка мамлакатларининг тараққиётини белгилаб беришда энг катта ролни ўйнаган.

Шу билан бир қаторда, Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатларининг қашшоқлиги ислом цивилизацияси билан боғланмайди. Бу давлатларда катта миқдорда табиий ресурслар мавжуд бўлса-да, авторитар ва диктаторлик режимлари мавжудлиги, сиёсий демократик институтлар ривожланмагани сабаб иқтисодий жиҳатдан тараққиётда муаммолар юзага келган.

Шунингдек, дин, этник тамойиллар ва қадриятлар бир хил бўлган Жанубий Корея бой ва ривожланган, Шимолий Корея аҳолиси эса танг аҳволда. Бунда асосий ўринни сиёсий институтлар ўртасидаги фарқлар белгилайди.

Модернизациялашган омиллар
Баъзи мамлакатлар иқтисодий тараққиётга авторитар режим орқали ҳам эришган. Бунинг ёрқин мисоли Хитой ҳисобланади. Бу ерда сиёсий эркинликлар маълум маънода чекланган бўлса-да, ўрнатилган тўғри иқтисодий сиёсат натижасида ривожланишда катта ютуқларга эришилди. Аммо баъзи давлатлар (Саудия Арабистони, Россия, Венесуэла, Габон, Экваториал Гвинея) тараққиёти хомашё, хусусан табиий ресурслар экспортига боғлиқ. Бу ерда жаҳон бозорида нефт нархининг кўтарилиши иқтисодиётда ўсишга олиб келади, аксинча нефт нархи тушиши биланоқ, ушбу мамлакатларнинг барчасида ўсиш дарҳол тўхтайди.

Замонавий мамлакатларнинг институционал ривожланишидаги тўсиқлар

Муаллифлар томонидан нима сабабдан Ўзбекистон ривожланишида муаммолар борлигига ҳам тўхталиб ўтилган (асар 2012 йилда чоп этилган). Таъкидланишича, мустақилликдан кейинги даврда деҳқонлар мамлакат экспортининг асосий маҳсулоти — пахтани давлатга жаҳон нархларидан анча паст нархларда сотишга мажбур бўлган. Шунингдек, бундай шароитда деҳқонлар ҳосилдорликни ошириш ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш учун ҳеч қандай рағбатлантирилмаган. Натижада мамлакатда пахта етиштириш жараёнига мажбурий меҳнат жорий қилинган. Пахта териш мавсумининг ўқув йилида бошланиши ва  мактаб болаларининг деярли 2 ой давомида бу жараёнга жалб қилиниши мамлакатда таълим сифатига жиддий таъсир ўтказган.

Шунингдек, фермерларга ва теримчиларга меҳнат эвазига қилинадиган тўлов жаҳон бозоридаги нархларга нисбатан бир неча баробар кам бўлгани уларда меҳнат қилишга нисбатан иштиёқни йўқ қилиб юборган. Фермер кўпроқ меҳнат қилиб, фойда олиш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий қилишдан манфаатдор бўлмаган. Ишлаб чиқариш жараёнида умумий манфаатдорликнинг йўқлиги тараққиёт жараёнида жиддий тўсиққа айланган.

Ёки Лотин Америкаси мамлакатлари ривожланишидаги тўсиқларни тушунтириш учун Колумбияда Алваро Урибе давридаги ноқонуний қуролли гуруҳлар билан тузилган шартномалар орқали сайловларда ғалаба қозониш, Хуан Перон давридан бери амал қилиб келинадиган Аргентинадаги сайловларни сохталаштириш, президент Карлос Менем ҳукумати давридаги президентлик муддати тугаши ва қайта сайланишидаги чекловлар сабаб конституцияга ўзгартиришлар киритилиши каби мисолларни келтириш мумкин. Буларнинг барчаси жамиятларнинг етакчилар томонидан қабул қилинган қарорларга таъсирининг жуда заиф эканини кўрсатувчи мисоллардир.

Хулоса ўрнида

Муаллифлар экстрактив институтлар орқали ўсишга эришиш мумкинлиги бўйича ҳам мисоллар келтирган. Хусусан, мисол сифатида собиқ совет иттифоқини кўрсатиш мумкин. 1928—1970 йилларда иттифоқ иқтисодий тараққиётга эришди. Давлат меҳнат ресурсларининг катта қисмини самараси паст бўлган қишлоқ хўжалигидан олиб, саноатга йўналтирди. Сиёсий кучларнинг тўлиқ марказлашгани ва илмий технологияларга етарли миқдорда маблағ сарфланмагани кейинги тараққиётни тўхтатиб қўйган, яъни экстрактив институтлар ҳам тараққиётга сабаб бўлиши мумкин, лекин унинг натижаси барқарор эмас.

Таъкидланишича, ривожланишнинг энг биринчи асоси таълим ва технологиядир. Фуқароларнинг ўзи инклюзив сиёсий институтларни яратиши керак ва шунда улар жамиятни бошқаришда иштирок эта олишади. Монополиялар мамлакат марказлашуви ва тараққиётидаги энг катта тўсиқдир.

Баъзи мамлакатларнинг юқори фаровонликка, барқарор иқтисодий ривожланишга эришиши, бошқа давлатларнинг эса турғунлик ва қолоқлик ҳолатида қолиши шу давлатларда амал қилаётган сиёсий-иқтисодий институтларга боғлиқ.

«Бизнинг эркинлигимиз ҳуқуқларимизга нисбатан ҳеч қандай таҳдидларнинг мавжуд эмаслигидадир». (Дарон Ажамўғли, Tashkent law spring халқаро форумидаги нутқидан)

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид