Жаҳон | 21:43 / 26.04.2021
10277
2 дақиқада ўқилади

Фирибгарлар дунёнинг энг бой аёли номидан фойдаланиб ҳаракат қилишди

Бир гуруҳ фирибгарлар одамлардан пул ўғирлаш мақсадида Amazon раҳбари ва дунёнинг энг бой одами Жефф Безоснинг собиқ рафиқаси – Маккензи Скотт номидан фойдаланди.

Фото: REUTERS / Жефф Безос ва Маккензи Скотт

Newser нашрининг хабар беришича, фирибгарлар ўзларини Маккензи Скоттнинг хайрия жамғармаси ходимлари сифатида таништириб, алдов йўли билан ўз қурбонларини уларга пул ўтказишга мажбур қилишган. Улар муҳтож оилаларга ёрдам таклиф қилиб, бунинг учун «махсус шаклдаги ҳужжат»ни тўлдиришни ва онлайн-ҳисобрақам очишни сўрашган.

Жабрланувчилардан бири, 5 фарзанд онаси Даниэл Черчиллнинг таъкидлашича, у 2020 йил охирида Скотт номидан электрон мактуб олган. Унда Маккензи Скотт ўз бойлигининг ярмини хайрия қилмоқчилиги маълум қилинган. Пулни олиш учун эса MacKenzie Scott Foundation ташкилотининг махсус шаклдаги бланкасини тўлдириш ва гўёки 250 минг доллар пул ўтказилган Investors Bank and Trust компаниясида онлайн-ҳисобрақам очиш кераклиги айтилган. Кейинроқ эса австралиялик аёлга пулни олиш учун солиқ рақами олишга ариза топшириш ва бу билан боғлиқ баъзи тўловларни амалга ошириши кераклиги маълум қилинган.

Фирибгарлар ижтимоий тармоқлардаги ва WhatsApp’даги сохта саҳифалар ва аккаунтдан, пулни олиш учун криптовалютага мўлжалланган дастурдан фойдаланишган. Таъкидланишича, аёл умумий ҳисобда фирибгарларга 8 минг доллар ўтказиб берган.

Кейинроқ бундай номдаги жамғарма ва компания йўқлиги, фирибгарлар ижтимоий тармоқлардаги сохта саҳифалардан фойдаланишгани аниқланган. Маълум қилинишича, улар камида 190 мингга яқин одамга шундай электрон мактублар йўллашган.

Черчилл алдовга учраганини тушуниб, қолган фойдаланувчиларни ушбу фирибгарлик схемасидан огоҳ қилмоқчи бўлган. У Скотт номига очилган Instagram’даги фейк аккаунтларни топиб, у ерда огоҳлантирувчи изоҳлар қолдирган. Унинг фикрича, ушбу фирибгарликка қарши самаралироқ курашиш учун Маккензи Скоттнинг ўзи ҳам бел боғлаши лозим.

Маккензи Скотт дунёнинг энг бой аёллари учлигига киради. У 2019 йилда Жефф Безос билан ажрашгач, Amazon компаниясининг эрига тегишли акциялари 25 фоизини олган. Ҳозирда унинг бойлиги 53 млрд долларга баҳоланади.

Мавзуга оид