Жамият | 21:16 / 27.04.2021
15248
2 дақиқада ўқилади

Сенат Чироқчида йўлни тўсган аёллар муаммосини назоратга олади

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида бир гуруҳ аёллар 2021 йил 23 апрель куни А-378 Самарқанд – Ғузор йўлини тўсиб қўйган. Туманнинг Қумдарё маҳалласи Оқтунли қишлоғида яшовчи ўқувчилар қўшни қишлоқдаги мактабга бориш учун А-378 автомобиль йўлини кесиб ўтишга мажбур бўлаётгани, 21 апрель куни мазкур йўлда 7 ёшли мактаб ўқувчисини юк машинаси уриб юборгани ва у вафот этгани бунга сабаб бўлган.

Йўлни тўсган аёллар Чироқчи туман масъулларидан Қумдарё маҳалласидаги мактаб қурилишини тезроқ тугатиб беришни талаб қилишган.

Бугун мазкур нохуш ҳодиса ижтимоий тармоқлар ва сайтларда ёритилгандан сўнг Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мазкур масалани ўз назоратига олганини маълум қилди.

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳоновнинг маълум қилишича, Чироқчи тумани Қумдарё маҳалласидаги мактаб билан боғлиқ муаммо қўмита назоратига олинади. Бундан ташқари, Сенат Чироқчи туманида яшовчи аҳоли вакилларини қийнаётган муаммолар бўйича қилиниши лозим бўлган ишларни ўрганиб, натижалари юзасидан батафсил ахборот беради.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид