Жамият | 14:24 / 27.04.2021
6262
6 дақиқада ўқилади

Словенияда талабаларга бериладиган чегирма ва бонуслар: Бепул емакхоналар, ярим нархда музейларга кириш ва бошқа имтиёзлар

Дунёнинг аксарият мамлакатларида ҳукумат талабаларга кўплаб чегирма ва бонуслар беради. Хусусан, Европанинг Словения давлатидаги талабалар (маҳаллий талабалар ҳам, хорижий талабалар ҳам) бир қанча чегирма ва бонуслардан баҳраманд бўлиши мумкин. Бундай имтиёзлар ҳукумат томонидан талабаларнинг кундалик ҳаётини осонлаштириш, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кўзда тутади.

Фото: univiu.org

Қуйида шундай имтиёзларнинг бир нечтасига тўхталиб ўтамиз.

1. Овқатланиш учун чегирмали нархлар. Словенияда талабаларнинг овқатланиши учун давлат субсидия ажратади. Бунинг эвазига бундай емакхоналар талаба менюсини таклиф этади. Ушбу емакхоналарда талабалар анча арзон нархда ёки бутунлай текин овқатланиши мумкин.

Чегирмали нархда овқатланиш учун талабаларга рақамли купонлар берилади ва улардан телефонда махсус илова (Študentska Prehrana) орқали фойдаланилади. Университетда талаба сифатида рўйхатга олинишингиз билан телефон рақамингизни Талабалар хизматига тақдим қилиш ва махсус иловани ўрнатиб олиш орқали емакхоналардаги чегирмалардан фойдалана оласиз.

Талабага ҳар ойда иш кунлари сонига тенг миқдорда купон тақдим этилади ва бу купонларнинг ҳар бири бир марта чегирмали нархга ёки текинга овқатланиш имконини беради. Лекин мазкур купонлардан фақат иш кунларида фойдаланиш мумкин, дам олиш кунларида фойдаланиб бўлмайди. Шунингдек, бир кунда фақат 2 та купонни фойдаланиши имконияти мавжуд.

Талабанинг қайси емакхоналарда чегирмали нархга ва қайсиларида текин овқатланиши емакхоналардаги таомларнинг нархига боғлиқ. Қиммат емакхоналарда талаба таом нархининг давлат субсидияси қопламаган қисмини ўзи тўлайди. Арзонроқ емакхоналарда эса бутунлай бепул овқатланиш мумкин.

Талаба менюси 3 та таомдан иборат: биринчиси шўрва (бир неча турли, турини талаба танлайди); иккинчисига бирор қуюқ овқат; учинчисига десерт сифатида мева ёки бирор салат.

Талаба 3 та таомдан иборат менюни танлагач, телефон ёрдами кафедаги махсус терминалга купон орқали тўлов қилади.

Биз 8 ойча яшаган Люблянадаги (Словения пойтахти) 17 та кафе ва ресторанларда талабалар илова орқали кунига 2 марта бутунлай текин овқатланиши мумкин бўлган.

Люблянада талабаларга талаба менюсини таклиф қилувчи емакхоналар сони эса 202 та. Талаба менюси текинга тушмайдиган емакхоналарнинг аксариятида талаба чегирмадан ташқари қўшимча 1-2 евро тўлайди (энг кўпи 5 евро).

Масалан, рафиқам билан тез-тез «Maharaja» ҳинд таомлари ресторанига бориб турардик. Мазкур ресторан махсус металл идишда ҳинд таомлари тўплами таклиф этади. Талаба бўлмаганлар учун бу тўплам нархи 9,9 евро. Талаба бўлсангиз, ушбу тўплам, ундан ташқари биринчи ва учинчи таом ҳам буюртма қилиб, ҳаммаси учун 4,31 евро тўлайсиз.

Люблянадаги «Maharaja» ҳинд таомлари ресторани. Суратда талаба менюсидаги таомлари келтирилган:
1-таомга шўрва (оқ косада), 2-таомга ҳинд таомлари тўплами (металл идишда) ва 3-таом учун салат.

Қуйидаги расмда махсус илова сурати келтирилган (рафиқамнинг телефонидаги Študentska Prehrana иловаси). Унда талаба менюсини таклиф этадиган емакхоналар номи, манзили, очиқ ёки ёпиқлиги, қанча узоқликда экани ва талаба унга бориб овқатланса, қанча тўлаши акс этган (суратдаги емакхоналарнинг биттасида 3 евро 40 цент, учтасида 0 евро, биттасида 1 евро).

Študentska Prehrana иловаси

Таъкидлаш жоизки, талаба менюсида таклиф этилувчи таомларнинг порцияси етарлича катта. Агар талаба охиригача ея олмаса, емакхоналар таомларнинг қолган қисмини қадоқлаб беради ва уни ўзингиз билан олиб кетишингиз мумкин.

2. Маҳаллий жамоат транспорти учун арзон ойлик йўл картаси. Талабалар учун ушбу ойлик йўл картаси (Urbana card) нархи 20 евро. Бундай йўл чипталарини LLP (Любляна йўловчи транспорти маркази)дан олиш мумкин. Карта учун ариза тўлдиришингиз ҳамда талабалигингизни тасдиқловчи ҳужжатни (талаба картаси) кўрсатишингиз керак. Картани очишда дастлаб

2 евро тўлов қилинади. Сўнг ҳар ой картага 20 евро ташлаш орқали жамоат транспортидан бепул фойдаланиш мумкин.

Лекин биз яшаган Любляна шаҳри катта эмас. Пиёда юрсангиз, у бошидан бу бошигача 5-6 соатларда бориб қўясиз. Шу учун кўпчилик ёки пиёда, ёки велосипедда ўқишга қатнайди. Ҳа, айтганча, автобусга бир марта чиқиш нархи

1 евро 30 цент. Узоқроқдан автобусда қатновчилар ойлик йўл чиптасини олса, анчагина пулини иқтисод қилади.

Словения, Любляна: пиёдаларга мўлжалланган йўлак, 2020 йил 30 май

3. Европа Иттифоқи бўйлаб сафарларда автобус ва поездлар учун чегирмали нархлар. Талаба Словениядан Европа Иттифоқига кирувчи бошқа давлатга саёҳат қилмоқчи бўлса, давлатлараро қатновчи автобус ва поезд чипталарини ҳам чегирмали нархда харид қилиши имконияти яратилган. Бунда транспорт компаниясига қараб, чипта учун одатда талабага 10-30 фоизлик чегирма тақдим қилинади.

4. Музей ва галереялар учун чегирма. Талабалар Словениядаги музей ва галереяларга ҳам яхшигина чегирмали нархда ташриф буюриши мумкин. Масалан, Словения миллий галереясига ташриф буюриш нархи (Permanent Collection) – 8 евро. Талабалар учун эса бу нарх 4 еврони ташкил қилади (2021 йил 25 апрель ҳолатига кўра).

Шунингдек, Словения талабалари фақатгина Словениянинг ўзида эмас, Германия, Португалия ва шу каби бошқа бир нечта Европа давлатларидаги музей ҳамда галереяларга ҳам чегирмали нархлар асосида кириш имтиёзига эга.

Мақсуд Саломов
Uzbek.Lifeнинг Испаниядаги колумнисти 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид