Жаҳон | 18:04 / 28.04.2021
13953
4 дақиқада ўқилади

Чехия ортидан Болгария. Россияликлар яна қурол-яроғ омборидаги портлашда гумонланмоқда

Болгария прокуратураси қурол омборхонаси ва қурол заводларидаги тўртта портлаш ҳамда тадбиркор Эмилиан Гебревнинг заҳарланиши ўртасида боғлиқлик кўраётганини эълон қилди. Бунгача расмий София тадбиркорнинг заҳарланишида Разведка бош бошқармасига (ГРУ) ишлайдиган россияликларни айблаганди.

Фото: Getty Images

Гап 2011 йил ноябридан 2020 йилга қадар қурол омборхоналари ва заводларида рўй берган портлашлар ҳақида кетмоқда. Мамлакат бош прокурори вакили Сийка Милева брифингда маълум қилишича, бу портлашлар ва уч нафар болгариялик, шу жумладан, тадбиркор Гебревни заҳарлашга уринишлар ҳамда бошқа давлат ҳудудидаги бошқа оғир жиноятлар ўртасида ўхшашлик борлигини маълум қилган.

«Текширувлар давомида аниқландики, Россиянинг олти нафар фуқароси портлашлар содир бўлган вақтларда ҳамда Россиянинг уч нафар фуқаросини заҳарлашга уринишлар бўлганида Болгария ҳудудида бўлишган. Айни вақтда россияликларнинг мақсади махсус маҳсулотлар Грузия ва Украинага етказиб берилишини тўхтатиш бўлгани тўғрисида юқори аниқлик билан хулоса қилишга имкон берувчи далиллар тўпланган», деган Милева.

Аввалроқ Чехия ҳукумати Россия фуқаролари мамлакатдаги қурол омборхоналарида юз берган портлашларда гумон қилинаётганини маълум қилганди.

Болгария прокуратураси вакили ҳамкорликда текширув ўтказиш учун халқаро ҳамкорлик линияси бўйича Чехия ҳуқуқ-тартибот органлари билан алоқалар ўрнатилгани ҳақида маълум қилган.

Ўтган йил февралида Болгария тадбиркор Эмилиан Гебрев, унинг ўғли Христо Гебрев ва унинг компанияси директорини заҳарлашга уринишда айбланаётган уч нафар россиялик шахсини маълум қилганди.

Болгария прокуратураси ўшанда уч нафар россияликка Болгария фуқароларига суиқасд қилиш бўйича сиртдан айблов эълон ыилган. Унга кўра, 2015 йилда Софияда болгарияликларни номаълум модда билан заҳарлашга уринишган. Болгариядаги нашрлар бу «Новичок» синфидаги модда бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзишган.

Чехия ортидан Болгария
17 апрель куни Чехия полицияси оғир турдаги жиноятларни содир этишда айбланаётган икки нафар россияликка қидирув эълон қилди. Полициянинг аниқлик киритишича, улар Тожикистон фуқароси Руслан Табаров ва Молдова фуқароси Николай Попи номига берилган паспортлар, шунингдек, Александр Петров ва Руслан Боширов номига берилган рус паспортлари билан Чехия ҳудудида ҳаракатланишган.

Полиция икки шахснинг суратини намойиш этган, улар 2018 йилда британ полицияси томонидан Скрипалларнинг заҳарланишида гумонланган ва кейинроқ Россиядаги RT нашри бош муҳаррири Маргарита Симоньянга интервью берган шахслар эди. Улар ўшанда британияликларнинг айбловларини рад этиб, Солсберига диққатга сазовор тарихий обидаларни кўриш учун боришганини айтишганди.

«Александр Петров» ва «Руслан Боширов» 2018 йилда Буюк Британияда Сергей ва Юлия Скрипални «Новичок» моддаси билан заҳарлашга уринишда айбланганди. Bellingcat гуруҳи тадқиқотларида аниқланишича, улар аслида Россия разведка бошқармаси офицерлари Анатолий Чепига ва Александр Мишкиндир.

Кейинроқ чех хавфсизлик хизматлари ушбу россияликлар 2014 йил Врбетице қишлоғидаги қурол омборида рўй берган ва икки кишини ҳаётдан олиб кетган портлашларга алоқадорлигини маълум қилди.

Маҳаллий нашрларнинг маълумотларига кўра, улар ушбу омборхонадаги қуроллар Украина ёки Сурияга экспорт қилинишига тўсқинлик қилишган. Россия ТИВ расмийси Мария Захарова буни «маразматик парад» деб атаган.

17 апрель куни Чехия ҳукумати Россия махсус хизматлари қурол омборларидаги портлашларга алоқадорлиги учун 18 нафар россиялик дипломатни чиқариб юборишини эълон қилди. Россия бунга жавобан Чехия элчихонасининг 20 нафар ходимини чиқариб юборди. Шундан сўнг Прага яна 63 нафар россиялик чиқариб юборилишини эълон қилди, Москва эса «дўст бўлмаган давлат» элчихоналари Россия фуқароларини ишга ёллашини чеклади.

Сўнгги ҳафталарда Россия ва Европа ҳамда Ғарб давлатлари ўртасида дипломатик футбол давом этмоқда. Шу вақтгача Чехия билан ҳамдардлик рамзи сифатида Италия 1, АҚШ 10, Украина 1, Нидерландия 2, Германия 2, Болгария 2, Литва 2, Латвия 1, Эстония 2, Албания 1, Швеция 1, Словакия 3, Руминия 1, Польша 4 нафар россиялик дипломатни чиқариб юборган. Россия ҳам шу каби чоралар кўрган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид