Ўзбекистонда сўнгги 70 йилда илк бор янги балиқ тури кашф этилди
Хитойнинг Чунцин шаҳри Жанубий-ғарбий университетида Ўзбекистон ихтиофаунаси бўйича бир неча йилдан бери тадқиқот олиб бораётган биолог-ихтиолог Бахтиёр Шералиев Ўзбекистон ихтиофаунаси учун янги бўлган балиқ турини кашф этишга муваффақ бўлди. Кашфиёт куни кеча халқаро Journal of Fish Biology илмий журналида чоп қилинди.
Умуртқали ҳайвонлар орасида янги турларнинг топилиши фан учун нисбатан ноёб ҳодиса ҳисобланади. Янги кашф этилган балиқ карпсимонлар туркуми ялангбалиқлар оиласига киради. Бугунги кунда Ўзбекистон сув ҳавзаларида 70 турдан ортиқ балиқ турлари тарқалган бўлиб, уларнинг ичида ялангбалиқлар сони 10 тага етади. Янги тур Фарғона водийси Сирдарё ҳавзасининг тоғли минтақаларидан кашф этилган.
“Икки йил аввал республика бўйлаб ўтказилган илмий экспедициямиз Фарғона водийсида якунланганди. Сўнгги намуналарни юртимизнинг энг гўзал қисми Шоҳимардон қишлоғидаги дарёлардан йиғган эдик. У ердан йиққан намуналаримиз орасидаги бир ялангбалиқ юртимизнинг бошқа жойларида учрайдиган ялангбалиқдан фарқ қиларди. Ишонч ҳосил қилиш учун уни морфологик тадқиқ қилдик. Хитойдаги махсус лабораториямизда ДНК баркодинг усулида молекуляр генетик жиҳатдан ўргандик. Якунда унинг янги тур эканлигига шубҳа қолмади”, - дейди тадқиқотчи.
Янги турга у кашф қилинган минтақа – Фарғона водийси шарафига Фарғона ялангбалиғи (Triplophysa ferganaensis) деб ном берилди. Ушбу тур Ўзбекистон, жумладан Фарғона водийси эндемик тури ҳисобланади.
“Аҳоли орасида «илонбалиқ» номи билан машҳур бўлган бу балиқнинг бизда бир нечта тури бор. Улар ташқи томондан бир қарашда ўхшаш бўлса-да, Зарафшонда учрайдиган тур, Тошкентнинг Чирчиғидаги турдан, у эса Фарғона водийсидаги Қорадарёда учрайдиган турдан кескин фарқланади. Янги кашф қилинган Фарғона ялангбалиғи эса юқоридаги турлардан баланд тоғ минтақасида учраши билан ажралиб туради. Ушбу балиқ турлари Кайнозой эрасининг миоцен эпохасида пайдо бўлган бўлиб, улар ўша давр палеогеологияси ва палеоиқлимини ўрганишда энг муҳим манба ҳисобланади. Шу боис ҳам янги кашф этилган тур нафақат Ўзбекистон илм-фани учун, балки жаҳон ихтиология илм-фани учун ҳам катта янгилик бўлди”, - деб таъкидлайди тадқиқотчи.
Мавзуга оид
11:59 / 05.11.2024
Ўзбекистонлик олимлар Фарғона водийсидан янги балиқ турини топди
10:40 / 08.10.2024
Ўрта Чирчиқда ноқонуний тарзда балиқ овлаган шахслар табиатга 42 млн сўм зарар етказди
23:17 / 23.09.2024
Хитойда 3D-принтер ёрдамида балиқ гўшти муқобили яратилди
08:10 / 06.09.2024