Ўзбекистон | 16:46 / 29.04.2021
41935
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистонни чегарадаги тўқнашувларни дарҳол тўхтатишга чақирди

Фото: turmush.kg

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги отишма юзасидан баёнот билан чиқди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон қирғиз-тожик давлат чегарасида вазият кескинлашганини чуқур хавотир билан қабул қилган.

“Биз томонларни тўқнашувларни дарҳол тўхтатишга, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўришга ва зиддиятнинг янада ортишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз”, дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, бугунги кунда барча масалалар ва мавжуд муаммолар фақат Марказий Осиё қардош халқларига хос бўлган кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатлари руҳидаги музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилиниши керак.

Ўз навбатида, Ўзбекистон юзага келган вазиятни тезроқ бартараф этиш учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр экани айтилади.

Маълумот учун, бугун, 29 апрел куни Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма кузатилмоқда, ҳодиса оқибатида яраланганлар бор. Томонлар низода бир-бирини айбламоқда. Қирғизистондаги учта қишлоқ ҳудудида фавқулодда режим жорий қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид