Ўзбекистон | 21:52 / 30.04.2021
8745
3 дақиқада ўқилади

Давлат ташкилотларида молиявий қонунбузилишлар ўтган йилга нисбатан 5,7 бараварга ортди — Молия вазирлиги

Давлат молиявий назорати департаменти 1-чоракда жами 211,2 миллиард сўмлик қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади. Бу – бир йил олдингига нисбатан 5,7 баробарга кўп.

Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2021 йил 1-чоракда бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларининг мақсадли фойдаланиши юзасидан 1 905 та (2020 йил 1-чоракда 1 349 та) назорат тадбирида 211,2 млрд сўм миқдорида бюджет интизоми, пул ва товар-моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатлар аниқланди.

Молия вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, аниқланган камомад ва асоссиз харажатлар миқдори 2020 йил 1-чораги билан таққослаганда 5,7 бараварга ортган.

Хусусан, Халқ таълими вазирлиги тизимида 248 та назорат тадбирининг 198 тасида 43,3 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2020 йил 1-чоракка (9,4 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 4,6 мартага ошган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ҳам 23,3 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, бу миқдор ўтган йилга нисбатан 2,9 мартага ошган.

Мактабгача таълим вазирлигида 41,2 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланган бўлса, бу ўтган йилга нисбатан 7,6 мартага ошганини кўрсатади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ўтказилган 116 та назорат тадбирларининг 111 тасида 22,4 млрд сўм, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Aвтомобил йўллари қўмитасида 16,1 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги (3,3 млрд сўм), Жисмоний тарбия ва спорт (3 млрд сўм), Бандлик ва меҳнат муносабатлари (2,7 млрд сўм), Сув хўжалиги (2,5 млрд сўм), Олий ва ўрта махсус таълим (2,2 млрд сўм) вазирликлари, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (2,7 млрд сўм) ва улар тизимидаги бюджет ташкилотларида ҳам йирик миқдорда молиявий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Маҳаллий бюджетлар маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида жами 189,1 млрд сўм миқдорида қонунбузилишлар аниқланган.

Маҳаллий бюджетлар маблағларининг мақсадли сарфланишида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар динамикаси

Ҳудудлар кесимида рақамлар қуйидагича:

  • Сирдарё вилояти – 40,2 млрд сўм,
  • Жиззах вилояти – 23 млрд сўм,
  • Қорақалпоғистон Республикаси – 21,9 млрд сўм,
  • Aндижон вилояти – 19,8 млрд сўм,
  • Тошкент шаҳри – 16,5 млрд сўм,
  • Тошкент вилояти – 12,1 млрд сўм,
  • Қашқадарё вилояти – 11,4 млрд сўм,
  • Сурхондарё вилояти – 8,9 млрд сўм,
  • Фарғона вилояти – 8,1 млрд сўм,
  • Самарқанд вилояти – 7,9 млрд сўм,
  • Хоразм вилояти – 6,4 млрд сўм,
  • Бухоро вилояти – 6 млрд сўм,
  • Наманган вилояти – 5,2 млрд сўм,
  • Навоий вилояти – 1,4 млрд сўм.

Хабар қилинишича, бюджет қонунчилигини бузгани учун бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 9 нафар раҳбар ва бошқа мансабдор шахсларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузилиб, кўриб чиқиш учун Маъмурий судларга юборилган.

Шунингдек, 1 458 та назорат тадбирларида аниқланган 210,1 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари қонуний чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Мавзуга оид