«Коронавирус бўрони» Ҳиндистонни ларзага солмоқда
Ҳиндистон қарийб ўн кундан буён суткалик коронавирус ҳолатлари аниқланиши бўйича дунё рекордини янгиламоқда. Ўтган суткада мамлакатда 400 мингдан ортиқ ҳолат аниқланди. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди таъбири билан айтганда, «ҳиндистонликларни коронавирус бўрони ларзага солмоқда».
Бир суткада қарийб 402 минг ҳолат
30 апрел куни Ҳиндистонда коронавирус юқтириш ҳолатлари бўйича жаҳон рекорди янгиланди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумот беришича, ўтган суткада 401 993 кишида касаллик аниқланган. Бир сутка давомида 3523 нафар бемор вафот этган.
Мамлакат 22 апрел куни суткалик касалланиш ҳолатлари бўйича жаҳон рекордини ўрнатганди – 314,8 минг ҳолат. Сўнгра бу рақам бир неча марта янгиланди: 23 апрелда 332,7 минг, 24 апрелда 346,7 минг, 25 апрелда 349,6 минг, 26 апрелда 352,9 минг, 29 апрелда 379,2 минг ва 30 апрелда 386,4 минг.
Ҳиндистон коронавирус юқтириш ҳолатлари сони бўйича дунёда иккинчи ўринда турибди. Мамлакатда 19,1 миллион ҳолат қайд этилган, 15,6 миллиондан ортиқ киши соғайган, 211 минг бемор вафот этган.
«Сизлар билан коронавирус сабримизни ва оғриққа чидашимизни синаб турган вақтда гаплашмоқдаман. Биз инфекциянинг биринчи тўлқинига қарши муваффақиятли курашдан руҳлангандик, аммо бу бўрон миллатимизни ларзага солди», – деди бош вазир Нарендра Моди.
Инқирозга сабаб ҳукуматнинг лоқайдлиги(ми?)
Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб ёзишича, Ҳиндистон ҳукумати мамлакатда аниқланган коронавируснинг янги штамми ўта юқумли экани тўғрисида аввалдан огоҳлантирилган, аммо эпидемияни тўхтатиш учун ҳеч қандай чора кўрмаган.
Огоҳлантиришга қарамасдан, миллионлаб одамлар диний байрамлар ва бош вазир Нарендра Моди ҳамда сиёсий партиялар етакчилари ўтказган митингларда ниқоб тақмасдан қатнашган.
Қайд этилишича, икки ой аввал Ҳиндистон генетика консорциуми (INSACOG) коронавируснинг янги тури тўғрисидаги огоҳлантиришномани бевосита бош вазирга бўйсунадиган мансабдорга тақдим этган.
Ҳаёт тўғрисидаги фанлар институти директори ва INSACOG аъзоси Ажай Париданинг сўзларига кўра, тадқиқотчилар коронавируснинг ҳиндча штамм деб номланаётган B. 1.617 вариантини февралда аниқлаган.
INSACOG 10 мартгача ўз хулосаларини соғлиқни сақлаш вазирлигининг касалликларни назорат қилиш марказига берган ва эпидемия тез тарқалиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирган.
Вазирлик орадан икки ҳафта ўтиб бу борада баёнот берган. Баёнотда фақат коронавируснинг янги шакллари тест олиш ва карантин каби чораларни қўллашни талаб қилиши айтилган. Аммо оммавий йиғинларни чеклаш каби кескин чоралар кўрилмаган.
Мамлакатда март-апрел ойларида маҳаллий сайловлар муносабати билан оммавий йиғинлар ва сиёсий акциялар бўлиб ўтганди. Бундан ташқари, ҳукумат бир неча ҳафта давом этадиган Кумбха Мела фестивалини ўтказишга рухсат берган ва унда миллионлаб кишилар қатнашган.
ЖССТ ташвишда, олимлар энг юқори нуқта ҳали олдинда деган фикрда
«Ҳиндча штамм» Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТТ)ни ташвишга солмоқда.
«Менимча, Ҳиндистон дуч келган вазият ҳар қандай жойда кузатилиши мумкинлигини тушуниш ўта муҳимдир. Бу барча мамлакатлар учун жиддий муаммо. Чеклов чоралари юмшатилгани, одамлар яна гуруҳ бўлиб тўпланаётгани, коронавируснинг юқумли штаммлари мавжуд экани, эмланганлар сони эса ҳали жуда озлиги ҳисобга олинса, бу ҳар қандай мамлакат учун даҳшатли оқибатлар келтириши мумкин», деди ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге.
ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида дунёда қайд этилган 5,7 миллион янги ҳолатда Ҳиндистоннинг улуши 38 фоизни ташкил этади.
«Би-би-си» хабарига кўра, Вашингтон университети олимлари пандемиянинг ҳиндча сценарийсини моделлаштирди ва унинг энг юқори нуқтаси май ойининг ўрталарида юз беришини тахмин қилди.
Агар Ҳиндистонда ҳар бир киши ниқоб тақиб юришни бошласа, ўлимлар сони ҳозирданоқ пасайиши мумкин, дейди тадқиқотчилар.
Бироқ пандемия бошланганидан буён бу қоида мамлакатда тавсиявий тусга эга бўлиб келди. Миллионлаб одамлар иштирок этган Кумбха Мела фестивалидан олинган фотосуратлардан кўриш мумкинки, тадбирда ниқобда бўлганлар жуда озчиликни ташкил қилган.
Шифохоналарда беморларга жой ва кислород етишмаяпти
Uzbek.Life’нинг Ҳиндистондаги колумнисти Ўткир Алимовнинг ёзишича, ҳукумат шифохоналарга тиббий кислород етказиб беришни жадаллатиш учун махсус экспресс поездларни, ҳаво кучлари самолётлари ва танкерларни ишга солди, кислородга солинадиган божхона солиқларини бекор қилди. Аммо қарийб 1,4 миллиард одам яшайдиган мамлакатда вазият оғир бўлиб қолмоқда.
Шанба куни Деҳли олий суди инфекциялар сони кескин кўпаяётганини «цунами» деб атади ва фавқулодда кислород етказиб бериш чора-тадбирларига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай киши «осилиши» ҳақида огоҳлантирди.
Шифохоналар беморларни қабул қилмаяпти. Айрим шифохоналар оилалардан кислородни ўзлари топишларини сўрамоқда. Тиббий ускуналар сотиладиган дўконда одамлар ўз яқинларига зудлик билан етказиш учун бўш кислород баллонлари билан навбатда турганларини кўриш мумкин.
Дунё мамлакатлари Ҳиндистонга ёрдам қўлини чўзмоқда
Ҳиндистонга бу офатга қарши курашда қатор мамлакатлар ёрдам қўлини чўзмоқда. Буюк Британия, Ирландия, Германия, Сингапур ва Австралия Ҳиндистонга инсонпарварлик ёрдами, шу жумладан, респираторлар, «ИВЛ» аппаратлари, концентрланган кислород захираси ва шахсий ҳимоя воситаларини юборди. Уларга яна учта давлат — Россия, Жанубий Корея ва Канада қўшилди.
Россия президенти Владимир Путин Ҳиндистон бош вазири Наренда Модига қўнғироқ қилиб, РФ пандемияга қарши курашда ёрдам беришига ишонтирди. Кейинчалик ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўз баёнотида Россия яқин кунларда Ҳиндистонга катта тиббий юк юборишини айтди.
Канада Ҳиндистонга ёрдам учун 10 миллион доллар ажратди, Сеул эса тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш бўйича Деҳли билан музокаралар олиб бормоқда.
Британиядан биринчи гуманитар ёрдам ўтган сешанба куни Деҳлига етиб келди ва Лондон бундай ёрдамни етказиб беришни давом эттириш ниятида.
«Илгари Ҳиндистон бошқаларга ёрдам берар эди, энди унга ёрдам бериш навбати келди. Биз бу жангда ғалаба қозонамиз», — деди шаҳзода Чарлз.
Мавзуга оид
20:33 / 07.11.2024
Ҳиндистонда уч кун ичида 10 та фил нобуд бўлди
01:52 / 07.11.2024
Кашмир Ҳиндистонни махсус автономия мақомини тиклашга чақирувчи резолюцияни қабул қилди
11:56 / 06.11.2024
Инсон матонати: 22 йил давомида тоғни йўниб йўл очган одам
17:51 / 05.11.2024