Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«2005 ёки 2015 йилга нисбатан анча эркинмиз деб, иш ва ҳаракатни унутмаслик керак» – журналист Зайнаб Муҳаммад Дўст билан суҳбат
Kun.uz’нинг хориж давлатларда илм олиб, муваффақиятга эришиб келаётган ватандошлар билан суҳбатлари навбатдаги меҳмони тадқиқотчи ва таҳлилий журналист Зайнаб Муҳаммад Дўст бўлди. У ҳозирда Лондон шаҳрида Mergermarket бизнес-ахборот хизмати тадқиқотлар бўлими ходими сифатида фаолият юритади.
– Ассалому алайкум. Аввало, ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз, ижодкор оиласидаги тарбия, қаерларда ўқигансиз?
– Ва алайкум ассалом, мен Тошкентда адабиётчилар оиласида туғилганман. Отам – ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст ва аям – филолог Зулфия Расулий (бобом Масъуд Расулий ҳам адабиётшунос бўлган эдилар).
Болаликдан китоблар тўла баланд шкафлар қуршовида бўлганман. Шу китобларни аста-секин ўқиб улғайдим. Отам ҳар доим китоб сотиб олар эди. Бу ерда мен битта-иккита китоб эмас, букинист магазинлардан олинган даста-даста эски китоблар ва янги замон китоб тўпламларини назарда тутяпман. Кутубхонамизда турли халқлар эртакларидан бошлаб жаҳон адабиёти намуналари ва турли энциклопедияларга қадар топиларди. Шуларнинг айримларини (ҳаммасини эмас) ўқиб турар эдим ва ушбу «машқ» уйда олган тарбиямнинг муҳим бир қисми эди.
Албатта, аям ва отам ҳар доим у ёки бу китобни ўқиган-ўқимаганимни суриштириб туришарди. Бобом билан бувимнинг уйида ҳам китоблар кўп эди. Бувим Жумагул Расулий шифокор бўлган, шунинг учун унинг тиббий энциклопедияларини ҳам кўриб чиқардим.
Умуман, ота-онам мени укаларимдан кўпроқ тарбиялаганлар, чунки мен жуда шўх эдим, шунинг учун ҳам кўп койиш эшитардим. Бобом билан бувимнинг сўзлари ва насиҳатлари ҳам менга албатта таъсир қилган. Улардан ҳам жуда кўп нарса ўргандим.
Ўзбекистондаги таҳсил ҳақида гапирсак, аввал Тошкентдаги оддий ўрта мактабда ўқидим, кейин ўзбек-турк қизлар лицейига ўтдим. Лицейдаги таълимдан сўнг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида халқаро муносабатлар йўналиши бўйича таҳсил олдим (ЖИДУда ўқиган пайтларимда итальян тилини ўрганиш учун Италия ташқи ишлар вазирлигидан икки марта грант ютиб, параллел тарзда хорижда ҳам ўқидим). Кейинчалик асосий мутахассислигим (яъни сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар) бўйича бир неча олий таълим муассасаларида таҳсил кўрдим (Можористон, Италия, Буюк Британия).

– Лондонда қандай фаолият билан шуғулланасиз?
– Лондондаги Вестминстер университети магистратурасини (грант асосида) тамомлаб, Тошкентга олдинги ишимга қайтдим. Лекин бироз ишлаб, кейин «юқори кўникмаларга эга бўлган мигрантлар» виза схемаси бўйича яна Лондонга қайтиб, шу ерда ишлай бошладим.
Ҳозир Mergermarket бизнес-ахборот хизматида тадқиқотлар ва ҳамкорлараро муносабатлар билан шуғулланаман. Бу медиа Bloomberg ёки Thomson Reuters’га ўхшаган ахборот ва маълумот хизмати саналади. Мен М&А («mergers and acquisitions») трендлари ҳақида ёзаман ва тадқиқот бўлимининг Европа бўйича юридик фирмалари ва ташқи алоқаларини бошқараман. Иш жараёнида ҳамма билган тилларимдан фойдаланаман. Одамлар билан ёзма ёки оғзаки суҳбатлашиш жуда мароқли. Аввал бемалол лоукостерлар ёрдамида нафaқат Лондоннинг Ситисида, балки Европанинг барча бурчакларидаги учрашувларга бориб келиш имкониятим бор эди. Ҳозирги кунларда пандемия сабаб ҳамма нарса онлайнга ўтказилмоқда ва бунинг салбий томонлари ҳам бор, албатта.
Вақтим бўлганда Марказий Осиё ва Ўзбекистон ҳақида мақолалар ҳам ёзаман, интервьюлар оламан. Мени кўпроқ минтақамизнинг ижтимоий, тарихий муаммолари, хусусан, аёллар муаммоси, сиёсат, маданият ва тадқиқот мавзулари қизиқтиради.
Шунингдек, Марказий Осиёнинг унутилган тарих саҳифаларини қайта варақлаш ёқади. Адолат ва инсонийлик тушунчалари қатъий қарор топган мукаммал жамиятни, юксак маърифатли одамларнинг мустақил фикрлашларини орзу қиламан. Шундагина жамиятнинг буткул салоҳиятини ишга солиш осонроқ кечарди. Афсуски, биз нуқул алифбо билан ўйнашиб, асосий мақсадлардан йироқлашиб бормоқдамиз.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон аёллар кўзи билан» номли янги медиа-лойиҳа билан ҳам ишлаб келяпман. Мана шу баҳор ойларида Малика Шарипова ва Комила Султонова билан биргаликда вебинарлар ўтказдик. Аёллар ва жамият муаммоларига бефарқ бўлмаган мутахассислар билан муҳокамаларни ўзбек ва рус тилларида олиб бормоқдамиз.
Онлайн мунозараларда маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг билимлари билан танишишга, ғоялар алмашишга ва аёллар имкониятларини кенгайтиришга ҳаракат қиламиз. Масалан, охирги вебинаримиз ногиронлиги бор ўзбек аёллар ҳақида бўлди. Мақсадимиз - улар жамиятда қандай муаммоларга дуч келадилар, аёллар ҳуқуқлари деганда ногиронлиги бор аёллар ҳақида гапириладими ва шу каби мавзуларда суҳбат олиб бориш эди. Айрим тушунчалар ва хабарларга ҳам изоҳ бериб турамиз.

– Қизлар кўпроқ отасига тортади дейишади, ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст ота сифатида. Отангиздан нималарни ўргангансиз?
– Болаларнинг ақли ота ва она генларига қандай боғлиқлиги ҳақида бир мақола ўқигандим. Жуда қизиқ экан. Унда айтилишича, отанинг генлари миянинг лимбик тизимида тўпланиб, кайфият ва инстинктлар учун жавоб беради ва асосий функцияларни бошқаради. Онанинг ҳужайралари эса когнитив функциялар – яъни хотира, фикр ва тил каби функцияларга таъсир қилар экан. Болаларга эрта ёшданоқ мавжуд ижтимоий омиллар ва ҳис этилмиш туйғулар билан боғлиқ омилларнинг таъсири ҳам кучли.
Умуман, гапингизда жон бор, менда ҳам отамдан озгина ёзиш қобилияти ўтгандай – ҳис-туйғуларимни ёзма шаклда яхшироқ ифодалай оламан. Ишим ҳам ёзиш билан боғлиқ. Аммо мен буни ёзувчи таланти деб атай олмайман – қобилият тўлиқ ривожланса, шундагина талантга айланади. Лекин ижодий тарзда фикрлаш – отамдан ўтгани аниқ. Бирор бир нарсани деталларгача тасвирлаб бериш ҳам. Адабиёт ҳақида кўп нарсани отамдан билдим ва ҳозир ҳам ўрганяпман.
Албатта, отамдан ҳаётда кўп нарса ўргандим. Масалан, муаммоларга енгил юмор билан қараш, аҳмоқлик устидан кулиш, ҳамма нарсага бироз скепсис ва реализм билан қараш, сиёсий ва ижтимоий жараёнларни жазавага берилмасдан холисона кузатиш ва одатий ҳаётдаги комедия ва драмани теран сезиб туриш. Мен ҳам гапнинг тўғрисини айтавераман. Айтмасам ҳақим кетадигандай. Маддоҳликни, маҳмадоналикни ёқтирмайман. Одамлар баъзан менга «ёмон прямойсан» деб айтади. Буни ҳам отамдан ўтган десак бўлади, лекин бу «қусур» онамда ҳам бор.
Мустақил фикрлаш қобилиятини ҳам ўргандим. Баъзан фикрларим ҳеч кимникига ўхшамаслиги, отамникидан ҳам фарқ қилиши мумкин. Отамнинг юмори, адабиёт, кино, мусиқа ва жамият ҳақидаги фикрлари, албатта, менга таъсир қилган. Лекин отамга, масалан, айрим ашулачи ёқмаслиги, менга эса у ёқиши мумкин. Хуллас, биз шахс ривожида нафақат генлар аҳамиятини, балки инсоннинг ўз феъл-атвори, билими ва дидини ҳам эътиборга олмасак бўлмайди.
– Қизлар учун хорижда таҳсил олиш «плюс-минус»лари?
– Умуман олганда, хорижда таҳсил олиш одамларнинг дунёқарашини кенгайтиради, ҳаётда янги тажрибага эга бўлиш, шахсий ўсиш имкониятини беради.
Айрим йўналишлар бўйича таълим хорижда яхшироқ берилади. Европа, AҚШ ёки Шарқий Осиёдаги таълим муассасаларининг ресурслари анча яхши. Қаерда университетларнинг методологияси, назарияси ва амалиёти мукаммал, охирги тадқиқотларга асосланадиган бўлса, улар юқори марраларни кўзлаётган ёшлар учун жуда муҳим жозиба касб этади.
Ҳар бир инсон хорижга ўқишга ёки ишлашга кетганида мусофир ҳолатига тушади. Бу жараённи бошдан кечирар экан, қандайдир ижобий ва салбий нарсаларга дуч келиши муқаррар. Аммо, биласиз, янги шароитга кўникиш – жуда индивидуал бир нарса. Шунинг учун ҳам мен ҳамма қизлар номидан гапиролмайман.
Хорижда таҳсил олишни ёмон нарса деб ўйламайман. Aммо айрим одамлар учун «минус» – қизларнинг сал кечикиброқ турмушга чиқишлари. Бировлар борки, умуман ўқимишли келинларга, жумладан, хорижда ўқиб келган қизларга шубҳа билан қарайди. Албатта, бу каби муносабат одамларнинг дунёқарашига боғлиқ: биров кенгроқ фикрлайди, бировнинг фикри эса ғорда яшаган аждодларимиз даражасида қолиб кетган. Фикри соғ одам ҳеч қачон ёшларнинг хорижда таҳсил олишини ёмон нарса деб ҳисобламайди. Аслида, таълим олиш (бу икки-уч ойлик курс бўлсин ёки бакалавр ёхуд 1-2 йиллик магистратура бўлсин), бу катта плюс, лекин стереотиплар ва фобиялар ушбу плюсни айрим инсонлардан беркитиб қўяди.
Дунёда имкониятлар кўп, биз ҳам – ўша дунёнинг бир қисми, ҳозирги кунда темир парданинг орқасида беркитилиб яшамаяпмиз ахир. Шунинг учун ҳеч бир инсоннинг хоҳлаган университетида, айниқса танлов натижасида қабул қилинган бир таълим муассасасида таҳсил олишига ғов бўлмаслик керак деб ўйлайман.
Сиз қизларнинг ташқарида ўқиши ҳақида сўраяпсиз, лекин ўзимизнинг университетларда ҳам қизларнинг сони анча кам. Шунинг ўзи жуда долзарб муаммо ва бу ҳол жамиятимизнинг ривожланиш даражаси билан чамбарчас боғлиқ.

– Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари, тарихдан нималар маълум, интервью ва мақолаларингиздан чиқарган хулосаларингиз?
– Аёллар муаммолари ҳақида гапирсак, билсангиз керак, ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун ҳаракатлар бугун бошланмаган ва бу ишларни фақатгина шўролар бошламаган. Эдвард Оллворт деган америкалик олим ўзбеклар ҳақида ёзган китобида ҳамда Марианна Кемп ва бошқа олимлар бу жадидлар пайтида бошланган бир ҳаракат бўлганини аниқ кўрсатадилар.
UzAnalytics ва CAA-Network учун айнан шу мавзуга оид ёзган мақолаларимдан чиқарган хулосаларим шуки, аёллар ҳуқуқлари ва уларга нисбатан адолат тушунчалари (ва улар қаторида гендер тенглиги тушунчасини ҳам тилга олсак бўлади) бизга фақат ташқаридан, хориждан, келган бир нарса деб айтиш нотўғри. Жадидлар қолоқликка барҳам беришга даъват қилганларида, аёлларга қарши зўравонликка, кўпхотинликка қарши чиққанлари тасодиф эмас. Абдулла Қодирий бу гапни «Ўткан кунлар» романи орқали айтган. Абдулла Бадрийнинг «Жувонмарг» драмасида ёвуз эрнинг хотини ва кичик қизини шафқатсизларча қийнаб, йўқ қилишидай аянчли тақдири драматик тарзда тасвирлаб берилган. Абдурауф Фитратнинг «Ҳинд сайёҳи баёноти»да оиладаги зўравонлик ва шариатни суиистеъмол қилиш муаммолари ҳақида фикр юритилади. Жадидларнинг даврий нашрларида ҳам аёлларнинг тенгсиз аҳволи қораланган эди.
Марианна Кемп шўролар ҳокимиятининг дастлабки йилларида Ўзбекистонда жорий этилмиш «аёлларни озод қилиш» ғоясига жадидларнинг концепцияси асос бўлиб хизмат қилганини айтади. Олима коммунистик партия тенгҳуқуқлик ғояларини тарғиб қилган бўлса-да, «аёлларнинг ролини ўзгартириш ҳақида ҳам эркак, ҳам аёл ўзбек фаолларига қаттиқ таъсир этган ғоялар болшевикларнинг режасидан кўра жадидлар таълимотига ворисликни кўпроқ ифода қилар эди», деб ёзган. Демакки, аёллар ҳуқуқлари бу – модернизмнинг бир шакли ва бу каби жараёнлар ҳамма жойда томир отиб улгурган, бизда ҳам жадидлар томонидан бошлаб қўйилган эди, аммо тараққиёт секинлашиши билан, Сталин қатағонлари туфайли бу ғоялар ривожланмай қолди.
Қисқаси, ўзбек аёллари дунёдаги ҳамма аёллар каби ҳуқуқларга ва катта салоҳиятга эга. Мустақил Ўзбекистонда аёллар учун давлат томонидан, жамият томонидан йўл очилиши, имконият берилиши керак. Қобилиятли қизлар бор, агар қизлар ўқимоқчи, ишламоқчи бўлса, уларни қўллаб-қувватлаш керак – ўқимишли ва ишли аёллардан оилага ҳам, жамиятга ҳам фақат фойда тегади. «Cен қиз боласан, ўқишинг шарт эмас» деган гаплар, яъни жинс бўйича камситиш нафақат қонунчилигимизга қарши бир иш, бу каби ҳолатлар умуман тараққиёт учун зарарли. Шунинг учун бугун гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқлари деганда давлат томонидан айнан мана шу камситишни йўқ қилиш мақсади кўзланади. Буни мен қўллаб-қувватлайман.
– Ўзбекистондаги журналистика ва сўз эркинлигини қандай баҳолайсиз?
– Сўз эркинлиги борасида мендан алоҳида бир экспертиза керак эмас. Халқаро рейтингимиз энг яқин пайтда янгиланди («Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти рейтинги). Ўша ўрнимизга қараб вазиятга ҳаммамиз баҳо бера оламиз. Қисқаси, рейтингнинг тепасига чиқиш учун ҳали анча ҳаракат қилиш керак. «Ура-ура» қилиб, 2005 ёки 2015 йилга нисбатан анча эркинмиз деб, иш ва ҳаракатни унутмаслик керак.
Журналистика ҳақида гапирсак, яхши материаллар ҳам, ёмон материаллар ҳам бор. Мустақил ва объектив мақолалар, кўрсатув ва видеолавҳалар ҳар доимгидай керак. Уларни қандай кўпайтириш – муҳим вазифа. Матбуот ривожида турли муаммолар ва тўсиқлар бор. Эркин матбуотсиз эркин жамият қуриш мумкин эмас.
– Ўзбекистондаги ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, таълим жараёнларини кузатиб турасизми?
– Албатта. Ўзбекистон ҳақида ва минтaқа ҳақидаги янгиликларни тез-тез ўқиб тураман. Ижтимоий тармоқлардаги баҳсларни ҳам кузатиб бораман.
Cўнгги пайтларда Ўзбекистондаги оилавий зўравонлик мавзуси тез-тез кўзга ташланмоқда. Кўп ҳолларда қурбонлар ўзларининг оила аъзолари қўлидан ҳалок бўлган жуда ёш аёллар бўлгани айтилмоқда. Айни замонда оммага ошкор қилинган ҳолатлар денгизда сузган муз тоғининг тепада кўринган кичкина қисми экани, деган фикрлар ҳам ўртага чиқмоқда.
Бу аянчли ҳолатга ёндашувда ҳам зиддиятлар бор. Бир томондан қарасак, муаммолар ечимини излаяпмиз. Айни замонда, аёлларнинг «ахлоқи» ва «маънавияти» каби мавзуларда жазавага берилиб кетиб, оилавий зўравонлик каби оғир муаммони маиший баҳслар даражасига тушириб қўйишга уринишлар ҳам бор.
Аёллар ва болаларга қарши оилавий зўравонлик бўйича миллий статистика йўқ. Лекин аёл зотини кунлик турмушда овсар ёки рўй-рост нодон қилиб кўрсатадиган стереотип реклама ва бемаъни фильмлар тиқилиб ётибди. Аёллар ҳуқуқларини ва гендер тенглигини қўллаб-қувватлайдиган одамлар эса бу тахлит ўта юзаки ва буткул нотўғри талқинга тушунолмай гаранг. Ахир, гендер тенглиги – одамларга нисбатан унинг жинсига қарамасдан адолатли муносабатда бўлиш дегани эмасми?
Таълим, тил соҳаларида ислоҳотлар ҳалигача якунига етмаган. Одамлар китоб ўқимайди. Кўпчилик ўқишга қизиқмайди ҳам, улар учун энг муҳим нарса – пул ва мулк йиғиш, моддий бойликни бошқаларга ўзининг фазилати сифатида кўз-кўз қилиш. Кафанда чўнтак бўлмаслиги кўпчиликнинг эсидан чиққани ёмон. Афсуски, кўп соҳаларда коррупция ҳалигача бор ва унга тизимли равишда кураш чоралари йўқ. Ташланган тўрга илинган беш-ўнта чавоқ балиқни катта ов сифатида намойиш қиламиз, наҳанглар эса бемалол ва бехавотир сузиб юрибди…
– Қишлоқ инглизлари ҳаёти билан танишганмисиз? Ўзбек қишлоқларидан қанчалик фарқли?
– Нью-Форест («Янги ўрмон») деган жойда бўлдим. У ерда сигирларни кўрдик. Бизларникидан анча фарқ қилар экан. Уларнинг кўриниши сал каттароқ. Инглиз қўйлари ҳам бизникидан фарқ қилади, лекин барибир, қўй бўлгандан кейин ҳаммаси бир хил маърайди. Гўнг ҳиди худди ўзимизнинг қишлоқдагидай. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ранги ва таъми билан бизникидан фарқли. Лекин дунёдаги ҳамма қишлоқларда айрим умумий ўхшашликлар бор ва менга шу нарса жуда ёқади.
Лондон атрофларида ҳар хил фермалар бор. Ўша фермаларга ҳайвонларни кузатиш учун ёки қулупнай териб олиш учун оилавий боришингиз мумкин. Қишлоқларда тинчлик-хотиржамлик мўлроқ, шаҳарларнинг шовқинидан қочган одам ўша жойдан паноҳ топиши осон.
Одамларида ҳам ўхшашлик бор. Менимча, энг содда, очиқкўнгил одамлар қишлоқларда яшайди. Лондонда ҳамма стрессда, пандемиядан олдин тонгги метро вагонида баъзан кимдир хўмрайиб қараб қўйиши ҳам мумкин эди (аммо бу камдан кам учрайди). Қишлоқларда ёки Лондондан узоқроқ кичик шаҳарларда бўлсангиз, одамларнинг юзларида нуқул табассум кўрасиз. Улар меҳрибон ва ўта танти. Шу билан бирга, кўплаб инглизлар сизга гапирса, гапини «love» деб тугатиб қўяди. Буни «севги» ёки «севгилим» деб эмас, «жон» деб таржима қилишимиз мумкин.
Ўзбек қишлоғини эса жуда яхши эслайман. Отам бизни ёшлигимизда тез-тез Жом қишлоғига олиб борардилар. Шу туфайли Тошкентда яшасак ҳам, қишлоқ ҳаётини озгина бўлса-да ўргандик. Қишлоқдаги еган-ичган нон-сут, қурт ва парварда таъми, болаларнинг кулишлари ва қир бағирларида шодон қийқириб югуришлари ҳалигача эсимда.
Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
00:11 / 13.05.2025
Лондонда Россия жосуслик тармоғи раҳбари 10 йилга қамалди
10:17 / 10.05.2025
Лондон ва Скандинавия Украинада ўт очишни тўхтатишга чақирди
10:43 / 09.05.2025
Медиа соҳасини тартибга солувчи янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди
20:05 / 04.05.2025