«Пахта ёғи нархи арзонлаши кутилмоқда» — Аксилмонополия қўмитаси вакили
Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Улуғбек Давлатов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархининг жаҳон бозорига нисбатан юқори ўсганлиги сабаблари, пахта ёғи ва чигит нархи шаклланиши устидан ўрнатилган назорат ва нархларда кутилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
— 2021 йил бошидан бери жаҳон бозорида ўсимлик ёғи нархлари 21 фоизга ошди. Ўзбекистонда эса 30 фоиз ошгани кузатилмоқда. Бу қадар юқори тафовутнинг сабаблари нимада?
— Тўғри, жаҳон миқёсини оладиган бўлсак, нархлар 21 фоизга ошди. Биз кунгабоқар ёғи импорт қиладиган асосий давлат Россияда нархлар 30 фоиздан зиёд даражада юқорилади. Шу сабабли бизда ҳам нархлар 30 фоизгача ошиши кузатилди.
Бундан ташқари, Россияда нарх ошиши билан бирга, биздаги логистика хизматлари ҳам бор. Нархларнинг ошиш суръатлари логистика жиҳатдан ҳам фарқ қилади.
Тайёр маҳсулотни олиб келиш учун логистика харажатлари бўлади. Пандемия сабабли логистика хизматлари нархларида ўсиш кузатилди.
Шунинг учун жаҳон бозори ёки Россиянинг ички бозоридаги кунгабоқар ёғи нархининг ўсиши билан бизнинг ички бозордаги кунгабоқар ёғи нархи ўсиш тенденцияси фарқ қилади. Асосий сабаб шунда.
Ўтган йили 258 минг тонна ўсимлик ёғи импорт қилганмиз. Шундан 68 фоизи Россиядан, қолган қисми Қозоғистон ва Украинадан олиб келинган.
— Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан пахта ёғи ва чигити нархи шаклланиши устидан назорат кучайтирилгани хабар қилинди. Бу нархларга қандай таъсир қилади?
— Қўмитанинг тегишли буйруғига асосан, комплекс ўрганиш ташкил этилди. Назорат кучайтирилди.
Биз бу ишни икки йўналишда амалга оширамиз. Биринчиси, нарх бўйича, яъни нархларга таъсир этувчи омилларни, уларнинг шаклланиши, нималар нархлар ошишига таъсир қилгани юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
Иккинчи йўналишда ёғ-мой корхоналарини ёки уларга чигит етказиб берувчи кластер корхоналарининг ўзаро муносабатини ўрганамиз. Бунда ҳар қандай тил бириктириш ҳолатлари, бозордаги улуши 35 фоиздан юқори хўжалик субъектларининг нархларни сунъий ушлаб туриши бор-йўқлиги, маҳсулот танқислигини келтириб чиқариш мақсадида бир-бири билан келишиб олинганлик ҳаракати текширилади.
Нарх масаласига келсак, республикамизда бугунги кунда 80 дан ортиқ ёғ-мой ишлаб чиқарувчи корхоналар бор. Шундан 23 таси – «Ўзёғмойсаноат» уюшмасига аъзо корхоналар. Булар монополист сифатида давлат реестрига киритилган. Яъни биз уларнинг нархлари шаклланиши юзасидан ўрганишлар ўтказишимиз мумкин.
Нархларни асоссиз ошириш ҳолатлари бўлса, тегишли тартибда чоралар кўриш ваколатига эгамиз.
Қолган 50 дан зиёд корхона тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади ва ҳеч қанақа устун мавқега эга эмас. Шу сабабдан улар ўзларининг маҳсулот нархларини бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб белгилайди.
Лекин бунда ҳам ўзаро тил бириктириш ҳолатлари бўлган тақдирда қўмита томонидан тегишли чоралар кўрилади.
— Ўзбекистон ёғ маҳсулотлари импорт қилувчи давлатлардан бири. 2021 йил охиригача дунёда ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш камайиши маълум қилинмоқда. Бу жараёнда республикамизда нархлар яна неча фоизгача кўтарилиш эҳтимоли бор?
— Бу ҳақда прогноз қиладиган бўлсак, асосий импортимиз Россияга боғлиқ бўлган кунгабоқар ёғидир (68 фоиз).
1 июндан бошлаб уларда кунгабоқар тайёр маҳсулотига 30 фоиз экспорт божи қўлланила бошланади. Маҳсулот уруғига эса 70 фоиз.
Экспорт божларини ҳисоблаш тартиблари бор. Ўшанга қараб ўртача олиб кириладиган нархлар 30-40 фоизгача ошиш эҳтимоли мавжуд.
Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан кўрилаётган чоралар натижасида, хусусан, импорт учун қўшилган қиймат солиғини олиб ташлаш, бошқа давлатлардан кунгабоқар ёғини олиб кириш режалаштирилаётгани инобатга олинса, нархлар юқори даражада ошиб кетиши эҳтимоли йўқ.
Айниқса, пахта ёғи нархи тушиши кутилмоқда. Масалан, ўртача 12-13 минг сўм атрофида, максимум 15 минг сўм бўлиши мумкин.
Пахта ёғи фақат ўзимизда ишлаб чиқарилади. Катта бўлмаган ҳажмда экспорт ҳам қилинади. Бизда асосан, кунгабоқар ва соя ёғлари импорт қилинади.
— Пахта ёғи ўзимизда етарли ишлаб чиқарилса-да, нархи ошиб бормоқда. Бунинг асосий сабаблари нимада?
— Республикамизда аҳоли истеъмоли учун йилига камида 310 минг тонна ўсимлик ёғи талаб этилади. Ўтган йили 450 минг тонна ёғ маҳсулотлари ички бозорга реализация қилинган. Шундан 250 минг тоннаси импорт қилинган.
Бу аҳолини ўсимлик ёғи билан тўлиқ таъминлаш қувватига эга эмасмиз, дегани. Импортдан кўп ҳажм келаётгани ҳисобига нархларимиз ҳам, талабимиз ҳам унга боғлиқ бўлиб қолган.
Исломбек Умаралиев суҳбатлашди.
Тасвирчи – Дониёр Якубов
Монтаж устаси – Азимжон Воҳидов
Мавзуга оид
15:24 / 14.09.2021
Биржада пахта ёғи, цемент ва суюлтирилган газ нархи пасайди
19:25 / 10.08.2021
Биржа савдоларида пахта ёғи ва цемент нархи арзонлашди
20:02 / 02.06.2021
Пахта ва кунгабоқар ёғи давлат харидларида тақиқланган хорижда ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан чиқарилди
12:32 / 25.05.2021