Пахта ва кунгабоқар ёғи давлат харидларида тақиқланган хорижда ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан чиқарилди
Ҳукумат қарори билан «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга ўзгартириш киритилди.
Унга кўра, давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган хорижда ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) рўйхатидан қуйидагилар чиқариб ташланди:
- Соя, арахис, зайтун ёғи (ТИФ ТН кодлари: 1507101000, 1507901000, 1508101000, 1509101000, 1509900000);
- Кунгабоқар ёғи (ТИФ ТН кодлари: 1512111000, 1512191000, 1512199002);
- Пахта ёғи (ТИФ ТН кодлари: 1512211000, 1512291000).
Аввалроқ, Солиқ кодексига қўшимчалар киритилганди. Унга кўра, 2021 йил майдан 31 декабргача қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди:
- Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш;
- ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма.
Бунга йилнинг 1-чорагида кунгабоқар ёғи, апрел ойида эса пахта ёғининг нархи кескин ошиб кетганини асос сифатида кўрсатиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ҳукумат қарори билан хорижда ишлаб чиқарилган 529 хил маҳсулотнинг давлат харидларидаги иштироки тақиқланганди. Адлия вазирлиги бунга изоҳ тариқасида пандемия даврида фаолиятида узилишлар бўлган тадбиркорлар фаолиятини яхшилаш учун давлат органлари ва ташкилотлари эҳтиёжлари учун маҳаллий тадбиркорлар маҳсулотларидан фойдаланилишини билдирган.
Мавзуга оид
07:51 / 29.02.2024
1 млрд сўмдан ортиқ бўлган учта давлат харидида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди
23:13 / 30.01.2024
Давлат харидларида сунъий интеллектдан фойдаланилиши мумкин
07:40 / 16.01.2024
Хорижий товарларнинг давлат харидларидаги иштирокига чеклов кучайтирилиши мумкин
21:26 / 28.11.2023