Жаҳон | 16:32 / 03.05.2021
14782
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон бош прокуратураси Қирғизистон ҳарбий хизматчиларига қарши жиноий иш очди

Тожикистон Бош прокуратураси мамлакат Жиноят кодексининг 395 ва 104 моддалари бўйича Қирғизистон ҳарбий хизматчилар ва маҳаллий аҳолисига нисбатан жиноий иш очди.

Фото: Asia-Plus

Жорий йил 29 апрел куни Исфара шаҳрининг Чоркуҳ жамоатига бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва Қирғизистон маҳаллий аҳолиси томонидан содир этилган қуролли ҳужум бўйича Тожикистон Бош прокуратураси жиноят иши очди.

«29 апрел куни соат 11:00 атрофида Исфара шаҳрининг Чоркуҳ жамоатига 200 га яқин кишидан иборат бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва маҳаллий аҳоли томонидан содир этилган қуролли ҳужум бўйича Тожикистон Бош прокуратураси мамлакат Жиноят кодексининг 395 (тажовузкор уруш) ва 104 (қотиллик) моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди», – дея хабар бермоқда мамлакат прокуратураси матбуот хизмати.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, провокациянинг қўзғатувчиси Қирғизистон чегара қўшинларининг ҳарбий хизматчилари бўлган.

«Қуролли ҳужум натижасида, Исфара шаҳар ҳокими Баҳоваддин Баҳодурзода жароҳат олди ва бир қанча фуқаролар ҳалок бўлди», – дейилади Бош прокуратура хабарида.

Тожикистон прокуратураси Қирғизистон томонининг ҳаракатларини мамлакат ҳудудий яхлитлигига таҳдид сифатида баҳолаб, БМТ Низомини бузганликда даъво қилмоқда.

Аввалроқ, Қирғизистон Бош прокуратураси 29 апрел куни Боткен вилоятидаги тўқнашувлар бўйича жиноий иш қўзғаганини маълум қилганди. Қирғизистон томони Тожикистонни 2004 йил 26 майда Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида имзоланган яхши қўшничилик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартномани бузганликда айблаган.

Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Эркебек Аширхўжаевнинг маълум қилишича, чегарадаги воқеалар бўйича 11та жиноий иш қўзғатилган.

Мавзуга оид