Ўзбекистон | 17:09 / 04.05.2021
17048
4 дақиқада ўқилади

Динозавр суяклари ва олтин таркибли тошлар. 1926 йилда очилган Геология музейига фотосаёҳат

 Давлат геология музейи республиканинг ноёб геологик мероси экспозициялари жамланган муассасалардан бири ҳисобланади. Кўргазмалар залларида намойиш этиладиган тарихий, археологик ва геологик экспонатлар дунё аҳамиятига эга.

Фото: Kun.uz

Музей 1926 йилда ташкил топган бўлиб, бугунги кунда 12та кўргазма залларига эга. Бу ерда Ернинг геологик тараққиёт босқичлари, даврлар изини қолдирган ўзгаришлар, қадимги тоғ-кон саноат қазилмалари, қадимги жонзотлар, динозаврлар қолдиқлари, уларнинг тош қотган қадам излари, тошларда абадийликка муҳрланиб қолган бошқа жонзотлар ва асосийси, Ўзбекистоннинг геологик бойлиги ва турфа хиллигига гувоҳ бўлиш мумкин.

Давлат геология музейи

Таъкидлаш жоизки, табиий ахборот ташувчилар ҳисобланган музей экспонатлари геологик жисмларнинг тузилиши ва таркиби тўғрисидаги энг асосий ва ягона маълумот бўлиб хизмат қилади.

Залларидаги экспонатлар ва бошқа кўргазмалар тўғрисидаги маълумотлар экскурсоводлар томонидан 3 тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Ҳар бир ташриф буюрувчи музейдаги тарихий топилмалар ҳамда табиий бойликларнинг ноёб турларини кўриши мумкин.

Дастлабки геологияга кириш залида О.Ю.Шмидт гипотезасига кўра, Ернинг пайдо бўлиши тасвирланган. Умуман, ушбу биринчи залда вулқон тузилмаси, портлаш турлари магматизм жараёнлари, ер пўстининг схемаси, метаморфизм ҳақида тушунчалар, дарёлар ва водийларнинг шаклланиши, селларнинг, жарликнинг дастлабки ривожланиш босқичлари, Ернинг ички тузилиши макети кўрсатилган.

Шунингдек, зал марказида “геология” сўзи атрофида геология тармоқлари кўрсатилган диаграмма ҳам жойлаштирилган.

Музейнинг қадимги тоғ-кон саноат қазилмалар залида қадимги одамларнинг меҳнат қуроллари, ҳунармандчилик ва уй-рўзғор буюмлари, тангалар тақдим қилинган.

Умуртқалилар залида ҳар хил ҳайвонлар умуртқа қолдиқлари, балиқ, тошбақа, тимсоҳ, динозавр ва хартумлилар, зал марказида динозавр скелети қўйилган. Динозавр суякларини 1961 йилда Тошкентдан 45 км узоқликда Келесда топишган. Ўрдак бурунли ўтхўр Прохенеозавр турига мансуб.

Бу залда, шунингдек, умуртқалиларнинг қовурғалари, қўл ва тирноқ бўғимлари, тошбақаларнинг тош қотган коса парчалари, динозаврларнинг тош қотган қадам излари ва бошқа кўплаб ноёб тарихий экспонатларни томоша қилиш мумкин.

Залнинг асосий экспонатларидан бири Архидискадон қолдиқлари ҳисобланади. У 2013 йилда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудидан топилган. Архидискадон хартумлилар оиласига мансуб бўлиб, у мамонтлар авлодига киради. 2-2,5 млн йил аввал яшаган.

Музейнинг энг асосий кўргазма зали – бу шубҳасиз, мамлакатнинг геологик хилма-хиллигидан сўзловчи экспонатлар зали ҳисобланади. Унда 2000дан ортиқ ҳайратланарли, чиройли ва қимматбаҳо намуналар сақланади.

Бу ердаги минераллар коллекцияси қазилма ишлари натижасида йиғилган, бу минералларда деярли Менделеев жадвалининг ҳамма элементлари мавжуд. Минераллар ҳалқ саноати ишлаб чиқарилишининг турли хил йўналишлари бўйича йўлга қўйилган. Булардан металлургия, кимёвий саноат, керамика, медицина, оптика, заргарлик ишлари ва яна бир неча йўналишларда ишлатилади.

Бу залдаги ажойиб минералларни ва тоғ жинсларини нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда бутун дунё конлари бўйлаб учратишингиз мумкин. Музей коллекциясидаги тоғ жинслари нафақат фаолиятини тўхтатган конлар, балки ҳозирги кунда фаол ишлаётган конлардан келтирилган.

Бу сиз ўйлагандек қорасақич эмас. Ушбу ноёб тошнинг номи обсидиан деб аталади

Кўмирдан ишланган арслон

Геология музейи нафақат фаннинг далили сифатида ўрни юқори, балки у фундаментал аҳамиятга ҳам эга ҳисобланади. Шунингдек, бу ерда республиканинг барча геологик билим юртлари учун минералогия, петрография, палеонтология ва бошқа геологик йўналишларда лекциялар ўтказилади.

Бундан ташқари, мамлакат геология тармоғининг ютуқларини ва геологияга доир билимларни аҳоли орасида оммалаштиришда фаол иштирок этади.

Йигитали Маҳмудов, Kun.uz мухбири,
Суратлар муаллифи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид