Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарё ва Андижонда тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мансабдорлар жазоланди
Қашқадарё ва Андижон вилоятларида тиббиёт ходимлари ҳамда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2021 йил 17 апрель куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани тиббиёт бирлашмасида ходимлар бинонинг атрофида тозалик ва ободонлаштириш ишларига жалб этилган. Шунингдек, 2021 йил 26–27 апрель кунлари Андижон вилояти Избоскан туманидаги 19-мактаб ўқитувчилари ҳамда техник ходимлари мактабнинг капитал таъмирлашга тушган қисмида ишлашга мажбурланган.
Юқоридаги иккита ҳолат бўйича ижтимоий тармоқларда хабар тарқатилгандан сўнг ҳудудий Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Унда ҳар икки ҳолатда ҳам ходимлар мажбуран ишлатилгани исботланиб, мажбурий меҳнатга йўл қўйган тегишли мансабдор шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдори 50 баробари миқдорида жаримага тортилган.
Айнан Яккабоғ туман тиббиёт бирлашмасида ҳамширалар мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақидаги хабарлар тарқалгач, Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳолатни рад этиб чиққан эди. Бошқарма ахборот хизматининг 26 апрель куни билдирган муносабатига кўра, Яккабоғдаги ҳамшираларни ҳеч ким мажбурий меҳнатга жалб қилмаган. Улар тиббиёт бирлашмаси ҳовлисидаги гуллар қуриб қолмасин деб, ўз ихтиёрлари билан ишлашган.
Шунингдек, 2021 йил 16 апрель куни Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғуруқхона бўлими кичик тиббий ходимлари бўлим атрофида тозалаш ва ободонлаштириш ишларига жалб қилинган. 19 апрель куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бу иш юзасидан ҳам ўз муносабатини билдирган. Унга кўра, Чироқчи туман тиббиёт бирлашмасида ходимлар ўз вазифаларини бажаришган.
Туман тиббиёт бирлашмаси ва касаба уюшмаси томонидан тегишли тартибда тасдиқланган лавозим йўриқномаси ҳамда жамоа шартномасига кўра, бўлим атрофидаги ҳудудни тоза сақлаш кичик тиббиёт ходимларининг вазифасига киради. Меҳнат вазирлиги билдирган муносабатда негадир Чироқчи туман тиббиёт бирлашмасидаги ҳолат бўйича ҳеч нарса дейилмаган.
«Агарда мажбурий меҳнат ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, 71-200-06-00 ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилишингизни сўраймиз», дейилади Меҳнат вазирлиги томонидан билдирилган муносабатда.
Мавзуга оид
15:28 / 19.05.2025
Сурхондарёда 11 нафар ўқитувчи 2 минг доллардан кўп маош олаётгани айтилди. Президент буни Британия билан таққослади
12:17 / 07.05.2025
Тошкентда 61 ёшли ўқитувчи ўқувчига шилқимлик қилди
13:29 / 05.05.2025
Айрим ўқитувчилар учун мақсадли магистратура жорий этилади
20:07 / 18.03.2025